Бош саҳифаЯнгиликларЁқимсиз ҳидли экзотик мева – дуриан Россияда тобора оммалашиб бормоқда
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ёқимсиз ҳидли экзотик мева – дуриан Россияда тобора оммалашиб бормоқда

EastFruit таҳлилчилари Россия истеъмолчилари орасида дурианнинг машҳурлик даражаси тез ўсиб бораётганига эътибор қаратишмоқда. 2021 йилнинг ўтган 10 ойида Россияга сархил дуриан импорти бирданига 2,5 баравар ошди. Ушбу экзотик мева учун Россиядаги бадавлат истеъмолчилар жуда кўп пул тўлашга тайёр, шунинг учун премиум супермаркет тармоқлари уни борган сайин муҳим ассортимент позицияси деб билмоқда.

Дуриан қайси мамлакатларда етиштирилади, у қанчалик машҳур ва Россия бозорига қаердан келтирилади?

Аввало, шуни қайд этиш жоизки, 2020 йилда сархил дуриан халқаро савдосининг глобал ҳажми 3 миллиард долларга яқинлашди. Бу жуда кўп, чунки, дуриан қиммат мева ҳисобланади. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, минтақамизда энг машҳур саналган мева – олманинг бутун жаҳон бўйича савдоси йилига 7-8 миллиард доллар орасида ўзгариб туради.

Жаҳон дуриан савдосининг тўртдан уч қисмини бир давлат – Тайланд бошқаради. Афтидан, ўрта ва юқори даромадли Россия истеъмолчиларининг аксарияти бу мевани ўша ерда татиб кўришган.  Дарҳақиқат, коронавирус пандемияси бошланишидан аввал Тайланд кўплаб россияликлар учун севимли дам олиш гўшаси эди.

Тўғри, Россия Федерацияси дурианни, асосан, Вьетнамдан импорт қилади, ушбу мамлакат – жаҳондаги иккинчи йирик дуриан экспортёри. Умуман олганда, жаҳоннинг фақат уч мамлакати ушбу турдаги мевани катта миқдорда экспорт қилади: Тайланд, Вьетнам ва Малайзия. Қолган давлатлар унинг, асосан, реэкспорти билан шуғулланади.

Дарвоқе, сархил дурианни экспорт қилувчи мамлакатлар рўйхати чекланганига сабаб – бу меванинг транспортировкаси анчайин қийинлигидир. Жаҳондаги етакчи транспорт компанияларининг деярли ҳеч бири жуда ғалати, аммо, кўплаб истеъмолчиларга хуш ёққан бу мевани ташишга рози эмас. Дуриан меваси ҳақида яхшироқ маълумот олгач эса бу тахлит кескин раддиялар сабабларини билиб олиш мумкин.

Дуриан нима ва уни истеъмолчилар қандай таърифлашади?

Дуриан етиштириладиган Осиё мамлакатларида бу мевага қисқа ва лўнда таъриф берилади: «Ташқи тарафи – дўзах, ичи – жаннат». Дуриан мевасининг вазни 1 дан 3 кг гача бўлиб, ўткир тиканлар билан ўралганлиги сабаб, кўриниши жуда агрессив. Бироқ, энг ёмони бу эмас – унинг ёқимсиз ҳиди кўпчиликнинг хафсаласини пир қилади. Дуриан ҳидини сўз билан таърифлаб бериш мумкинми? Хуллас, жазирамада тиқилиб қолган канализация, чириган балиқ ва ачиган пиёз бир вақтнинг ўзида қандай анқиса, дуриан ҳиди ҳам шунга яқин, десак, ҳақиқатдан узоқ бўлмайди.

Агар ушбу икки тўсиқни енгиб ўтиб, тиканлар ва жирканч ҳидни эътиборга олмай, дуриан мевасини ейишга ҳаракат қилинса,  унинг таъми қанчалар ажойиб эканини тушуниш мумкин. Бу меванинг таъмини тасвирлаш осон эмас ва уни ҳар бир киши ўзгача ҳис қилади. Шу маънода дурианнинг таъми жуда кўп қиррали эканлиги ҳақиқатдир. Кўпинча, истеъмолчилар дуриан таъмини бир вақтнинг ўзида қаймоқ суртилган папайя, ананас, қулупнай, манго, хурмо, ванил каби кўплаб меваларни истеъмол қилиш билан солиштириш мумкинлигини айтишади!

Шу боис, ҳатто Россияда ҳам дуриан жаҳондаги энг мазали мева эканлигига ишонадиганлар бисёр.  Хитойликлар эса дуриан импорти учун йилига 2 миллиард доллардан кўпроқ пул сарфлашади!  Бошқача айтганда, Тайланд дуриан бўйича жаҳон экспортининг 75 фоизига, Хитой эса импортнинг тўртдан уч қисмига эгалик қилади.

Албатта, Россия бу кўрсаткич бўйича ҳозирча Хитойдан узоқда, аммо 2021 йилда Россия Федерацияси биринчи марта жаҳондаги 30 та энг йирик дуриан импортёрларидан бирига айланиши мумкин. Бироқ, бу Россия бозорига дуриан етказиб беришнинг узоқ истиқболдаги катта потенциалидан далолат беради. Бу мамлакат аҳолисининг даромадлари даражаси бундан кейин сезиларли пасаймаса, албатта.

Нархлари, ёқимсиз ҳиди, беўхшов кўриниши ва ажойиб таъмидан ташқари, дуриан энг соғлом мевалардан бири. Кўпчилик уни витамин ва минералларнинг юқори миқдори туфайли суперфуд деб атайди. Дуриан мевалари кўп миқдорда магний, цинк, кальций, фойдали клетчаткалар, А, В, C гуруҳлари витаминларини ўз ичига олади ва бу айниқса, аёллар учун жуда муҳим. У фолий кислотасига ниҳоятда бой. Дуриан кучли бактерицид хусусиятларга эга эканлиги ҳам исботланган.

Дурианнинг Тайланддаги дам олувчилар орасида машҳур бўлишига сабаб шуки, маҳаллий аҳоли уни жинсий қувватни оширувчи кучли восита деб билади. Бундан ташқари, индол ва эстроген таркиби туфайли дуриан уни истеъмол қилувчи жуфтликда ҳомиладорлик эҳтимолини кучайтиради. Тўғри, меванинг бу хусусиятини тасдиқловчи махсус илмий далиллар йўқ ва бундай баёнотлар фақат қулай маркетинг ҳийласи бўлиши мумкин, лекин у ажойиб иш бермоқда.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, дуриан ўсадиган мамлакатларда уни меҳмонхоналарга олиб кириш таъқиқланади ва бу мевани самолётларда ҳатто ўта мустаҳкам ва герметик қадоқларда ташиш ҳам қатъиян маън этилади. Бундан ташқари, уни эмизикли ва ҳомиладор аёллар, юқори қон босимидан азият чекадиган  кишилар истеъмол қилмаслиги керак.

Шуни ҳам ёдда тутиш жоизки, кучли пўстлоғига қарамай, дуриан мевалари жуда юмшоқ ва узоқ муддатли транспортировка пайтида осонгина шикастланади. Бу ҳам унинг экспортини чекловчи омилдир. Дуриан, одатда, истеъмолчиларга авиатранспорт орқали етказилади.

Дуриан қандай етиштирилади?

Дуриан жуда баланд ўсадиган дарахтдир. Унинг баландлиги 40-50 метрга етиши мумкин. Шу боис, бу меванинг ҳосилини йиғиб олиш осон эмас, қолаверса, хавфли юмуш.

Дурианнинг саноат навлари биринчи ҳосилни кўчат экилгач, тўртинчи ёки бешинчи йилда беради, аммо, табиатда дурианнинг аксарият турлари уруғларидан униб чиққач, 15 йил ўтиб мева бера бошлайди. Айтганча, ёввойи табиатда дурианнинг кўплаб турлари мавжуд бўлса-да, улардан бир нечтасинигина истеъмол қилиш мумкин ва бундай навларни тропик мамлакатларда боғбонлар етиштиради.

Шу билан бирга, дурианнинг кўп навлари йилига икки маротаба ҳосил бериши мумкин. Қизиғи шундаки, бу дарахтнинг гуллари кечқурун очилади. Бундан ташқари, гулларининг ҳиди пишган меваси ҳиди каби ёқимсиз эмас. Бироқ, дурианни ҳашаротлар эмас, балки ҳайвонлар чанглатади – дуриан гулларининг ҳиди бу ноодатий меванинг асосий чанглатувчиси бўлмиш кўршапалакни жалб қилади.

Дуриан фақат тропик иқлим шароитида муваффақиятли ўстирилиши мумкин. Ташув жараёнидаги қийинчиликларни ҳисобга олсак, унинг ўзига хос таъмини тотиш ва албатта, чидаб бўлмас даражада ёқимсиз ҳидини туйиш учун у ўсадиган ерларга бориш керак.

Айтганча, май ойи бошида Тайланднинг Чантабири провинциясида ҳар йили халқаро дуриан фестивали ўтказилади. Энди у ердаги ҳидни бир тасаввур қилиб кўринг-а!

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Қувайт компаниялари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирмоқда

EastFruit

Куз фаслида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланади

EastFruit

Покистон ва Афғонистон Ўзбекистон мева-сабзавотлари импорти бўйича етакчи бўлди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин