Бош саҳифаЯнгиликларСербияда малина териб олишга ҳатто Ҳиндистон ва Мўғулистондан мавсумий ишчиларни жалб қилмоқдалар
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Сербияда малина териб олишга ҳатто Ҳиндистон ва Мўғулистондан мавсумий ишчиларни жалб қилмоқдалар

2021 йилда малинага талабнинг ошиб кетиши ушбу резаворга нисбатан қизиқиш нафақат “малина буми” иккинчи бор юз бераётган Украинада, балки малинани саноат усулида етиштириш билан шуғулланувчи Польша, Сербия, Босния ва Герцеговина ҳамда бошқа мамлакатларда ҳам яна кучайиб кетди.

Шу билан бирга, EastFruit экспертларининг фикрича, кўплаб инвесторлар малина майдонларини кенгайтирар экан, мевани йиғиб-териб олиш учун арзон ишчи кучи нақадар муҳим эканлигига етарли эътибор қаратмаяптилар. Чунки ҳозирда малинани комбайнда териб олиш резавор сифатига зарар етказиши туфайли ҳатто музлатиш эҳтиёжлари учун ҳам ярамайди.  Натижада, қўлда терилган мевадан машинада терилгани анча арзон юради. Демак, кейинги йилданоқ малина териш учун ишчи кучи нархлари кўплаб мамлакатларда кескин кўтарилиши мумкин.

Сербиядаги ҳолат бунга ёрқин мисол бўла олади. Спутник Сербиянинг ёзишича, малина териб олиш учун ишчи кучи етишмовчилиги ишлаб чиқарувчиларни ҳатто Ҳиндистон ва Мўғулистон сингари экзотик мамлакатлардан ишчи қидиришга мажбур қилмоқда. Музлатишга мўлжалланган малинанинг ҳозирги рекорд даражада юқори нархлари Сербияда $4,2-4,9/кг га етган. Бу эса назарий жиҳатдан ишчи кучини Ер шарининг исталган нуқтасидан олиб келишга имкон беради-да! Бироқ коронавирус пандемияси ва вақти-вақти билан юзага келаётган халқаро йўналишлардаги чекловлар шароитида бу масалада жиддий муаммолар келиб чиқмоқда.

Шунингдек ўқинг:  Буюк Британиядаги иссиқхона сабзавотларини етиштирувчи энг йирик компанияси ишчилар етишмовчилиги сабаб катта зарар кўрмоқда

Шу боисдан, айни пайтда резавор терувчи ишчилар асосан минтақа мамлакатлари, аввало Албаниядан келиб ишлаяпти. Албан ишчиларига Сербияда малина йиғим-терими учун қанча тўлашади? Манбаларнинг маълум қилишича, серб малинасини тераётган албан мавсумий ишчилари кунига 30 евро ҳақ олади. Айни пайтда уларга бепул овқат ва яшаш учун жой берилади.

EastFruit экспертларининг қайд этишича, бу ишчиларга кунига ўртача 500 дан 600 гривенгача (16-20 евро) тўланадиган Украинадаги малина терими иш ҳақларидан анча баланд. Аммо Украина малинанинг ўзини ҳам Сербияга қараганда арзонроқ нархда экспортга чиқаради. Чунки Сербия сифатли малинани қиммат нархда сотиш мумкин бўлган АҚШ ва Канадага музлатилган малина экспорт қилувчи энг йирик етказиб берувчилардан бири ҳисобланади. Украина эса ушбу мамлакатларга экспорт қилишни энди-энди бошлади.

Дарвоқе, тайёр маҳсулотни қиммат нархда сотиш Украинага ҳам иш ҳақи паст, ишчи кучи эса кўп бўлган мамлакатлардан мавсумий ишчиларни жалб қилиш тўғрисида ўйлаб кўриш имконини берган бўларди. Масалан, Тожикистон ёки Ўзбекистондан. Бироқ бу борада ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўлиши керак. Сербияда аграр масалалар вазирлиги бундай ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлайди ва хорижий мавсумий ишчиларни жалб қилиш, уларни легал ишга жойлаштириш учун шарт-шароитлар яратиб бермоқда.

Малинанинг нархлари юқорилигича қолар экан, Сербия аллақачон Осиёнинг ва Африканинг бошқа мамлакатларидан арзон ишчи кучини жалб қилишни режалаштирмоқда. Мамлакатда ишчи кучини импорт қилишга ихтисослашган, шунингдек, серб малинаси етиштириладиган асосий минтақаларда ишчиларни турар жой ва озиқ-овқат билан таъминлайдиган компаниялар пайдо бўлмоқда.

Айни пайтда эса Украинада фақатгина плантацияларни кенгайтириш масаласи кун тартибига чиққан. Ҳолбуки, ҳозирнинг ўзида резаворларни териб олишга ишчи топиш осон эмас.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда қовуннинг улгуржи нархлари икки ҳафта ичида 1,5 баробарга ошди

EastFruit

Ўзбекистонда 2022 йилнинг май-июль ойларида қовун экспорти икки баробар ошди

EastFruit

Қозоғистонда олмадан юқори ҳосил кутилмоқда — унинг ҳаммасини сотиш имкони борми?

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин