Бош саҳифаЯнгиликларСўнгги йилларда Ўзбекистондан тарвуз экспорти кескин ошгани тасодифми ёки янги тренд?
Долзарб Махсус Янгиликлар

Сўнгги йилларда Ўзбекистондан тарвуз экспорти кескин ошгани тасодифми ёки янги тренд?

2021 йилнинг январь ойи бошидан октябрь ойи охиригача Ўзбекистондан сархил тарвуз экспорти ҳажми жисмоний жиҳатдан 43 минг тоннани ташкил этди, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга камдир. Ўзбекистон тарвузини экспорт қилиш мавсуми аллақачон тугагани боис, бу рақам 2021 йил учун якуний натижага яқин бўлади.

Бироқ, 2021 йилда тарвуз экспорти бироз пасайганига қарамай, у кетма-кет иккинчи йил ғайритабиий даражада юқори бўлди, яъни 2017-2019 йиллардаги ўртача йиллик экспортдан 14 баравар кўп. EastFruit мутахассислари 2020-2021 йиллардаги экспорт ўсиши тасодифийми ёки бу янги тенденциянинг бошланиши ва мева-сабзавот сегментида мамлакат экспортини ошириш учун янги имкониятлар очилишими – шуни таҳлил қилишди.

Келинг, тарвуз экспорти ҳажми кескин ўсиши бошланишидан аввал ва кейин унинг географик тузилишини таҳлил қилишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Маълум бўлишича, 2020-2021 йилларда асосий импортёр давлатлар ва уларнинг етказиб беришдаги улуши кескин ўзгарган, буни қуйидаги иккита диаграммада кўриш мумкин.

Кўриб турганингиздек, экспорт кескин ошишидан аввал Тожикистон Ўзбекистон тарвузининг асосий харидори бўлган. У ерга барча маҳсулотларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи етказиб берилди. Уч давлат – Тожикистон, Россия ва Қирғизистонга эса тарвуз экспортининг 77 фоиз улуши тўғри келган.

Бироқ, 2020-2021 йилларда вазият кескин ўзгарди. Етказиб беришда Қозоғистоннинг улуши 55%гача, Россияники эса 33% гача ошди. Шундай қилиб, Ўзбекистон тарвузи экспортининг 88 фоиздан ортиғи икки давлат ҳиссасига тўғри келди, улардан бири авваллари асосий сотув бозорлари қаторига умуман кирмаган!

Етказиб бериш ҳажмидаги ўзгаришларга эътибор қаратиш янада қизиқроқ ва бу Ўзбекистон экспортининг ўсиши тасодифми ёки вақтинчалик, деган саволга жавоб топишда ёрдам бериши мумкин.

Таъминот ҳажми ўсиши нуқтаи назаридан, биринчи навбатда, икки давлат – Қозоғистон ва Россия эътибор тортмоқда. 2021 йилда бу икки давлатга 2019 йилга нисбатан 36 минг тонна кўп тарвуз экспорт қилинди. 2020 йилда уларнинг Ўзбекистон тарвузи экспортидаги улуши янада юқори бўлди. Демак, 2022 йилда ҳам мазкур мамлакатлар Ўзбекистонда тарвуз сотиб оладими-йўқми – буни тахмин қилиш учун уларда ўзбек тарвузига талаб бирданига нега бунчалик ортиб кетганини тушуниб олиш керак.

Айтганча, харидларни кўпайтирган Қирғизистон, Беларусь ва Молдовани ҳам ҳисобдан чиқариб ташлаб бўлмайди.

Келинг, Россия Федерацияси ва Қозоғистон тарвузларининг халқаро савдоси статистикасига мурожаат қилайлик. Маълум бўлишича, бу икки давлат 2020 ва 2021 йилларда тарвуз импорти ҳажмини кескин оширган. Дарвоқе, 2020 йилгача ўзи тарвузнинг асосий экспортёрларидан бири саналган Россия экспортни кескин қисқартириб, импортни оширди.

Ўзбекистонда тарвузнинг турли даврларда пишиб етилиши, шунингдек, асосий импортёр давлатлар – Россия ва Қозоғистон ҳисобга олинса, ушбу мамлакатларда кўпроқ эртаги тарвузга талаб ошганга ўхшайди. Анъанага кўра, россиялик истеъмолчилар тарвузни август ойидан аввалроқ сотиб олишни афзал кўришмас эди, бунга сабаб, қисман эртаги тарвузларда нитрат миқдори юқори бўлиши ва яна қисман уларнинг таъм сифати пастлигидан хавфсирашдир.

Бироқ сўнгги пайтларда вазият ўзгара бошлади, бизнингча, бу қисман Ўзбекистондан тарвуз етказиб берилиши билан боғлиқ. Ўзбек тарвузи анча эрта пишади ва шакар миқдори юқори, буни россиялик ва қозоғистонлик истеъмолчилар пайқамай қолишмади. 2021 йилнинг май ойида Ўзбекистон 2,4 минг тоннадан ортиқ, июнь-июль ойларида эса 40 минг тоннадан ортиқ тарвуз экспорт қилган!

Шунга кўра, Ўзбекистондан тарвуз экспортининг кескин ортиши катта эҳтимол билан тасодиф эмас, балки янги бозор имконияти, деган хулосага келиш мумкин. Сўнгги икки йил ичида гилос ва ўрик қатори ёзда тарвуз ҳам мамлакатнинг асосий экспорт позицияларидан бирига айлангани бежиз эмас. Аммо шуни ёдда тутиш жоизки, тарвуз экспорти ва унинг географиясини янада кенгайтириш учун ўзбекистонлик фермерлар тарвузнинг ҳажм жиҳатидан кичикроқ ва уруғсиз навларига ҳам эътибор қаратишлари лозим.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

2021 йилнинг ўтган 11 ойида Ўзбекистонга картошка импорти 2020 йилги умумий кўрсаткичдан ошиб кетди

EastFruit

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги фаолияти учун 100 кг гача оғирликдаги дронлардан фойдаланишга рухсат берилди

EastFruit

Ўзбекистонда бир ҳафта ичида қовун нархи бир ярим баробар ошди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин