Бош саҳифаЯнгиликларУкраина саккиз йил ичида энг кўп миқдордаги пиёзни экспорт қилди ва экспорт географиясини кескин кенгайтирди
Долзарб Махсус Янгиликлар

Украина саккиз йил ичида энг кўп миқдордаги пиёзни экспорт қилди ва экспорт географиясини кескин кенгайтирди

EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, Украина 2020/21 йилги мавсумда пиёз экспорти ҳажмини кескин ошириб, экспорт географиясини кенгайтирди. Ҳаммаси бўлиб, ташқи бозорга 6,5   миллион долларлик 34,1 минг тоннадан зиёд пиёз етказиб берилди.

Бу охирги саккиз мавсумдаги энг катта экспорт ҳажми бўлди, лекин рекорд даражага етмади. Чунки, 2012/13 йилги мавсумда, яъни, бундан тўққиз йил аввал Украина 54,3 минг тонна пиёз экспорт қилган эди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмакнинг фикрича: «Бундай экспорт натижаси катта муваффақият дея аташга арзимайди».

«Гап шундаки, ўтган мавсум давомида Украинада пиёз нархи рекорд даражада паст ҳолатда сақланиб турди – яъни нарх кг учун 9 АҚШ центига яқин эди, Европа Иттифоқидаги нархлар эса анча юқори бўлди. Украина бутун мавсум давомида жаҳонда пиёз нархи энг паст бўлган мамлакат сифатида қолди ва ўтган йили экспортнинг ўртача нархи тўрт йил ичидаги энг паст даражада бўлди. Бу экспорт саъй-ҳаракатларининг самарасизлиги ва паст сифат кўрсаткичларидан далолатдир, чунки, украиналик сабзавот етиштирувчилар ҳали ҳам тайёр маҳсулот эмас, хомашё етиштиришга эътибор қаратишмоқда. Агар аввалбошдан Украинада пиёз етиштиришда Европа Иттифоқининг сифат стандартлари қўлланганда ва савдогарлар ёки ишлаб чиқарувчилар экспортни рағбатлантириш билан мунтазам шуғулланганганда эди, унда экспорт рекорд  даражада бўлиши мумкин эди, маҳсулотларнинг ўртача нархи ҳам анча юқори бўлар эди. Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, Украина ўтган мавсумда 100 минг тоннадан зиёд пиёз экспорт қилишга қодир эди, бу фермерларнинг даромадларини камида 50 фоизга оширишда ёрдам берарди”, дейди эксперт.

Ўтган мавсум давомида пиёз нархи пастлиги натижасида кўпгина украиналик кичик фермерлар пиёз етиштиришдан воз кечишди. Шу боис, пиёзнинг улгуржи нархи айни пайтда бир йил аввалгидан икки баробар юқори. Кўриб турганингиздек, нархлар кўтарилиши экспорт ва маҳсулот сифати ошиши ҳисобига эмас, балки айрим ишлаб чиқарувчиларнинг пиёз етиштиришни рад этиши ва таклиф камайиши ҳисобига содир бўлди. Энди янги мавсумда, эҳтимол, пиёз экспорти яна сезиларли даражада камаяди.

Шунга қарамай, 2020/21 йилги мавсумда Украина пиёзининг экспорт географияси кенгайишини муайян ижобий ҳол дея аташ мумкин. Шу билан бирга, пиёзнинг ярмидан кўпи Европа Иттифоқи мамлакатларига етказиб берилди. Маҳсулотлар ЕИнинг 10 дан ортиқ давлатларига катта ҳажмда етказиб берилар экан, пиёзнинг асосий ҳажми Руминияга экспорт қилинди – бу умумий экспортнинг 40% дан кўпроқ улушини ташкил этади.

Пиёзнинг 18 фоизи Яқин Шарқ мамлакатларига худди МДҲ мамлакатларига экспорт қилинган миқдордагидек етказиб берилгани қувонарлидир. Бундан ташқари, Яқин Шарқда Украина пиёзи харидорлари сони ўсишда давом этди, асосий импортёрлар эса Ироқ ва Туркия бўлди. МДҲда украин пиёзини фақат Беларусь, Озарбайжон ва Молдова катта ҳажмда сотиб олди.

Осиёда Бангладеш биринчи марта Украина пиёзининг муҳим импортёри бўлди. Ушбу мамлакат Украинадан деярли 2 минг тонна  сабзавот харид қилди. Украинанинг Малайзия билан мева-сабзавот савдоси ҳам кенгайиб бормоқда. Малайзия олма ва голубикадан ташқари катта ҳажмдаги украин пиёзини ҳам сотиб ола бошлади. 2020/21 йилги мавсумда Малайзияга Украинадан 470 тоннадан зиёд пиёз экспорт қилинди. Умуман олганда, Осиё мамлакатлари пиёз экспорти улушининг 9 фоизини ташкил қилади.

Бундан ташқари, нашрларимизда имкон қадар кўп эътибор қаратилган Субсахар Африка мамлакатларига Украина пиёзининг илк тизимли экспорти йўлга қўйилгани ижобий ҳолдир. Камерунга 350 тоннадан зиёд, Сьерра-Леонега 140 тонна пиёз етказиб берилди. Бошқа бир қанча Африка мамлакатлари Украинадан ҳар бири 50 тоннага яқин пиёз импорт қилган. Бу жуда муҳим, чунки, Африка жаҳоннинг энг йирик экспортёри – Голландия учун  муҳим бозор ҳисобланади.

Шундай қилиб, Украина пиёзининг экспорти жуда яхши диверсификация қилинди.

Янги мавсумда ҳам ушбу савдо каналлари ушлаб турилса, яхши бўлар эди, лекин, ҳозирча нарх-наво конъюнктураси бунинг учун идеал эмас.

Дарвоқе, биз 2021 йилнинг август ойи бошида  Теlegram-каналимиз обуначилари ўртасида Шарқий Европанинг 2021/22 йилги мавсумида пиёз нархлари истиқболларига бағишланган сўровнома ўтказдик. Иштирокчиларнинг мутлақо аксарияти, яъни 68%и пиёз нархи ошади деб ҳисоблайди, 11% эса «пиёз нархи бир неча бор кўтарилади», деган вариантга овоз берган. Ва ҳозирча пиёз нархи бўйича оптимистик прогнозлар тасдиқланмоқда бироқ, мавсум эндигина бошланяпти.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда бир ой ичида олхўри нархи 3 баробар арзонлашди

EastFruit

Ўзбекистонда яшил булғор қалампирининг нархи кетма-кет учинчи ҳафта пасаймоқда

EastFruit

Ўзбекистон: эртаги узум ҳосили йиғим-терими авжида ва нархлар кескин пасаймоқда (фото)

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин