«Кўз ёши — 0%, юмшоқлик даражаси — 100%» — бу Оrion пиёзи бўлиб, ушбу маҳсулот зираворлар ассортиментига янги қўшимчадир. Пиёзнинг номи олтинга ишора сифатида танланган, чунки янги маҳсулотни етиштирган компания вакилларининг фикрича, «Оrion»ни чинакам «олтин бўлаги», дейиш мумкин.
Bejo France компаниясининг маркетинг бўйича менежери Янник Шеврейнинг сўзларига кўра, Orion узоқ кутилган янгилик: “Янги маҳсулотнинг афзаллиги шундаки, у ҳосил йиғиб олинган пайтдан бошлаб, барча хусусиятларини намоён эта олади, шу боис, дарҳол сотиш мумкин”.
Бундан икки ҳафта аввал Bejo France Луара водийси ва Шампань минтақасидаги 5 француз фермери билан ҳамкорликда ишлаб чиққан янги пиёзнинг биринчи партияси бозорга юборилди. Истеъмолчилар илк фикр-мулоҳазаларини бир ойдан кўпроқ вақт ўтгач билдира бошлаши кутилмоқда, бироқ Оrion компаниянинг чакана харидорларини аллақачон қизиқтириб қолган, деб ёзмоқда EastFruit FreshPlaza ҳаволасига таяниб.
Янник Шеврейнинг айтишича: «Асосий мақсад — пиёз истеъмол қилмайдиган мижозлар эътиборини жалб қилишдир. Зеро, улар ушбу маҳсулотнинг аччиқ таъми, тўғралган маҳал қўлда нохуш ҳид қолдириши ва кўзни ёшлантиришини ёқтиришмайди. Пиро-узум кислотаси йўқ эканлиги Оrion’га юмшоқлик ва бутунлай янгича таъм берувчи ўзига хос хусусиятдир”.
Шунингдек ўқинг: Селекционерлар «кўз ёшларсиз» пиёз яратиш устида 35 йилдан зиёдроқ ишлашди
Янги нав яна бир қатор афзалликларга эга: пиёзни хомлигича ёки пиширилган ҳолда истеъмол қилиш мумкин. Пиширилаётган вақтда карамеллашади, бу эса унга бироз ширин таъм беради. Бундан ташқари, Orion’ни 8 ойгача сақлаш мумкин, бу бошқа турдаги пиёзларнинг сақлов муддатига нисбатан узоқроқ фурсатдир.
Bejo France пиёз сегменти бўйича инновацияларга тайёр 5 ишлаб чиқарувчи — Ferme des Arches, Ferme de la Motte, Val Légumes-Ferme de Fontenay, Beauce Champagne Oignons ва Аllium Beauce Company’ларни бирлаштирган. Компания уларга 2021 йили қандай йўналиш бўйича ҳаракатланишни тушунтирган ҳолда лойиҳасини тақдим этган эди. Bejo France’нинг мақсади «узоқ муддатли ҳамкорлик муносабатлари»ни ўрнатишдир.
Анъанавий селекция усуллари билан олинган француз эксклюзив пиёзини етиштириш ҳали-ҳануз 1 гектарлик 5 майдондаги экспериментал босқичдадир.
«Айни пайтда биз мижозларнинг қониқиш даражасини аниқлашга ҳаракат қилмоқдамиз, шундан сўнг келгуси йили маҳсулот етиштиришни кўпайтириш ҳақида қарор қабул қиламиз«, дейди Янник Шеврей.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!