Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларКелажак технологияси: 2D боғдорчиликнинг қандай афзалликлари бор?
ДолзарбМахсусТехнологияларЯнгиликлар

Келажак технологияси: 2D боғдорчиликнинг қандай афзалликлари бор?

Жаҳон боғдорчилигида уч (3D) ўлчамли мева етиштириш ўрнига икки ўлчамли (2D ёки 2Д)га ўтиш  келгусидаги стандартга айланиши мумкин.  Бошқача айтганда, агар ҳозир дарахт ёки буталарнинг ҳажми (ҳатто интенсив боғларда ҳам) баландлиги, эни ва узунлиги бўйича ўлчанса, келажакда фақат эни ва баландликдаги ўлчамли технологиялар афзалроқ бўлади. Бошқача айтганда, кўпчилик ҳозир «мева девори» ёки «fruit wall» деб атайдиган нарса. Бундай боғда қаторлар бутунлай «текис» бўлади. Умуман олганда, шунга ўхшаш тижорат боғлари кўплаб етакчи боғдорчилик мамлакатларида ҳозирданоқ мавжуд.

EastFruit мутахассислари бир неча кун давомида Нидерландиядаги экспериментал замонавий боғларга ташриф буюриб, олимлар ва амалиётчилар билан мулоқот қилишди.  Гарчи, уларнинг кўпчилиги 2D боғдорчилик қачон стандартга айланишини айтиши қийин бўлса-да, бу технология жуда кўп афзалликларга эга эканини яхши билади.

Олма ва бошқа кўплаб меваларнинг жаҳон бозори ҳозир керагидан ортиқ маҳсулот етиштириш инқирозини бошдан кечирмоқда. Мева етиштириш ҳажми кўп ва бу нархларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Аммо, юқори сифатли мева етиштирадиганлар уларни етарлича юқори нархда сотяпти. Яъни, асосий муаммо паст сифатли меваларнинг ортиқчалигидир. 2D технологиялари, одатда, мевалар сифатини сезиларли даражада яхшилаш имконини беради.  Дарахтдаги олманинг  ёруғлик билан етарлича таъминланиши унинг тўлиқ рангга киришида муҳим аҳамиятга эга, бу эса нархга бевосита таъсир кўрсатади. Зараркунандалар ва касалликлардан ҳимояланган мазкур боғдаги пуркагич дарахтга янада самарали ишлов бера олади ва бу сифат пасайишининг олдини олади«, дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Шунинг учун, биринчи рақамли афзаллик — бу меванинг юқори сифатидир.

Бироқ, мевалар сифатини яхшилаш билан бир қаторда, 2D технологиялари ҳозир у қадар муҳим бўлмаган, аммо яқин келажакда ёки ўрта муддатли истиқболда аҳамиятли бўлиши мумкин бўлган яна бир қанча стратегик вазифаларни ҳал этишга ёрдам беради. Гап, биринчи навбатда, дарахтларни робот ёрдамида буташ ва роботлаштирилган йиғим-терим технологиялари ҳақида бормоқда. Агар биз олма йиғувчи роботлар ҳақида кўп эшитган бўлсак ва робот теримчиларнинг прототиплари доимий равишда такомиллаштирилиб, арзонлашиб бораётган бўлса, бутовчи роботлар ҳозирча янгиликдир. Шундай бўлса-да, бундай роботлар бугунги кунда мавжуд ва Нидерландияда фаол равишда синовдан ўтказилмоқда.

Мева териши ёки олма боғини буташи керак бўлган ҳар қандай роботнинг энг заиф нуқтаси нима?  Албатта, оптика! Ҳозирча инсон кўзи боғ роботлари билан жиҳозланган жаҳондаги энг яхши камераларга нисбатан анчайин мукаммал. Шунга кўра, боғни 2D форматда барпо этиш робот оптикаси ишини сезиларли даражада осонлаштиради ва мевалар ҳамда бошқа объектларни аниқлаш тезлигини оширади.

Дарвоқе, ҳатто энг илғор «инсон оптикаси» учун-да, 2D боғи йиғим-теримда ҳам, буташда ҳам афзалликларга эга. Инсон омилининг бу боғда мева йиғиш, шунингдек, буташ тезлиги 3D форматидаги боғдан анча юқори бўлади. Ишчи кучи қиммат бўлган мамлакатларда эса бу боғдорчилик бизнесининг барқарорлиги учун жуда муҳим омилдир. Ишчи кучи арзон мамлакатларда ҳам боғ ҳосили йиғим-теримини тезлаштириш, сақлаш учун меваларни ўз вақтида жойлаш ва мева омборидан чиқаётганда уларнинг яхши сақланган, юқори сифатли бўлишида катта аҳамиятга эга.

Жаҳоннинг исталган мамлакатида боғдорчиликнинг асосий муаммоси — мавсумий ишчиларни йиғим-терим,  шунингдек, бошқа юмушларга кўп ёллаш заруратидир. 2D боғлари келажакда ушбу эҳтиёжга  умуман ҳожат қолдирмайди!

Мавсумий ишчиларни  ёллаш зарурати бўлмаган боғдорчилик қандай афзаллик ва имкониятларни таклиф эта олади? Биринчидан, бу мева нархини пасайтириш имконияти ва одатда, ҳар қандай бизнесдаги барча жараёнларга салбий таъсир кўрсатадиган «инсон омили»нинг йўқлигидир.

2D боғнинг яна бир афзаллиги — турли  муаммоларни аниқлаш учун сенсорлардан фойдаланиш хусусияти: дарахт ўсишининг кечикиши ёки илгарилаб кетиши, барглар рангга кириши жараёнидаги оқсашлар, гуллаш интенсивлигини аниқлаш ва ҳоказо. Шунга ўхшаш визуал таҳлилни инсон ҳам амалга ошириши мумкин, аммо ҳозирги кунда буни қишлоқ хўжалиги дрони ёки сенсорли трактор ёрдамида тезлик билан амалга ошириш имкони бор. Албатта, ҳар бир дарахтнинг ҳолатини аниқлаш учун боғ GPS ёрдамида барпо этилган бўлиши керак.

Бундай таҳлил асосида дарахтларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоялашда танлов йўли билан ишлов бериш мумкин ва бу нархи қиммат бўлмиш ўсимликларни ҳимоялаш воситаларини (ЎҲВни) 70-80% гача тежаш имконини беради. Мазкур усул боғбон учун катта қўшимча маблағ бўлиб,  заҳарли ЎҲВдан ортиқча фойдаланишдан атроф-муҳитни ҳимоялайди! Бу айни пайтда жуда долзарб, чунки деярли барча мамлакатлар кимёвий препаратларнинг фаол моддаларидан фойдаланишга рухсат берилган рўйхатни доимий равишда қисқартириб, қишлоқ хўжалигининг атроф-муҳитга салбий таъсирини минималлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Шу сабабли, стратегик нуқтаи назардан боғдорчиликни автоматлаштириш 2Dсиз мумкин эмас ва бу бизнесни сақлаб қолиш масаласи ҳамдир.

Шунингдек, 2D технологияси дронлар ёки тракторга ўрнатилган сенсорлар тасвирларининг спектрал таҳлили билан биргаликда баъзи дарахтлар ўсиш бўйича бошқаларини ортда қолдирадиган боғни текислаш имконини беради,  бунда айрим дарахтларнинг илдизлари буталади. Бу боғга ишлов беришни осонлаштириш, мева сифатининг бир хиллигини таъминлаш ва боғда юқори ҳосил олиш учун зарурдир.

Ҳосилли боғнинг тенг миқдорда юклама олишини ва фақат буташ талаб қилинадиган дарахтларнинг куртагини юпқалашни таъминлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу қимматбаҳо препаратларга маблағ сарфлашни қисқартириш, демакки, тежамкорликни ва дарахтлардаги куртакни сақлаб қолишни англатади.  Акс ҳолда ҳосил кам бўлиши мумкин. Натижада, юқори сифатли ҳосил оламиз.

Тўлиқ роботлаштирилган ва механизациялашган боғ чинакам “мева фабрика”сидир. Ҳақиқатан ҳам, ҳозир Европадаги энг йирик олма боғлари юзлаб гектар майдонларга эга, чунки ишчи кучи, унинг жисмоний мавжудлиги, малакаси ва уни жойлаштириш имконияти асосий чекловчи омиллардир. Мавсумий ишчилар бўлмаган, агроном хато қилмайдиган боғда (чунки қарорларнинг мутлақ кўпи ҳар бир дарахт ҳақида доимий равишда келиб турадиган аниқ маълумотларга асосланган компьютерлар томонидан дарҳол қабул қилинади) минглаб гектар майдонлардаги ҳақиқий йирик саноат боғларини яратиш имконияти чекланганлиги муаммоси барҳам топади. Ва бу боғлар янада экологик ҳамда самарадор бўлади, мевалар сифати, хавфсизлиги юқори бўлгани ҳолда маҳсулот етиштириш нархи кескин пасаяди, бу эса уларнинг аҳоли учун ҳамёнбоплигини таъминлайди«, дейди УМСАнинг савдо кооперацияси бўйича директори ва Украинанинг энг илғор боғдорчилик корхоналаридан бири — «Днепр боғлари» директори Александр Пахно.

Бундай технологияларнинг, албатта, камчиликлари ҳам бор. Аввало, 2D форматида олма боғлари учун пайвандтаглар, жойлашув ва ўтказгичлар сони бўйича идеал ечимлар ҳали топилмаган. Ҳар қандай вариантда ҳам 2D боғ яратиш қимматга тушади ва бу кўп вақт талаб этади. Бу эса самарадор вақт бой берилишини англатади. Шунингдек, ушбу технологиялар ҳали тўлиқ синовдан ўтказилмаган, мутахассислар улардан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича ўқитилмаган. Боғдорчилик ускуналари ҳам ҳозирча, асосан, энг оммабоп 3D технологиялари учун ишлаб чиқарилмоқда.

Дронлар ва сенсорларнинг қарор қабул қилиш дастурларига интеграциялашуви ҳам такомиллаштиришни ва албатта, боғ роботларининг нархини пасайтириш, самарадорлиги ҳамда маҳсулдорлигини оширишни талаб этади.  Бироқ, ушбу муаммоларни ҳал қилиш йўли билан очиб бериладиган имкониятлар турли ечимларни ишлаб чиқиш учун кўпроқ маблағ жалб қиляпти, жумладан, хусусий компаниялардан ҳам.

Шунга кўра, ҳозирги вақтда кўпчилик боғбонлар эски ишончли технологияларни танламоқда, аммо илғор боғбонлар аллақачон 2Dга эътибор қаратган ва улар боғларда тажрибалар ҳам ўтказмоқда!

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин