Калифорнияда жойлашган, фермерлар учун роботлаштирилган технологиялар ишлаб чиқувчи Advanced Farm Technologies, Inc. инвестицияларнинг В серияси якунланганини эълон қилди. $25 млн маблағ тўпланган ушбу босқич боғ қулупнайи йиғиб-териш технологияларини такомиллаштириш ва уни олма теришга мослаштиришда компанияни қўллаб-қувватлашга қаратилган. В сериядаги молиялаштириш раундига Catapult Ventures раҳбарлик қилди ва унга А сериядаги барча инвесторлар киритилди. Улар: Kubota Corporation, Yamaha Motor Corporation ва Impact Ventures.
“Доимий қўллаб-қувватлашга ва илк инвесторларимизнинг ушбу молиялаштириш раундида ҳам ишончига эга бўлиш ёқимли. Бу TX Strawberry Harvester комбайнини ишлаб чиқиш ва бозорга чиқариш йўлида бутун жамоамизнинг машаққатли меҳнати натижасидир, — дейди Кайл Кобб, Advanced Farm Technologies президенти ва асосчиси. – Ушбу муваффақиятимиз биз билан ишлаётган, ўз далаларида автоматлаштириш усулларини бугунданоқ жорий этишда ижодий ёндашаётган олма ва қулупнай етиштирувчи ҳамкорларимизнинг ишончини билдиради. Уларнинг фикрлари, мулоҳазалари бизга технологияни тезкорлик билан яхшилаш имконини берди”.
Қулупнай теришга мўлжалланган Advanced Farm TX роботлаштирилган комбайни қўлда терувчи бригада билан ёнма-ён ишлайди, пишиб етилган қизил меваларни автоматик равишда аниқлайди ва уларни озиқ-овқат маҳсулотларини ушлаб олишга мослаштирилган нозик технология ёрдамида теради, деб ёзади АгроБизнес. Махсус яратилган машина очиқ ҳаво ва тупроқдаги мураккаб шарт-шароитларга дош берадиган, суткасига 24 соат мобайнида далаларда юриб, мустақил равишда мева териш имконини берувчи машинани ўқитиш технологиялари ва ўта ривожланган компьютерли кўриш қобилиятига эга бўлган бир неча роботлардан иборат. Қулупнай териб олувчи ушбу ТХ роботлаштирилган комбайнлари аввалроқ бозорда муваффақият қозонган бўлиб, доимий равишда ишчи кучи етишмовчилиги муаммосига дуч келадиган қулупнай ва олма етиштирувчи корхоналар учун катта имконият эшикларини очади.
Шунингдек ўқинг: Канадада ўсимликларни иссиқхонада етиштириш учун вертикал колонналарга патент берилди
Ўзининг роботлаштирилган қулупнай терувчи ТХ комбайнлар паркини Калифорниядаги боғ қулупнайи етиштириладиган йирик марказларда ишга солиб, Advanced Farm компанияси GoodFarms, The Oppenheimer Group ва Naturipe сингари резаворлар етиштирувчи дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларига ўнлаб тонна сархил маҳсулотларни бозорга чиқаришда ёрдам берди.
Advanced Farm Technologies компанияси фермерлар учун роботлаштирилган технологияларни ишлаб чиқади. 2019 йилда Advanced Farm қаторлар орасидаги қулупнайлар учун махсус ишлаб чиқилган ўзининг Т-6 инновацион платформаси ёрдамида қулупнайни роботлаштирилган тарзда териб олиш технологиясини тижоратлаштирган Америкадаги илк компания бўлди. Мижозлар билан $70 млн доллардан зиёд суммада шартнома тузган Advanced Farm ҳамкорлик алоқалари, шу жумладан Дэвисдаги Калифорния университетининг селекция дастури билан биргаликда ишлаш орқали ўз технологияларини янада такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда. Бунда асосий мақсад боғ қулупнайини дала шароитида териб олиш бўйича теримдан тортиб то навларга ажратиш ва қадоқлашгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи автоматлаштирилган ечимларнинг тўлиқ босқичини яратишдир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!