Бош саҳифаЯнгиликларСўнгги бир ҳафта ичида Ўзбекистондан шафтоли экспорти кескин ўсди: бунинг сабаблари нимада?
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Сўнгги бир ҳафта ичида Ўзбекистондан шафтоли экспорти кескин ўсди: бунинг сабаблари нимада?

EastFruit мутахассислари сўнгги бир ҳафта ичида Ўзбекистондан ташқи бозорларга, асосан, Россияга шафтоли/нектарин юборишда фаоллик ошганини қайд этишмоқда. Бозор иштирокчиларининг фикрига кўра, экспорт ҳажми ўсишига бир қатор омиллар сабабдир. Ушбу маҳсулотни етказиб бериш ҳажми ортиши, улгуржи нархлар пасайиши ва Россия бозорига шафтоли экспорт қилиш бўйича лидер мамлакат – Туркиядан  маҳсулотлар камайгани шулар жумласидандир.

Шафтоли Ўзбекистон мева сегментида экспорт даромадларининг муҳим манбаи бўлиб, аҳамияти жиҳатидан бу позицияни гилос билан таққослаш мумкин. Иккала позиция ҳам сархил хўраки узумдан кейин иккинчи ўринда туради. 2020 йили Ўзбекистон 85,8 минг тонна шафтоли, жумладан, нектаринни 64,9 миллион AҚШ доллари миқдорида экспорт қилди. Аммо 2021 йилги мавсумда Ўзбекистон шафтолисининг ҳосили қиш ойлари ва баҳор бошида кузатилган об-ҳаво аномалияларидан жиддий зарар кўрди. Натижада, ушбу маҳсулот учун юқори нархлар юзага келди, бу ўтган йилги даражадан қарийб икки баравар баланд кўрсаткичдир. Июнь ойи ўрталарида Ўзбекистон шафтолиларини йиғиб олиш бошланганида EastFruit  «Россия бозорида Туркия билан рақобатлашиш учун Ўзбекистондаги шафтоли нархи кескин пасайиши керак» деб ёзган эди. Ва ўша мақолада Ўзбекистон шафтолисининг рақобатдош нархлари  асосий анъанавий ташқи савдо бозори – Россияда юқори эканини қайд этди. 17 июнь ҳолатига кўра, сифатли шафтоли учун ўртача улгуржи нарх 25 000 сўм/кг ($2,4) ни ташкил этган. Шундан буён нархлар деярли икки баравар пасайди; 2021 йилнинг 22 июль ҳолатига кўра, ички бозорда шафтоли учун ўртача улгуржи нарх – 13 000 сўм/кг ($1,23). Аммо барибир ўтган йилларга қараганда бу анча юқори нарх. Масалан, 2019 йилнинг шу санасида шафтолининг ўртача улгуржи нархи 5 000 сўм/кг ($0,58) эди. Шу билан бирга, 2021 йилги мавсумда Россия бозоридаги ўртача улгуржи нархлар аввалги йилларга қараганда паст.

Шунингдек ўқинг: 2021 йилги мавсумда Ўзбекистондан шафтоли экспорти кескин камайиши мумкин

Бироқ, логистика хизматлари бозори иштирокчиларининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг июль ойи ўрталаридан бошлаб, яъни 15 дан 22 июлгача бўлган даврда шафтоли / нектаринни Ўзбекистондан Россияга жўнатиш учун транспорт воситаларига сўровлар сони кескин ошди. Aгар биз июль ойининг биринчи ярмидаги ўхшаш даврлар билан таққосласак, сўровлар даражаси том маънода бир неча баравар юқори эканлигини кўрамиз. Ушбу маҳсулотларни экспортга жўнатиш фаоллашувига нархлар пасайишидан ташқари қайси омиллар сабаб ва экспортни кўпайтириш учун қай бир омил етарли эмас?

Ўзбек экспортёрларининг фикрига кўра, асосий сабаб об-ҳаво аномалиялари, фақат бу бошқа қитъада – Европададир. EastFruit мутахассисларига берган интервьюсида йирик экспорт компанияси «Мusaevs Exim» МЧЖ раҳбари Нодирбек Мусаев бу ҳақда батафсил гапириб берди:

“Биринчидан, июль ойи ўрталаридан бошлаб, Ўзбекистон ички бозорида экспортга мўлжалланган нектаринлар бўйича таклиф сезиларли даражада ошди. Бундан ўн кун аввал ҳам экспорт учун маҳсулот ҳажми оз эди. Бошқача айтганда, сўнгги ҳафта давомида бозорга катта миқдордаги тармоқ сифатли нектаринлар кира бошлади.

Иккинчидан, билишимча, бу йил Европа мамлакатларида данакли меваларни йиғиб олишга баҳор ва ёз бошида ҳукм сурган кучли совуқ, ёмон об-ҳаво ва бошқа аномалиялар жиддий таъсир кўрсатди. Шу сабабли, бу йил Туркиядан шафтоли/нектарин экспортининг асосий йўналишлари Европа Иттифоқи мамлакатларидир, ўз навбатида, Россия бозорида турк экспортёрларидан таклифлар кам. Маълумки, Туркия ушбу маҳсулотни Россия бозорига етказиб берувчилар орасида етакчи саналади. Мазкур вазият Россияда тармоқ сифатли нектариннинг амалдаги нархларини ушлаб туришда асосий омил бўлмоқда. Россия ритейлерлари тармоқ сифатли нектаринларни кг учун тахминан 1,60 доллардан сотиб олишмоқда. Москванинг энг йирик улгуржи бозори – «Фуд Cити» да, ушбу сифатдаги нектаринлар нархи 120-130 рубл/кг ($1,63-1,76) оралиғида баҳоланмоқда. Ушбу сифатдаги нектаринни Ўзбекистон ички бозоридаги таклифлар таққосланганда, мазкур маҳсулот экспорти экспортёрлар учун иқтисодий маъно касб этади”.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин