Бош саҳифаЯнгиликларШирин картошка — Европа Иттифоқи бозорига экспорт учун истиқболли экин
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ширин картошка – Европа Иттифоқи бозорига экспорт учун истиқболли экин

Соғлом овқатланиш тенденциялари ва вегетарианлик бутун жаҳонда, айниқса, Европа Иттифоқи мамлакатларида тобора оммалашиб бормоқда. Америка Ширин картошка маркетинг институти (АSPMI) олиб борган фаол маркетинг кампанияси, шунингдек, ушбу сабзавотдан чипс, фри, шўрвалар ёки яримтайёр таомлар тайёрланиши туфайли ширин картошка Европадаги сабзавотлар орасида савдоси энг тез ўсиб бораётган маҳсулотлардан бирига айланди. EastFruit жамоаси айнан шу боис мазкур сабзавотга эътибор қаратди.

Энг йирик импортёр Европа савдо хаби – Нидерландия ҳисобланади. 2016-2020 йиллар давомида ушбу мамлакатга ширин картошка импортининг ўсиш суръати 17% ни ташкил этган.  Бу кўрсаткич худди шу даврдаги ширин картошка импортининг глобал ўртача ўсиш тенденциясидан (11%) ҳам юқоридир. Ширин картошка Шимолий Европа мамлакатлари – Буюк Британия, Германия, Франция, Бельгия ва ҳатто Канадада ҳам машҳур.

Фото: Печда пиширилган батат

Сўнгги бир неча йил ичида Яқин Шарқ мамлакатларидан талаб ортиб бормоқда – Саудия Арабистони сўнгги уч йил ичида рекорд даражадаги импорт билан ширин картошка импортёрлари ўнталигига кирди – у 2020 йилда 20,5 минг тоннадан ортиқ ширин картошка импорт қилган (2021 йил учун ушбу мамлакатга тааллуқли маълумотлар ҳали мавжуд эмас).

Бизнинг минтақада ҳам ширин картошка истеъмол қилинмоқда. Россия (2021 йилда 2,9 минг тонна ширин картошка импорт қилган), Болтиқбўйи мамлакатлари (Латвия – 744 тонна, Эстония – 524 тонна ва Грузия – 53 тонна) шулар жумласидандир.

Ширин картошка нима ва унинг фойдали жиҳатлари қандай?

Иссиқликни хуш кўрувчи ширин картошка (Ipomoea  batatas), шунингдек, батат деб ҳам аталади, оддий картошкага мутлақо алоқадор эмас. Ширин картошка икки уруғ паллалилар оиласига, одатий картошка эса итузумдошлар оиласига мансубдир. Ширин картошканинг калорияси бироз юқорироқ ва одатий картошкага нисбатан деярли 10 баробар кўпроқ натрий, икки баробар кўпроқ кальций ва бироз кўпроқ шакар ҳамда озуқавий толалардан таркиб топган.

Ширин картошка истеъмол қилинганда ретинол (А витамини)га айланадиган бета-каротиннинг юқори миқдори ва глютен  камлиги туфайли у соғлом турмуш тарзига дахлдор егулик саналади. Ушбу экин болалар озуқасининг таркибий қисми сифатида кенг қўлланади ва батат, айниқса, соғлом озиқ-овқат истеъмол қилишни истайдиган ёшлар орасида жуда машҳур.

Ширин картошканинг гликемик индекси (ГИ) жуда паст. Маълумки, ГИ –  озиқ-овқат таркибидаги углеводларнинг қондаги глюкоза даражаси ўзгаришларига таъсири бўйича нисбий ўлчов бирлигидир. ГИ паст углеводларнинг ҳазм бўлиши, сўрилиши ва метаболизмда иштирок этиши секинроқ ҳамда қондаги шакар миқдорининг (инсулин даражасида) камроқ ва сустроқ ошишига олиб келади. Шунинг учун ширин картошка парҳезбоп қандолатчиликда кенг қўлланади. Аммо ширин картошкадан фойдаланган ҳолда парҳез қилишни режалаштираётганда шунга эътибор қаратиш керакки, ГИ сабзавот ўсадиган жой, шунингдек, таомни тайёрлаш усулига боғлиқ. Масалан, қайнатилган бататда ГИ қовурилганига нисбатан пастроқдир.

Фото: Бататли брауни

Ширин картошка навларининг кенг ассортименти мавжуд. Перунинг Лима шаҳридаги Халқаро картошка маркази (CIP) генетик банкида бататнинг 6000 дан зиёд навлари бор. Ширин картошканинг пўстлоқости ранглари бир неча хил – оқ, сариқ (orange flesh sweet potato), у бета-каротиннинг юқори миқдори билан ажралиб туради. Шунингдек, навлар ширинлиги ва таркибидаги қуруқ моддалар билан ҳам фарқланади.

Фото: Бататдан тайёрланган нон

Ширин картошкани қаерда ва қай тарзда етиштириш керак?

Ширин картошка жаҳонда энг кўп етиштириладиган маҳсулотлар орасида еттинчи ўринда туради. Бу экин Ҳиндистоннинг нам иқлимида ҳам, Марказий Осиёнинг қурғоқчил ҳудудларида,   Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам яхши ўсади.  Ширин картошка турли агроиқлим шароитларига жуда осон мослашади. Аммо, ўсимлик нолдан паст ҳароратларга тоқат қилолмайди. Ушбу «меҳнатсевар» ўсимлик узоқ вегетатив мавсумни бошдан кечириб, иссиқликни яхши кўради ва узоқ давом этувчи иссиқ ёзда камида 150 кун жуда яхши ўсади.

Вегетация даврида ширин картошка учун 15 дан 33 °C гача бўлган ҳарорат оралиғи талаб қилинади, шу билан бирга, оптимал ҳарорат 20 дан 25 °C гачадир. Энг юқори маҳсулдорлик кундузги юқори ҳарорат (25-30 °C)да, кечаси эса паст ҳарорат (15-20 ° С)да бошланади; тунгги паст ҳарорат илдиз ҳосил бўлишига, кундузги юқори ҳарорат вегетатив ривожланишга ёрдам беради. Аммо, сабзавотнинг ривожланиш жараёни фақат 20 дан 30 °C гача бўлган ҳарорат оралиғида, оптимал 25 °C да содир бўлади ва одатда, 10 ° C дан пастроқда тўхтайди.

Одатий картошкадан фарқли ўлароқ, ширин картошка куртаклари тилимланиб кўпаяди. Бу шуни англатадики, қиш учун уруғлик материаллар билан омборни тўлдириш шарт эмас. Масалан, 1 гектар батат экиш учун 3 тонна уруғлик материали керак бўлади.

Грузиядаги Халқаро Картошка Маркази (CIP) вакили Русудан Мдиванининг сўзларига кўра, ширин картошкани одатий картошкадан аввал ёки кейин алмашлаб экиш мумкин. Бу кичик парчаларга бўлинган ерлардан иборат мамлакатлар учун жуда муҳимдир. Иккала экин ҳам турли оилаларга мансуб  бўлгани сабабли, уларнинг зараркунандалари ва касалликлари ҳам ҳар хил. Бататнинг афзалликларидан бири шундаки, Колорадо картошка қўнғизи уни емайди, лекин бу  зараркунандалар ҳужум қилмайди, дегани эмас.  Украинанинг «Агроанализ» компанияси вакили Вадим Дудка бир неча бор ширин картошканинг асосий касалликлари ва зараркунандаларига эътибор қаратган – улардан энг хавфлиси нематодалар, ўсимлик канаси ва  битидир.

Мдивани хонимнинг фикрича, алмашлаб экишда ширин картошкадан фойдаланиш бир гектаргача ерда маҳсулот етиштираётган деҳқонга юқори ҳосил ва барқарор даромад олиш, фойдали экин етиштириш имконини беради. Зеро, бататни босқичма-босқич экиш ва аста-секин йиғиб олиш мумкин. Аммо муаммо шундаки, бу икки экин турли иқлимларни яхши кўради.  Шунинг учун бататни Грузиянинг субтропик минтақаларига экиш тавсия этилади.

Экиннинг салоҳиятини намойиш этиш учун USAID дастури 2022 йилнинг баҳорида Самцхе-Жавахети минтақасидаги лойиҳа питомнигида вирусдан ҳоли кўчатлар етиштириш мақсадида ширин картошка қаламчаларини импорт қилишни режалаштирмоқда.

Шунингдек ўқинг: Татьяна Ивченко: Украинада «ширин картошка» (батат)нинг саноат плантациялари барпо этилмоқда, аммо ҳозирча улар «қонун доирасидан ташқарида» ҳисобланади

Ширин картошкани тижорат мақсадларида етиштириш Украинада ҳам фаол ривожланмоқда, у ерда бататнинг маҳаллий навлари устида иш олиб бориляпти. Мамлакат жануби – Одесса вилоятида Украина супермаркетларида сотиш учун органик ширин картошка етиштирилган.  Молдовада эса ҳатто Ширин картошка етиштирувчилар клуби ҳам мавжуд.

Батат жуда маҳсулдор экин – гектарига 40 дан 100 тоннагача ҳосил беради. Аммо барча сабзавотлар ҳам тижорат сифатига эга эмас. Оғирлиги камида 400 граммлик товар бататини олиш учун суғориш тадбири зарур. Аммо намлик кўплиги сифатга салбий таъсир кўрсатиши ва қора чиришнинг ривожланишига олиб келиши мумкин.

Ширин картошка пахта қўлқопларда қўл меҳнати билан йиғилади, чунки, сабзавотнинг пўстлоғи  нозик, у тез шикастланади.  Ширин картошка йиғим-теримдан кейин метаболик фаол бўлиб қолади. Шунинг учун ҳосил йиғиб олингач, уни дарҳол  «даволаш» тавсия этилади, яъни curing усули – тупроқдан тозалаш ва далада Цельсий шкаласи бўйича 29-30 даража ҳарорат (лекин 24 даражадан паст бўлмаган)да поялар  қатлами остида 24 соатгача қолдиришдир. Ушбу усул сабзавотнинг қуриниб олишига имкон яратиб, шикастланишдан асрайди.  Шундан сўнг маҳсулот сараланади, ювилади ва 1-2 кун ичида қуритиш ва бутунлай қотиши учун стеллажлар ёки ярим тўлдирилган тоза пластик қутиларга солинади. Ушбу процедура сабзавотнинг пўстлоғи қалинлашиши ва жароҳатлари битиши туфайли яхши сақловни таъминлайди, шунингдек, маҳсулотнинг таъм сифатини ҳам оширади.

Паст ҳароратга муҳтож  одатий картошкадан фарқли ўлароқ, ширин картошка 10-12 даража ҳароратда ва 90-95% нисбий намликда сақланади.  Сабзавотлар навига қараб, 6-10 ой давомида шамоллатиладиган пластик идишларда сақланади.  Сақлаш вақтида сабзавот ойига 0,5-1,5% вазн йўқотади.

Даромад ҳақида нима дейиш мумкин?

Экин иқтисодиёти жуда жозибали. Мдивани хонимнинг фикрича, Грузияда ширин картошка етиштириш фермерга одатий картошка етиштиришдан 5-6 баробар арзонга тушади. Тбилиси ритейлида эса нархлар жуда ажойиб – 8 дан 12 лари/кг гача (2,60 – 3,85 доллар/кг)дир. Аммо, шуниси ҳам борки, ширин картошканинг рекламаси ва маркетинги учун алоҳида сармоя зарур.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғдорчилик ва сабзавотчиликдаги юқори технологиялар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига қандай таъсир кўрсатади – EastFruit семинарида ушбу саволга жавоблар

EastFruit

Япониялик ҳамкорлар иссиқхона технологияларини Ўзбекистон кластерлари ва фермерларига ўргатишга тайёр

EastFruit

Марказий Осиёнинг ёзги иссиқ иқлимида иссиқхонани қандай совутиш керак (видео)?

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин