Халқаро космик станция тарихидаги энг узоқ ва эҳтимол, энг ўткир ўсимлик тажрибаси, «Ўсимлик яшаш муҳити – 04» (РН-04) яқинда якунланди. Тажриба бошлангач, орадан 137 кун ўтиб, 26 ноябрь куни борт муҳандиси Марк Ванде Хай бошқа экипаж аъзолари билан биргаликда орбитал лаборатория (АPH)нинг такомиллаштирилган ўсимлик яшаш муҳитида етиштирилган 26 та чили қалампирининг баъзиларини татиб кўрди. PH-04, шунингдек, космосда етиштирилган экин билан космонавтларни озиқлантириш рекордини янгилади.
«PH-04 бугунги космик экинларнинг имкониятларини кескин кенгайтирди», дейди NASAнинг Флоридадаги Кеннеди космик маркази PH-04 бўйича бош тадқиқотчиси Мэтт Ромейн. «Ушбу тажрибада биз Нью-Мексикодан «Хэтч» чили қалампирининг дала навини олдик, уни ўсимлик етиштириладиган жойга мослаш учун кичрайтирдик ва космосда биринчи бўлиб тан олинган экинни қай тарзда серҳосил қилиб етиштиришни билиб олдик – буларнинг бари бир неча йил ичида уддаланди» дея фикрини давом эттиради Мэтт.
Июнь ойида дезинфекцияланган 48 дона қалампир уруғи жойланган илмий ташувчи қурилма космик станцияга учирилди. NASA астронавти Шейн Кимбро PH-04 тажрибасини бошлаб, қурилмага ташувчилар ўрнатди ва 12 июль куни сув қўшди. «Агробизнес» маълумотларига кўра, тажриба давомида астронавтлар амалий ишларни бажаришди, жумладан, униб чиққан ўсимликларнинг тўрттасидан ташқари ҳаммасини олиб ташлашди, ҳар бир ўсимликка умумий майдони катта микротўлқинли печдек келадиган жойда ўсиши учун етарли жой ажратишди.
Кеннеди маркази жамоаси Ердан туриб ўсимликлар етиштирилаётган жой (АPH) шароитларини кузатди. Бир неча ҳафта ўтгач, ўсимликлар гуллай бошлади. Жамоа гулчангларни тарқатиш учун бу жойга турли тезликдаги шамоллатгичларни ўрнатди, астронавтлар эса чанглатишни қўлда бажаришди. Тез орада бу ҳаракатлар самара берди. Ванде Хай 29 октябрь куни еттита қалампирнинг биринчи ҳосилини йиғиб олди. Экипаж биринчи ҳосилни татиб кўрди, астронавт Меган МакАртур мол гўштидан тайёрланган фахита, регидратланган помидор ва артишок билан тайёрланган такога уни қўшиб истеъмол қилди. Иккинчи йиғим-терим пайтида Ванде Хай Ерга қайтиш учун 12 та қалампир тайёрлади ва экипажнинг қолган аъзолари уни таконинг бир қисми сифатида истеъмол қилишди. Бир нечта экипаж аъзолари тўпланган маълумотларнинг бир қисми сифатида сўровномалар тўлдириб, қалампир ҳақидаги фикрларини билдиришди.
«Биринчи ҳосил ва космик тако борасидаги ажиотаж биз учун мисли кўрилмаган даражада бўлди. Барча кўрсаткичлар меваларнинг баъзилари аччиқроқ эканлигидан далолат берди. Микрогравитациянинг қалампирдаги капсаицин даражасига номаълум таъсирини ҳисобга олсак, бу ажабланарли эмас», дейди Ромейн.
2018 йилда космик станцияга ўрнатилган APH Кеннеди марказидаги жамоа билан доимий интерактив алоқада бўлган камералар ва 180 дан ортиқ датчикларга эга ёпиқ ўсиш камерасини намоён этди. У NASAнинг бошқа орбитал ўсиш камерасига уланди, бу камера Veggie деб номланган Сабзавот етиштириш тизими бўлиб, қўл жомадони ўлчамидадир.
Veggie 2014 йилдан эътиборан, Ромэн салатидан бошлаб, турли ўсимликлар ҳосилини, жумладан, салатнинг турли навлари, хитой карами, мизуна хантали, қизил карам ва цинния гулларини етиштирди. Шунингдек, пахта, денгиз ўтлари ва бошқа қатор тажрибалар бўйича илмий тадқиқотлар олиб борди. 2015 йилдан буён астронавтлар Veggieда етиштирилган тўққиз турдаги баргли кўкатларни, шунингдек, АPHда етиштирилган иккита экин – турп ва қалампирни истеъмол қилишди.
Veggeiдан фарқли ўлароқ, АPH автоматлаштирилган. АPH автоматизацияси камроқ қўл меҳнатини талаб қилса-да, қалампир парвариши космосда ўсимликлар етиштиришда астронавтларнинг хатти-ҳаракатлари яхшиланганини кўрсатди.
Жамоа ўсимликларнинг ўсиши бўйича бир нечта кузатувлар ўтказди, бу эса келажакда микрогравитациявий экинларни етиштириш учун қимматли маълумотларни беради.
«Ўсимликларнинг аксарияти космик станцияда ва ерда бир хил ўсган, аммо бир нечта фарқлар мавжуд. Биринчидан, космик станцияда қалампир тахминан икки ҳафта кечроқ пишади. Бизнингча, бу униб чиқишнинг кечикиши туфайли бўлиб, эҳтимол, микрогравитациядаги суюқлик муаммолари билан боғлиқ», дейди Ромейн.
Қизиқарли кузатув шундай бўлдики, гул пояси ердан кўриниб турганидек, умуман, эгри эмас, аксинча, бутунлай текис ва тўғри ўсган эди, бу, албатта, микрогравитация таъсиридир.
Чили қалампири Ерга қайтганида Кеннедидаги PH-04 жамоаси тўпланган маълумотларни таҳлил қилишга, шунингдек, орбитал станция намуналарини текширишга эътибор қаратади. Натижалар микрогравитациянинг экинларга таъсирини кўрсатишга ёрдам беради.
PH-04 муваффақиятидан сўнг истеъмол қилиш мумкин бўлган экинлар билан кейинги режалаштирилган тажрибалар митти помидор етиштириш ва баргли кўкатларнинг янги турларини синовдан ўтказишни ўз ичига олади. Кеннеди маркази жамоаси яқин келажакда космик станцияда микрокўкатлар, дуккаклилар ва ўтларни етиштириш учун замин яратмоқда. АPH, шунингдек, пахта билан тажриба ўтказишни режалаштиряпти ва астронавтлар истеъмол қилишни режалаштирган маҳсулотни етиштиришдан аввал Veggeiда бошқа ўсимликлар тажрибалари ўтказилади.
«Биз микрогравитацияда қалампир етиштириш осон бўлмаслигини била туриб, айни тажрибани ўтказдик ва у жуда муваффақиятли бўлди. Бу бизнинг космик экинларни етиштириш борасида тўғри йўлни танлаганимизни кўрсатди. Veggie ва APH – иккиси ҳам ажойиб тизим. Биз олинган сабоқларга асосланиб, экипаж рационига киритиш учун кўпроқ турдаги ўсимликларни синовдан ўтказиш ва ривожлантиришни давом эттиришни режалаштирмоқдамиз. Мақсадимиз Ой ва Марсни тадқиқ қилиш бўйича келгуси миссиялар учун ҳаётий ва барқарор ҳосил етиштиришни таъминлашдир”, дейди Ромейн.
«Шахсан мен кўрган энг катта фойда – ўсимлик етиштиришнинг экипажга таъсири», дейди PH-04 лойиҳаси менежери Николь Дюфур. «Улар ўсимликлар билан мулоқот қилишни жуда яхши кўришади, айниқса, қалампир каби маданий ўсимликлар билан».
Фото: NASA
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!