Бош саҳифаЯнгиликларУкраинанинг малина бўйича рекордлари — музлатилган малина мамлакат боғдорчилигига тобора кўпроқ даромад келтирмоқда
Долзарб Махсус Янгиликлар

Украинанинг малина бўйича рекордлари – музлатилган малина мамлакат боғдорчилигига тобора кўпроқ даромад келтирмоқда

EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, 2021 йил август ойида Украина музлатилган малинанинг ойлик экспорти бўйича тарихий рекордларни янгилади. Атиги бир ой ичида мамлакат ташқи бозорга 5,6 минг тонна музлатилган малина сотишга муваффақ бўлди ва бунинг эвазига 21,5 миллион доллар даромад олди. Яна бир тарихий рекорд малинанинг ўртача бир килограмми 3,6 доллардан экспорт қилингани бўлди.

2014-2021 йилларда Украинадан малинанинг ойлик экспорти ҳажми

Бироқ, катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, бу рекордлар 2021 йилнинг сентябрь ойи натижаларига кўра янгиланади. Чунки, Украинадан ушбу маҳсулот экспортининг қизғин палласи, одатда, сентябрь ойига тўғри келади. Бундан ташқари, сентябрь ойида жаҳон бозорида музлатилган малина нархи бу резаворга бўлган талаб билан бир хил ўсишда давом этди. Украиналик резавор етиштирувчилар эса бу ойда, одатда, ремонтант малина навларини фаол йиғишади ва қайта ишлашади.

Малинанинг жисмоний жиҳатдан экспорти бўйича ойлик рекорд 2020 йилнинг сентябрида қайд этилган бўлиб, ўшанда мамлакатдан биринчи марта 4 минг тоннадан ортиқ маҳсулот экспорт қилинган эди. Шунга кўра, 2021 йилнинг август ойида экспорт аввалги рекорддан бирданига 44 фоизга ошди.

Малинанинг сўнгги йиллардаги ўртача экспорт нархлари эволюцияси ҳам қизиқ. Қуйидаги жадвалда кўриб турганингиздек, 2021/22 йилги мавсум бошида нархларнинг мисли кўрилмаган даражада ўсиши содир бўлди. Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, малина нархи бўйича рекорд 2021 йилнинг сентябрида яна янгиланади. Малина нархларининг ошиши сабаблари ва ушбу резавор билан боғлиқ бизнес рентабеллигининг бундай кескин ўсиши оқибатлари ҳақида биз «Малина «бум»и – 2» сарлавҳали материалда батафсил ёзган эдик.

Малинанинг ўртача экспорт нархи, $/кг

“2021 йилда озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон нархлари рекорди янгиланмоқда. Ва озиқ-овқат нархларининг бундай кескин ошишига барча асосий валюталарнинг ортиқча эмиссияси, ишлаб чиқилган таъминот занжирларининг узилиши, логистика харажатлари ошиши ва мамлакатлараро малакасиз ишчи кучи ҳаракатининг мураккаблашуви туфайли ишчи кучи танқислиги сабабдир. Бироқ, малинанинг жаҳон нархлари кўтарилиши алоҳида ҳолат – аслида, бу маҳсулотнинг глобал нархлари бошқа исталган озиқ-овқат маҳсулотларига қараганда кўпроқ ўсди», дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

“Аслида, музлатилган малина глобал миқёсда жуда кичик маҳсулотдир. Музлатилган малинанинг халқаро савдоси 1 миллиард доллардан кам ёки халқаро озиқ-овқат савдосининг тахминан 0,05 фоизини ва барча мева-сабзавот савдосининг 0,7 фоизини ташкил қилади. Сўнгги йилларда у арзонлиги учун оммабоп бўлиб кетди. Шунинг учун бугунги кунда нархлар кўтарилиши малинанинг, биринчи навбатда, жаҳондаги турли мамлакатлар озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилари орасида оммабоплигининг кескин ўсиши натижасидир. Бироқ, ушбу резавор нархининг кескин ошишига олиб келган асосий омил жаҳон бозоридаги лидер-мамлакат – Сербияда малинанинг ҳосилдорлиги ва сифати билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги хабарлар (2021 йилнинг июнь ойида етиб кела бошлаган) эди”, дейди ФАО эксперти.

Эксперт, шунингдек, музлатилган малинанинг жаҳон нархлари 2019 йилда қайта ўса бошлаганига эътибор қаратишни маслаҳат беради. Шунинг учун кўплаб мамлакатлар, жумладан, Украина 2020 йилда малина экиладиган майдонларни аста-секин ошириб, 2021 йилда уларни кескин  кенгайтирди. 2022 йил баҳорида экиш учун мўлжалланган малина кўчатлари кўплаб мамлакатларда аллақачон сотиб бўлинди. Шу сабабли, жаҳонда бу резаворнинг ортиқча етиштирилиши билан боғлиқ навбатдаги босқичга дуч келиниши мумкин.

“Мамлакатлар бўйича музлатилган малина импорти тенденциялари бўйича таҳлилимизда қайд этганимиздек, 2021 йилда резавор нархининг тез ўсиши туфайли кўплаб етакчи импортёр мамлакатларда ушбу резавор импортининг пасайиш тенденцияси кузатилди. Нархлар ўсганда, одатда, истеъмол камаяди. Жаҳонда ҳар хил турдаги резаворларнинг жуда кенг ва тез ўсиб бораётган танлови мавжудлиги сабаб, йогурт, сметана, қандолат ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун малина ўрнини босадиган маҳсулотлар етарличадир. Агар ишлаб чиқариш ўсса ва шу билан бирга, талаб камайса, оқибатлар нархлар учун салбий бўлиши мумкин»,  дея огоҳлантиради Андрий Ярмак.

EastFruit мутахассисларининг фикрича, келгуси мавсумда фермерлар малина учун шундай юқори нархларни мўлжал қилишлари даргумон. Албатта, об-ҳаво омили яна аралашмаса. Айтганча, малина плантациясини совуқдан ҳимоялаш ҳақидаги материални бу ерда ўқишингиз мумкин.

Музлатилган малина экспортининг ўсиш суръати бўйича қайси давлатлар етакчи экани ҳақида ушбу мақолада ўқинг ва импорт ўсиши бўйича лидер-мамлакатлар ҳақида бу ерда ўқинг.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда бир ҳафта ичида қовун нархи бир ярим баробар ошди

EastFruit

Сирдарё вилоятида анорнинг энг яхши Озарбайжон навлари етиштирилади

EastFruit

Украинада бодринг нархи рекордларни янгиламоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин