Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиИнтервьюГрузия иссиқхонаси: қулупнайдан йил бўйи ҳосил олиш сирлари ва қизиқарли агротурлар
Бизнес тарихиИнтервьюМахсус

Грузия иссиқхонаси: қулупнайдан йил бўйи ҳосил олиш сирлари ва қизиқарли агротурлар

Грузиянинг “Кей. Эн. Жи Хоспиталити» компанияси Ма gemme бренди остида иссиқхона қулупнайларини етиштиради. У ҳозир ҳам, яъни очиқ шароитда етиштирилган қулупнай мавсуми давом этаётган бир шароитда ҳам рақобатдан чўчимайди. Компаниянинг ҳаммуассиси Кети Долидзенинг сўзларига кўра, Ма gemme қулупнайлари очиқ ерда етиштирилган қулупнай билан таққослаганда сифати доим яхши бўлган ва унга талаб таклифдан кўра бир неча баробар юқоридир.

EastFruit Кети Долидзе билан ушбу вазиятнинг сабаблари хусусида ва «Кей.Эн. Жи Хоспиталити» фермер хўжалигида ишлар қандай кетаётгани ҳақида суҳбатлашди. Компания яқиндагина, яна ҳам аниқроғи, COVID-19 пандемияси бошланганидан кейин ташкил этилган.

– Иссиқхона хўжалигингизнинг яратилиши тарихи ҳақида қисқача гапириб берсангиз.

– Мен кўп йиллар давомида иқтисодий алоқалар мутахассиси сифатида банк секторида ишладим. 2020 йили, яъни пандемия пайтида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ўзимни синаб кўриш фикри туғилди. Чунки бу соҳа ҳозирги кунда нафақат ривожланишда давом этаётган, балки янгича салоҳиятга ҳам эга бўлиб бораётган соҳалардан бири. Биз ишни ҳамкорлар билан Мцхета-Мтианети (Шарқий Грузия) минтақасидан ер участкасини сотиб олишдан иш бошладик.

Иссиқхоналарни биргаликда молиялаштиришни назарда тутувчи Қишлоқ тараққиёт агентлигининг грант дастури асосий мотиватор бўлди. Ва бу бизнинг мавсумийлик омилига қарам бўлмасдан замонавий иссиқхона қуриш қарорига келишимизга туртки берди. Давлат дастурлари доирасида биз, 200 минг лари (63 минг АҚШ доллари) олдик, шу жумладан, 50 минг лари (16 минг доллар) – грант, яна 150 минг лари (47 минг доллар) – имтиёзли агрокредит.  Лойиҳанинг жами инвестициялари тахминан 350 минг лари (110 минг доллар)ни ташкил этди.

Компания иссиқхонаси 2 минг квадрат метрдан иборат. Биз ушбу майдоннинг барини Сан-Aндреас навли қулупнай етиштириш учун ажратдик (жами 4 минг кўчат). Йиғим-терим шу йилнинг апрель ойида бошланди. Aйни пайтда 2 тоннага яқин ҳосилни йиғиб олдик. Йил давомида ҳосил олишимиз учун ҳар бир қадамни режалаштирганмиз. Менимча, биринчи йил учун умумий ҳосил тахминан 10 тоннани ташкил этади. Ушбу босқичда биз қулупнайни фақат маҳаллий бозорда сотамиз ва маҳсулотимизга бўлган талаб таклифдан сезиларли даражада ошади.

– Бугун очиқ майдонда етиштирилган қулупнай мавсуми давом этаётган бир шароитда сиз етиштирган резаворнинг рақобатбардошлигини қайси омиллар белгилайди?

– Менимча, бу, авваламбор, маҳсулотимизга нисбатан  ишонч юқори эканлигидир. Сифат ва озодалик борасида биз ўзимизга нисбатан ўта талабчанмиз. Бизнинг ўз мижозларимиз бор ва очиқ далада етиштирилган қулупнай маҳсулотимизга рақиб бўлолмайди. Aйтганча, Кахети минтақасининг очиқ далада етиштирилган қулупнайи билан боғлиқ «биринчи тўлқин»да ҳам   маҳсулотимиз нархи пасаймади. Ма gemme бренди остида сотувга чиқарилаётган қулупнайларимиз Agrohub гипермаркетларида сотилади, Goodwill ва Carrefour савдо тармоқларига эса у биз билан ҳамкорлик қилаётган Planta бренди томонидан  (брендимиз кўрсатилган ҳолда) таклиф этилади. Шунингдек, биз меваларимиз асосида шоколадли қулупнай тайёрлайдиган шоколад ишлаб чиқарувчи компания билан ҳамкорлик қиламиз. Бундан ташқари, Кай. Эн. Жи Хоспиталити”да уйга етказиб бериш онлайн-савдо сервиси ҳам мавжуд. Умуман олганда, маҳсулотга талаб жуда юқори ва бу келгусидаги ривожланишимиз учун рағбатдир.

– Компаниянинг яқин келажакдаги режалари қандай?

– Биз қулупнай билан боғлиқ ҳолда турли йўналиш ва хизматлар бўйича ўзимизни синаб кўрмоқчимиз. Илк шундай лойиҳамиз – «Кей.Эн. Жи. Хоспиталити» иссиқхона хўжалигига экскурсиялар бўлиб, уни ўзимиз ташкиллаштирамиз ва амалга оширамиз. Иккинчи шундай тадбир ўтган ҳафта охирида бўлиб ўтди. Aгротур давомида меҳмонлар иссиқхонамизни кўздан кечириб, қулупнай етиштиришнинг ўзига хос хусусиятлари билан танишиш, йиғим-теримда қатнашиш ва меваларни татиб кўриш имкониятига эга бўлишди.

Шунингдек, қулупнай асосида консерва ва мураббо ишлаб чиқаришни бошлаш ниятидамиз. Ҳозир бир нечта рецептларни синовдан ўтказяпмиз.

– Ҳозир сизнинг агротурларингизда маҳаллий сайёҳлар иштирок этяптими ёки хорижликлар?

– Бугун Грузияда яшовчи хорижликлар оилавий келишмоқда, улар учун дам олиш кунларини шундай ўтказиш қизиқарли ва мароқли. Туризм индустрияси тикланиши билан менимча, бундай тадбирларда иштирок этишни истовчилар сони янада ортади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида эртаги узум навлари ҳосилини йиғиб олиш бошланди

EastFruit

Нетхауслар ёз фаслида экспорт сифатли бодринг ва помидор етиштириш муаммосига ечим бўлиши мумкин

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин