Бош саҳифаЯнгиликларСурхондарё вилоятида анор плантациялари 36 фоизга ошади
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Сурхондарё вилоятида анор плантациялари 36 фоизга ошади

Айни пайтда Ўзбекистондаги анор плантацияларининг ярмидан кўпроқ қисми Сурхондарё вилояти улушига тўғри келади. 2023 йил баҳорида мамлакатнинг ушбу ҳудудида анор боғлари майдонини 36 фоизга кенгайтириш режалаштирилган, дея хабар бермоқда EastFruit мутахассислари.

2022 йилнинг октябрь ойи бошидаги ҳолатга кўра, Ўзбекистонда анор боғларининг умумий майдони 15,5 минг гектарни  ташкил этди, шундан 8,65 минг гектари (республикадаги умумий майдоннинг 56 фоизи) мамлакатимизнинг энг жанубий ҳудуди – Сурхондарё вилоятида жойлашган.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Сурхондарьё вилоятидаги анорзорларнинг 3 787 гектарини ҳосилга кирган боғлар, 4 865 гектарини эса ҳали ҳосилга кирмаган ёш боғлар ташкил қилади.

Жорий мавсумда Сурхондарё вилоятида 43,4 минг тонна анор ҳосили йиғиб олинди. Бу 2022 йилда бутун мамлакат бўйича режалаштирилган анор етиштириш ҳажмининг 40 фоизини ташкил қилади.

Бундан ташқари, 2023 йил баҳорида Сурхондарё вилоятиа қўшимча яна 3 минг 114 гектар майдонда янги анор боғларини барпо этиш режалаштирилган. Шундай қилиб, мамлакатимизнинг ушбу ҳудудида анор плантацияларининг умумий майдони 11 766 гектарни ташкил этади, яъни, 36 фоизга ошади.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг худди шу вилоятида анорга ишлов бериш ва қайта ишлаш қувватлари ҳам оширилмоқда. 2021 йилда йилига 6 минг тонна анорни саралаш, калибрлаш ва қадоқлаш ҳамда 2 минг тонна анор шарбати ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий корхона фаолияти йўлга қўйилди.  Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида айтилган.

Сурхондарё вилоятида анорнинг “Гулоби”, “Қозоқи”, “Тошқўрғон”, “Ғайзара”, “Қора дона”, “Оқпар”, “Майский” каби ўнга яқин навлари етиштирилади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 5 октябрь куни Ўзбекистонда республика миқёсидаги биринчи анор фестивали бўлиб ўтди. Ушбу тадбирнинг манзили сифатида Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани танланди. Айнан шу туманда анор плантацияларининг асосий қисми жам бўлган.  Сурхондарё вилоятидаги умумий анор боғлари майдонининг 68 фоизи, Ўзбекистондаги умумий анорзорлар майдонининг 38 фоизи Шеробод тумани ҳиссасига тўғри келади.

2022 йилнинг октябрь ойи бошида Шеробод туманида 27,5 минг тонна анор ҳосили йиғиб олинди. Бу Сурхондарё вилоятида етиштирилган жами ҳосилнинг 63 фоизини ва 2022 йилги мавсумда бутун республика бўйича  режалаштирилган анор етиштириш ҳажмининг 25 фоизини ташкил этади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Миср давлати Ўзбекистон гилоси ва узумлари учун ўз бозорини очмоқда

EastFruit

Польша Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини оширишга тайёр

EastFruit

Ўзбекистон селекционерлари рокамболнинг янги навини яратишди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин