Бош саҳифаЯнгиликларУкраина ва Молдова олмаси Тожикистонда маҳаллий маҳсулотлар кўплигига қарамай, муваффақиятли сотилмоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Украина ва Молдова олмаси Тожикистонда маҳаллий маҳсулотлар кўплигига қарамай, муваффақиятли сотилмоқда

EastFruit маълумотларига кўра, Тожикистон бозорида Украина ва Молдовадан улгуржи олма партиялари пайдо бўлган, улар маҳаллий боғбонлар маҳсулотларининг нисбатан паст нархи ва ҳажмда ҳаддан зиёд эканига қарамай, жуда муваффақиятли сотилмоқда. Хўш, нега импорт қилинган қиммат олма харидоргир-у, маҳаллий маҳсулотлар арзон ва кўп бўлса-да катта қийинчилик билан сотилмоқда?

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маслаҳатчиси Бахтиёр Абдувоҳидовнинг сўзларига кўра, маҳаллий ва хориж олмаси бутунлай бошқа-бошқа сегментларда сотилади. «Супермаркетлар харидорлари импорт қилинган олмани афзал кўришади, чунки, у юқори сифат параметрларига эга: йирик калибрли, олма ҳажми ва ранги бўйича сараланган, ташқи кўриниши чиройли ва яхши сақланади. Бу эса табиийки, супермаркетлар рискини камайтиради», дейди эксперт.

Унга кўра, Молдова олмаси улгуржи тартибда 22 сомоний/кг дан (1 килограмми тахминан 1,95 доллар!) сотилаётган бўлса, Украина олмаси 19 сомоний (1,69 доллар) туради.  Бозорда Молдованинг «Голден Делишез» навли олмаси ва Украина қизил олмаси бор. Шу билан бирга, маҳаллий Тожикистон олмасини 2,5 баробар арзонга – 8 сомоний (0,71 доллар)дан, паст сифатли олмани эса улгуржи 3-4 сомоний/кг (0,26-0,36 доллар)дан сотиб олиш мумкин.

EastFruit компанияси олманинг улгуржи нархлари бўйича ўтказган мониторинг шуни кўрсатмоқдаки, Тожикистонда олманинг улгуржи нархлари Молдова ички бозорига нисбатан ўртача икки баробар ва Украинага нисбатан уч ва ундан кўп баробар юқори. Айни пайтда сифат жиҳатидан Молдова ва Украина олмаси Тожикистон олмасидан устун туради!

“Олма нархи юқорилиги фонида тожикистонлик боғбонлар олма бизнесидан хафсаласи пир бўлганини, у фойдасиз бизнес ҳисобланишини тез-тез эшитиб турамиз! Менимча, асосий сабаб мамлакатда интенсив боғдорчилик бўйича жуда катта билим ва тажриба етишмаслигидир. Бу эса кўплаб хатоларга олиб келади, ҳосилдорлик ниҳоятда кам, маҳсулот сифати эса Молдова ва Украинаникига нисбатан паст бўлади. Аммо замонавий боғдорчиликда бизнес муваффақияти маҳсулот сифати ва уни етиштириш самарадорлиги билан белгиланади”, дейди ФАО инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Бундан бир ярим йил аввал биз “Нега Тожикистон боғбонларининг интенсив олма боғларидан хафсаласи пир бўлган?” сарлавҳали мақолада, шунингдек, “Ўзбекистон, Қозоғистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларидаги интенсив боғдорчилик ҳамда олма бизнеси бўйича топ-10 асосий муаммолар” деб номланган мақолада ушбу муаммоларнинг сабабларини батафсил баён этиб, таҳлил қилган эдик.  Ўшандан бери технология борасида озроқ ютуқларга эришилди, аммо маҳсулот етиштириш ҳажми ҳам ортиб, олма нархига путур етказди ва кам маҳсулдорликка эришаётган боғбонларнинг муаммоларини кучайтирди.

Натижада 2021/22 йилги мавсумда Тожикистон олмасининг нархи ўтган йилга нисбатан ўртача 33 фоизга паст бўлган. Шунга қарамай, ҳозирнинг ўзида бозорда импорт қилинган олма мавжуд ва унга талаб юқори.

«Менимча, Тожикистонда олма етиштириш бўйича инвестициялар бизнесга профессионал ёндашув шарти билан (яъни, ҳам олма етиштириш, ҳам  ишлов бериш ва ҳам сақлаш бўйича) ҳали ҳам жуда жозибадор бўлиши ва мамлакатда олма нархининг юқори даражаси ҳисобга олинса, бизнес Украина ёки Молдовадагидан кўра даромадлироқ бўлиши мумкин», дея хулоса қилди Андрий Ярмак.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Сергей Алба: ер ости томчилатиб суғоришга йўналтирилган инвестициялар бир мавсумдаёқ ўзини оқлайди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин