Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларКартошка ва сабзавотларни сақлашга тайёрлаймиз – 7 та босқич
ТехнологияларЯнгиликлар

Картошка ва сабзавотларни сақлашга тайёрлаймиз – 7 та босқич

Мева-сабзавот маҳсулотларини сақловга жойлашдан олдин уларни тайёрламоқ лозим. Бу якунда маҳсулот йўқотишларини камайтириш ва картошка, сабзи, пиёз ва бошқаларнинг сифатини яхшилашга ёрдам беради. Бундай тайёргарлик қандай кечади, бунинг учун қанақа ускуналар керак бўлади, деган саволларга Украинадаги «Толсма Текник» компаниясининг ривожланиш бўйича менежери Роман Злыгостев SEEDSга сўзлаб берди.

Биринчи босқич

Ҳали ҳосил йиғиштириб олинмай туриб, хўжаликлар сабзавот омборини сақловга тайёрлаши зарур. Ўтган йилги ҳосил билан қўшилиб тупроқ ҳам келиб қолган. Унинг таркибида эса турли микроорганизмлар, бактериялар бўлади. Улар сақлов жойларининг деворларида, контейнерларда, полда, вентиляция ичида ўрнашиб олади. Улардан қутулиш учун маҳсулотни жойлашдан аввал омборга санитар ишлов бериш лозим. Буни бир неча усулда амалга ошириш мумкин. Масалан, баъзи фермерлар контейнерлар бироз вақт тўғридан-тўғри қуёш нури тушиши учун ёзда уларни ташқарига олиб чиқиб қўядилар. Бунда картошка ва сабзавотлар учун зарарли микроорганизмларнинг катта қисми йўқолиб кетади. Бу ўзига хос “анъанавий” усул. Бироқ янада замонавий, самарали технологиялар ҳам бор. Масалан, контейнерлар учун тўлиқ автоматлашган ювиш машиналаридан фойдаланиш мумкин.

Омборхонанинг ўзига келсак, деворларда кир, чанг қолиб кетмаётганлигини текшириш зарур. Иложи бўлса ювиш керак. Бунинг энг осон йўли – уларни босим остида иссиқ сувда ювиш ва сувни омборхоналарга қўйилиши лозим бўлган каналчалар орқали чиқариб юборишдир. Шунингдек, махсус дезинфекция эритмаларини қўллаш ҳам самара беради.

Иккинчи босқич

Шундан сўнг, вентиляторларни текшириб кўриш, ҳамма жиҳозлар тўғри ишлаётгани ва сақлов учун ҳамма нарса тайёрлигига ишонч ҳосил қилиш зарур.

Учинчи босқич

Ҳосил, дейлик, картошка йиғиб-териб олингач, у қабул қилиш бункерига тушади. Маҳсулот омборга қандай ҳолатда келиб тушиши техниканинг сифатига боғлиқ. Масалан, устида картошка юрадиган лентадаги роликлар зарар кўрган бўлса, улардан тупроқ, пояларни олиб ташлашда маҳсулотга зиён етиши мумкин. Кўпинча фермерлар қабул қилиш бункерларининг ҳолатини текширмайди. Уларда аввалги йиллардаги тупроқ қолиб кетиш эҳтимоли бор. Аммо бундай эътиборсизлик ёки роликларнинг бузилиши натижасида картошканинг 1-2% бузилади. Ишлаб чиқариш ҳажми катта бўлганда бундай зарар бир неча минг еврога етади.

Тўртинчи босқич

Шундан кейин, сабзавотлар ва картошка билан омборни тўлдириш бошланади. Мазкур босқичда айрим хўжаликлар маҳсулотни шунчаки транспортёрлар орқали жойлаштириб, у контейнерларга тахминан 1,5 метр баландликдан ташланади. Масалан, картошка эса йиғиб олингач, муҳит ўзгариши туфайли муайян стресс босқичидан ўтади, омборга жойлаш вақтида зарблар қўшимча зиён етказади. Бунга йўл қўймаслик учун замонавий воситалардан, хусусан, тушишни тўсиб турадиган каскадлар ёки махсус датчикларга эга транспортёр тасмадан фойдаланиш керак. Ҳосил сифатини сақлаб қолишда бу муҳим аҳамиятга эга.

Бешинчи босқич

Омборни тўлдиришни бошлаётганингизда сифатли сақловга халақит қиладиган намликдан халос бўлиш мақсадида маҳсулотни (пиёз, картошка) қуритиш керак бўлади. Қуритишнинг биринчи босқичида омборхонадаги вентиляция тўла қувват билан ишлайди. Агар сабзавот қумлоқ тупроқда етиштирилган бўлса, бу жараён тезроқ кечади. Қуритиш босқичи бир неча ҳафта ёки бир неча кун бўлиши мумкин. Барчаси картошка ёки пиёз қандай шарт-шароитда етиштирилганига ва терим пайтидаги муҳитга боғлиқ.

Олтинчи босқич

Кейинги босқич “даволаш” деб аталади. Бунда ҳосил йиғиб-териб олинаётган вақтда етказилган зарарлар (механик зарб, пўстлоққа етказилган зиён, чиришнинг бошланиши ва бошқалар) текширилиши керак.

Еттинчи босқич

Ушбу асосий тайёрлов босқичларидан сўнг омборхонадаги ҳароратни аста-секин пасайтиришни бошлаш мумкин. Қандай сақлаш ҳароратини танлаш картошкадан кўзланган мақсадга боғлиқ. Уруғлик картошкаси учун бир муҳит, қайта ишлаш (картошка чипслари) учун бошқа бир муҳит зарур. Умуман, ҳароратни пасайтиришни бир суткада ярим градусдан ошириб юбормаслик лозим. Бу картошканинг тинч ҳолатга келишига ёрдам беради.

Сақлаш шароитлари

Қайта ишланадиган картошка 6-8 даражада сақланиши керак. Ейиладиган картошка 3-4 даража, уруғлик картошкаси эса 3 ва ундан паст даражада сақланади. Булар тахминий рақамлардир. Чунки айрим маҳсулотларга ҳароратнинг 0,5 даража ўзгариши ҳам кучли таъсир кўрсатади. Уни тўғри созлаш учун омборни бошқаришнинг сифатли тизими талаб этилади. Агар ҳарорат инсон томонидан эмас, балки ички ва ташқи муҳитни назорат қилувчи махсус датчиклар ёрдамида компьютер томонидан бошқарилса, янада яхшироқ натижага эришилади. Инсон тизимни компьютерчалик аниқ бошқара олмайди-да.

Бошқа экинлар ҳақида гапирадиган бўлсак, картошка 3 дан 8 гача даражада ва 95% нисбий намликда сақланадиган бир пайтда, пиёз учун 0,5 даража ва 65-67% намлик муҳити керак бўлади. Сабзи ва карам ҳам паст ҳарорат (0,5 даража), 95% ва ундан юқори намликда сақланмоғи лозим.

Украина шароитида (минтақасига қараб) картошка ва пиёз фақатгина сифатли вентиляция муҳитини ҳам талаб қилиши мумкин. Сабзи, лавлаги ва карам учун эса совиткич жиҳозлари ҳам керак бўлади. Музлаткич жиҳозлари пиёзга ҳам, картошкага ҳам қўлланилади, бироқ баъзи минтақаларда вентиляциянинг ўзи кифоя қилади.

Ювилган мевалар қандай сақланади?

Маҳсулот ювилаётган вақтда унга ускуналар таъсири бўлади. Бу ерда қопламга механик зарар етказмасликнинг иложи йўқ. Ҳимоя қоплами ювилиб кетгач, маҳсулотнинг сақлаш хусусиятлари ёмонлашади, сақлаш муддати камаяди (камида бир ойга, уёғи музлаткич жиҳозларига боғлиқ, лекин кўпи билан 2 ойгача). Шуни ёдда тутиш керакки, ҳар қандай маҳсулот ювилгандан сўнг музлаткичда сақланиши шарт.

Автоматлаштирилган ускуналарнинг афзалликлари

Кўпчилик инсон бошқарувини тақозо этувчи ускуналар ўрнатилган омборлардан фойдаланади. Қўл билан бошқаришда йўқотишлар 15% гача етиши мумкин. Агар омбор компьютер жиҳозлари ёрдамида бошқарилса, йўқотишлар 5% гача камаяди. «Толсма Текник» компанияси айнан шундай автоматлаштирилган тизимларни етказиб беради.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Музлатилган резавор ва мевалар бозори 2023/24 йилги мавсумга тайёрми?

EastFruit

Украина 2023 йилнинг январь ойида Ўзбекистонга энг йирик олма етказиб берувчига айланди

EastFruit

Хитой Ўзбекистондаги йирик агрологистика марказига $50 млн сармоя киритишга тайёр

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин