Фермер-роботлар, агроботлар экинларни парваришлайди ва ҳосилни йиғиб олади. Улар юклаш, суғориш, ўғитлаш, экинни бегона ўтлардан тозалаш, маълумот тўплаш, дала харитасини тузиш, тупроқ таҳлили, атроф-муҳит мониторинги сингари инсон учун мураккаб ва зерикарли вазифаларни бажаради.
Маълумки, мевали боғлар ҳосилини йиғиб олиш минглаб мавсумий ишчилар меҳнатини талаб этади. Мева йиғим-терими – бу кам ҳақ тўланадиган, мавсумий, такрорий характерга эга иш бўлиб, карьера учун фойдали жиҳатлари йўқ ҳисоби. Ҳозирги кундаги мавжуд теримчиларнинг ёши ҳам ўтиб бормоқда, ёш авлод эса барқарор ва юқори маош тўланадиган иш излаб шаҳар жойларга кўчиб кетмоқда. Айни пайтда ишчиларга тўланадиган меҳнат ҳақи фермерларнинг харажатларида 40% дан 60% гачани ташкил этяпти. Роботлар эса бошқа масала, улар чарчоқ нималигини билмайди, 24 соат ишлайди, ҳеч қандай қулайликларга эҳтиёж сезмайди, таътилга чиқмайди ва энг муҳими, йилдан-йилга арзонлашиб, такомиллашиб бормоқда.
Олма, нок ва бошқа мевалар йиғим-терими учун қуйидаги агроботлар, коботлар ва ўзиюрар ақлли тизимлар қўлланади: Теvel Аеrobotics Теchnologies деб номланган мева терувчи дронлар, Eve, Маrs, FFRobotics роботлари, қулупнай ҳосилини йиғувчи роботлар – Rubion, Soil Bot, Аgrobot, малина ва тарвуз ҳосилини йиғувчи роботлар – Fieldwork Robotics, сарсабил ҳосилини йиғувчи роботлар – Sparter, Virginia Tech, помидор ҳосилини йиғувчи роботлар – GRоW ва салат ҳосилини йиғувчи робот – Vegebot.
Ҳосил йиғиш, кесиш ва саралаш учун роботлар
Боғдорчилик ва мева-сабзавотчилик учун мўлжалланган роботлар баргларни эҳтиёткорлик билан кесиш, мева-сабзавотлар ҳосилини йиғиш, сабзавот ва меваларни сифати бўйича таҳлил қилиш ва саралаш имконини беради. Бундай ақлли ёрдамчилар, одатда, боғдорчилик юмушларининг кенг доирасини бажариш учун махсус «қўллар» билан жиҳозланган. Масалан, доктор Мартин Столен бошчилигидаги Плимут университети қошида ташкил этилган Адаптив робототехника лабораторияси (SAR) боғдорчиликда селектив йиғим-терим учун “роботлаштирилган юмшоқ қўл технологияси”ни ишлаб чиқмоқда. Робот-манипуляторнинг қисмлари реал вақт режимида қаттиқлик даражасини ўзгартириши мумкин, мева томон ҳаракатнинг тез босқичларида зарбага дош бериш учун юмшаб, кейин эса аксинча, яқинлашиш ва қўлга олиш босқичида аниқликни таъминлаш учун бу ҳолатини ўзгартиради.
Доктор Столен, шунингдек, China Robot Harvest лойиҳаси доирасида малина ва помидор ҳосилининг автоном ва селектив йиғим-терими билан ҳам шуғулланади. У мазкур технологияни «Корнуоллдаги карам ҳосилини автоматлаштирилган тарзда йиғиш» лойиҳаси доирасида гулкарамда қўллашни ўрганмоқда. Корнуолл Кенгаши билан биргаликда Европа минтақавий тараққиёт жамғармаси томонидан қисман молиялаштирилган ушбу лойиҳа Аgri-Теch Cоrnwall компаниясига тегишли уч йиллик ташаббуснинг бир қисмидир.
Шуни қайд этиш жоизки, кўпчилик теримчи-роботлар прототиплари юқори бошланғич инвестицион харажатлар талаб этади ва узоқ муддатдан сўнггина ўзини оқлайди. Ушбу роботларнинг бир нечтаси прототип босқичидан ўтиб, сотувга чиқди. Роботларни оммавий ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш орқали фермернинг эҳтиёжларига қараб фойдаланишни кенгайтириш мумкин.
Сиз теримчи-роботларнинг кўплаб турлари ҳақидаги видеороликларни кўришингиз мумкин. Бироқ, бугунги кунда улар сотувда кўп эмас. End of Arm Tooling (EoAT) теримчи-роботлари ҳосил турига қараб фарқланади. Масалан, қалампирнинг силлиқ, мумсимон юзаси сўрғич клапанлар учун жуда мос келади. Помидор эса қалампирдан кўра нозикроқ, шунинг учун роботлар мевани узиб олиш учун тортаётганда бураладиган юмшоқ бармоқли «қўл»дан фойдаланади. Қулупнай янада нозик, шунинг учун унинг ҳосилини йиғиб олиш алоҳида эҳтиёткорликни талаб этади. Мисол учун, бир теримчи-робот мевага шикаст етказмаслик учун пояни кесувчи пичоқдан фойдаланади.
Роботнинг кўриш қобилияти сунъий интеллект ёрдамида меванинг пишиб етилганлигини аниқлайди ва уни узиб олиш учун манипуляторнинг ҳаракат траекториясини режалаштиради. Баъзи теримчи-роботлар ғилдирак асосида ҳаракатланадиган айланма «қўл» билан жиҳозланган. Бошқалари эса ҳарбий машина сингари занжир тасмани ишлатади.
Ҳосил йиғим-теримига мўлжалланган баъзи роботлар иккита ҳаво дронлари билан жиҳозланган. Дронлар электр энергиясини таъминловчи ғилдиракли аравага бириктирилган. Дронлар арава ёнида учиб, компьютернинг кўрув қобилиятидан фойдаланган ҳолда пишиб етилган меваларни топади ва уларни ушловчи механизмлар билан узиб олади. Ҳосил йиғиб олингандан сўнг дрон ҳосилни аравадаги саватга жўнатади. Арава йўлак бўйлаб пастга томон ҳаракатланади, аравага боғланган дронлар эса заруратга қараб ҳаракатланишда давом этади.
Йиғим-терим тизимлари ва маълумотлар таҳлили мевани идентификациялаш ва унинг пишиб етилиш босқичини, йиғим-теримга тайёрлигини аниқлаш, териб олиш учун маҳсулот сифатини билиш, меваларни яхшилаб саралаш имконини беради. Сунъий интеллект роботга экиннинг ҳаётий циклини янада самарали назорат қилиш имконини беради.
Бегона ўтлардан тозаловчи роботлар
Тижорий деҳқончиликда бегона ўтлардан тозаловчи баъзи роботлар гербицидларнинг микродозаларидан фойдаланади. Робот автоном равишда қаторлар бўйлаб ҳаракатланади. Ёввойи ўтларни экинлардан ажратиш учун компьютернинг кўрув қобилиятидан фойдаланади. Ёввойи ўт аниқланганда робот механизмлари ишга тушади. Оз миқдордаги пестицид тўғридан-тўғри бегона ўтларга сепилади. Шу тариқа кимёвий моддалар кам қўлланади. Яна бир ёндашув бегона ўтларни йўқ қилиш учун лазерлардан фойдаланишдир. Бу усулда кимёвий моддалар қўлланмайди ва у органик маҳсулот сифатида сертификатланган бўлади. Масалан, Швейцариянинг «ecoRobotix»и – кўчатлар ва бегона ўтларни автоматик равишда буташ учун мўлжалланган робот. У бегона ўтларни аниқлаш учун мўлжалланган компьютер кўрув тизими билан жиҳозланган. Мўлжал олиш GPS ва сенсорли датчиклар ёрдамида амалга оширилади. Мазкур робот кунига 3 гектарга яқин экинга ишлов бермоқда. Зарурат бўлса, бегона ўтларга кичик дозада гербицид пуркайди. Ушбу ёндашув қўлланадиган кимёвий моддалар миқдорини 2-3 баробар камайтиради.
Экинни бегона ўтлардан тозаловчи айрим роботлар энергия учун қуёш панеллари билан жиҳозланган, бошқалари эса батареялар ёки дизель ёқилғисида ишлайди.
АIGRO UP автоном Голландия роботи ҳам бегона ўтларни ўриш ва тозалаш каби вазифаларни бажара олади. У енгил, аммо қувватланиш цикли оралиғида 10 соатгача ишлайдиган даражада кучлидир.
Боғдорчиликдаги ўзиюрар техникалар бозорининг йирик иштирокчиларидан бири бу АGROBOT ҳисобланади. Жумладан, мева-сабзавот бизнеси учун мўлжалланган Аgrobot E -Series – қулупнай ҳосилини терувчи роботларнинг инновацион авлоди. Ушбу машиналар ҳар қандай плантацияда қаторлараро автоном равишда ишлаш учун мўлжалланган.
АGROBOT, шунингдек, зараркунандаларга қарши кураш учун Bug Vacuum деб номланган вакуум-роботларни ишлаб чиқаради. Ушбу робот дала бўйлаб мустақил ҳаракатланади, фермер уни бошланғич нуқтага олиб келиши ва «Автоматик режим»ни танлаши керак. Агар робот қатор чегарасида бўлса, қаторлар оралиғини навигация белгиси деб билади. Агатлар тугаши биланоқ, навигация назоратчиси бундан сўнг нима қилиш кераклигини, яъни, кейинги қаторга ўтиш керакми, орқага бурилиш зарурми ёки ишни тугатиш лозимми, шуни ҳал этади.
Bug Vacuum бутун кенглик бўйлаб бир хил ҳаво оқимини таъминловчи икки шамоллатгичли вакуум тизимига эга. Оптимал вакуум босимига шамоллатгичнинг баландлигини аниқ назорат қилиш орқали эришилади, бу эса ҳашаротлар аспирациясини максимал даражада оширади. Озиқ-овқат хавфсизлиги стандартларига мувофиқ, шамоллатгичнинг кириш қисми зангламайдиган пўлатдан ва озиқ-овқат силиконидан тайёрланган.
Шунингдек, NAIO-ТЕCHNOLOGIES мева-сабзавот етиштириш учун автоматлаштирилган ўзиюрар ускуналар ишлаб чиқарувчи (Франция) компания сифатида жаҳонга машҳур. Барча роботлар RTK GPS навигацияси билан ишлайди, бу эса фермерларга бегона ўтларни тозалашда аниқликка эришиш имконини беради. Жараённинг экологик тозалиги ва тупроққа эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш NAIO-ТЕCHNOLOGIES роботлари ишининг муҳим жиҳатларидан биридир. Ушбу технологиялар қишлоқ хўжалиги ишчилари етишмовчилиги муаммосини бартараф этиб, оғир жисмоний юкламаларни камайтиради ва кимёвий гербицидлардан фойдаланишни чеклайди.
Бугунги кунда 200 дан ортиқ Nаiо роботлари бутун жаҳон бўйлаб бегона ўтларни тозалаш муаммоларини ҳал қилмоқда.
Компания қуйидаги роботларни ишлаб чиқаради: DINO номли сабзавот экинлари учун мўлжалланган автоном ўзиюрар робот. У RTK GPS ва бошқа датчиклар маълумотларини бирлаштирган тизим туфайли дала бўйлаб 2 см.гача аниқлик билан автоном ҳаракатланади. Dino экинлар қаторини топади ва асбобларни ўсимликларга яқин турган бегона ўтларни тозалаш учун имкон қадар мослаштиради.
DINO салат, пиёз, сабзи, пастернак, карам, порей пиёзи, гулкарам, турли кўкатлар (саримсоқ, кашнич, ялпиз ва ҳоказо) каби экинлар билан ишлайди.
Компаниянинг яна бир ечими – ОZ қишлоқ хўжалигидаги мультифункционал ёрдамчи-робот, у кўп меҳнат талаб қиладиган ва мураккаб вазифалар, масалан, культивация, бегона ўтлардан тозалаш, жўяк очиш, экиш ишларида қўл келади.
Шунингдек, компаниянинг ўзиюрар роботи – ТЕD – узумзорлар учун мўлжалланган робот. Унинг афзалликлари – гербицидларсиз самарали ва аниқ тарзда бегона ўтларни механик тозалаш, тупроқ ва экинларни ҳимоя қилишдир. Кунига 8 соат ишлайди ва далада ишлаш учун турли хил асбоблар билан осонгина жиҳозланади.
BoniRob, GREENBOT КUBOTA, LADYBIRD («ХОНҚИЗИ»), Husky UGV ва бошқа ақлли роботлар узумзор, резаворзор, боғлар ва сабзавот экинлари далаларида ишлаш учун мўлжалланган.
Робототехника ривожи селекциядаги янги технологиялар тараққиёти билан бирга одимлайди. Шу тариқа вақт ўтиши билан сабзавот ва меваларнинг ҳам кўп навлари роботлар ишига мослаштирилади. Яъни, робот ишлаб чиқарувчилар ва мева-сабзавотларнинг айрим турларини етиштирувчилар ўртасида ҳамкорлик юзага келади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!