Ёнғоқ ҳосили йиғиб олиниб, саноат корхоналарида пўстлоғидан тозалангач, кўплаб чиқитлар қолади. Қаттиқ, юпқа ва жуда секин парчаланадиган ёнғоқ пўстлоғи, одатда, чиқиндига ташланади. Аммо Вашингтон давлат университети олими Викрам Ядама шкаф, стол ва бошқа мебель қисмлари учун мустаҳкам панеллар ясашда ёнғоқ пўстлоғини қайта ишлашнинг янги усулини топди.
WSU композит материаллар муҳандислик марказида Ядама ва тадқиқотчилар гуруҳи пўстлоқ, тола ҳамда сомон каби қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини смола билан мустаҳкамланган меъморий ҳамда декоратив панелларга айлантирмоқда. Прессланган толали панеллар ишлаб чиқаришда фундук пўстлоғини ҳам синовдан ўтказаётган ишлаб чиқарувчилардан бири ушбу технологияга қизиқиб қолган, деб хабар бермоқда АgrоХХI.
«Стол ёки шкафлар учун панеллар ясаётганингизда бир нечта жиҳатлар жуда муҳим», дейди Ядама.
«Панеллар муайян бир оғирликдаги юкка бардош берадиган даражада мустаҳкам бўлиши керак. Улар винтлар ёки маҳкамловчи деталларни ушлаб туриши лозим, шунингдек, вақт ўтиши билан оғирлик туфайли эгилувчанлик даражаси минимал бўлиши зарур. Ва албатта, чиройли бўлиши ҳам муҳим».
Ўрмон ёнғоғи экологик жиҳатдан хавфсиз ва мустаҳкамлик, маҳсулдорлик ҳамда гўзаллик уйғунлигини намоён этади, прототип-панелларга ажойиб қизғиш-жигарранг тус беради.
«Пўстлоқ таркибида жуда кўп углерод мавжуд», дейди Ядама. «Уларнинг парчаланишини тўхтатсангиз, углерод ажралишини кечиктирасиз. Агар биз материал чиқиндига тушишининг олдини олсак ва шу билан бирга, кўпроқ дарахтлар ўстиришда давом этсак, бу бизга узоқ муддат ёрдам беради”.
Жамоа ҳозир панелдаги смола миқдорини минималлаштириб, табиий ингредиент миқдорини максимал даражада ошириш устида ишламоқда. Шу билан бирга, охир-оқибат, углерод чиқиндиларининг нейтрал даражаси билан биологик асосдаги смолаларни қўллаш режалаштириляпти.
Лойиҳани шу йил қишда якунламоқчи бўлган Ядама ҳам маҳсулот, ҳам тижорат миқёсида кенгайтирилиши мумкин бўлган ускуна прототипини ишлаб чиқмоқда. Ишланма муваффақиятли бўлса, мижозлар тез орада ёнғоқ пўстлоғидан тайёрланган стол ёки стул сотиб олишлари мумкин.
“Бу ҳамкорларимиз билан фундук қобиғидан янги панеллар яратиш борасидаги ажойиб тажриба бўлди. Архитектура ва дизайн мижозлари биз кўрсатган прототипларни жуда ёқтиришди ва биз ушбу янги турдаги материални ишлаб чиқаришга тайёрлаб бўлгач, катта муваффақиятга эришишни кутмоқдамиз”, дея хулоса қилди у.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!