Бош саҳифаЯнгиликларРоссиялик боғбонлар сентябрдан апрелгача бўлган даврда олма импортига квоталар киритилишини сўрашмоқда
Янгиликлар

Россиялик боғбонлар сентябрдан апрелгача бўлган даврда олма импортига квоталар киритилишини сўрашмоқда

Россия боғбонларининг саноат уюшмалари мамлакат бош вазирига олма импортининг квоталарини Россияда ушбу мевани оммавий йиғиш ва сотиш даврида – сентябрдан апрелгача жорий этиш талаби билан мурожаат қилишди. Уларнинг Вазирлар Маҳкамаси раҳбарига ёзган мактубида айтилишича, ишлаб чиқариш таннархи ошиб бориши ва маҳсулот кўп миқдорда импорт қилиниши фонида кўплаб боғбонлар банкротлик ёқасига келиши ва олма  импорти ўрнини босиш дастури бузилиши мумкин.

Уюшмалар қайд этганидек, 2021 йилда ўғитлар, ўсимликларни ҳимояловчи воситалар, контейнерлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва ҳоказоларнинг нархи ошиши ҳисобига олма етиштириш қиймати ўртача 50%га ошди. Шу вақтда ички бозорга, асосан, Эрон ва Молдовадан арзон хорижий олмалар кириб келди. Ва бу улгуржи нархлар пасайишига сабаб бўлди, деди Ставрополь ўлкаси Питомник етиштирувчилар ва боғдорчилик ассоциацияси раҳбари Ойдин Ширинов. Шундай қилиб, ёзги олмани улгуржи харидорга сотиш нархи у йилдан бу йилгача икки баравар тушди.

Саноат уюшмаларининг баҳоларига кўра, Россияда ҳар йили тахминан 1,2 миллион тонна олма етиштирилади, қарийб 1 миллион тоннаси импорт қилади. «Кубан боғбонлари» раҳбари Николай Щербаковнинг айтишича, фаол мавсумда олма импорти нархи истеъмолдан 40 фоиз даражада чекланган бўлиши керак.

Россия Боғдорчилик ассоциацияси президенти Игорь Муханиннинг айтишича, ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши боғбонларнинг рентабеллигига кучли таъсир қилган. Унинг сўзларига кўра, энди ишлаб чиқаришнинг барча компонентлари қимматлашмоқда: илгари 1 гектар интенсив боғ учун тахминан 1,5 миллион рубль талаб қилинган – томчилатиб суғориш, экин экиш материаллари ва шпалералар учун.

«Темир 2,5 баробар, устунлар 50% қимматлашган, экин экиш материалларини энди 200 рублга сотиб олиш имконсиз, фақат 350-380 рублга олиш мумкин. Томчилатиб суғориш тизими нархи 15-20%га қимматлашди», деди Муханин «Aгроинвестор«га.

«Брянск боғи»нинг бош директори Олег Кобецнинг айтишича, боғ яратиш нархи ўтган йилга нисбатан 20-25% га ошган. Унинг сўзларига кўра, келгуси йилда компания учун (унинг боғларида ёш олма дарахтлари бор, биринчи йирик ҳосил 2022 йилда йиғиб олиниши кутилмоқда) олмани маҳсулот етиштиришнинг жорий қиймати бўйича 45-50 рубль / кг нархда сотиш қулай бўлар эди.

«Бу ҳолатда рентабеллик бўлар эди», деди у «Aгроинвестор»га. Кобецнинг фикрича, олма импортини квоталаштириш боғбонларга ёрдам бериши мумкин.

«Ишлаб чиқариш таннархи қарийб 30%га ошган бир пайтда олма нархи, аксинча, худди ўшанча миқдорда камайди», дейди «Aгроном-Сад» компанияси бош директори Aлексей Волочай. «Умумий фарқ  60%ни ташкил қилмоқда ва биз аллақачон рентабеллик ёқасида турибмиз. Ҳозир биз каби мустаҳкам захираси бўлмаган кичик фермер хўжаликлари мавжуд бўлишини тасаввур қилиш қийин», деди у.

Ишлаб чиқариш компонентлари таннархи кўтарилиши фонида олма нархи ўтган йилги 20 рубл / кгдан бу йил 30 рубл / кг гача ошди дея таққослади Муханин. Уларни худди шу 30 рубл / кгга сотишга тўғри келади. Лекин боғбонлар ёзги олма (у кам) ҳақида эмас, оммавий олма йиғим-терими бошланадиган кузги олма ҳақида қайғуришяпти. Уюшма раҳбарининг сўзларига кўра, сентябрдан январгача бўлган даврда, Россия олмаси профицитда бўлганида импорт чекловларини жорий этиш керак.

Боғдорчиликнинг асосий таркибий қисмларидан бири –  маҳсулотни сақлаш. «Ўтган йилнинг сентябрь ойида менинг корхонам 1 минг тонналик биринчи музлатгични қуришни режалаштирган эди. Ўшанда у 50 миллион рубль бўлган, ҳозир эса 78 миллион рублдир. Майдонча, кириш жойлари ва ҳоказолар учун харажатлар бу нархга қўшилмаган» дейди Муханин. Худди шу вақт Шарқий Европада Европа Иттифоқи расмийлари фермерлар фойдаланиши учун минглаб замонавий омборхоналар қурди.

«Ва улар ҳосилнинг 80-85 фоизини ушбу омборхоналарда сақлашади. Қолганлари, 15-20 фоиз сифатсиз маҳсулот Россияга таннархидан паст баҳода юборилади ”, дейди Муханин. «Шу билан бирга, бу ёндашув россиялик йирик фермер хўжаликларига халал бермайди – уларнинг ўзида сотиладиган олма учун замонавий омборхоналар мавжуд. Шундай қилиб, зарбанинг асосий қисми омбори йўқ деҳқонларга тегади».

Сақлаш омборлари мавжудлиги нархларнинг мавсумий пасайиши шароитида компания ўзига ишонч билан ҳаракатланишига имкон беради, дея изоҳ берди «Степь» агрохолдинги («Система» АФК таркибига киради) бош директори Андрей Недужко. «Лекин боғбонларнинг ҳаммаси ҳам  омборхонага эга эмас ва сентябр-ноябрь ойларида, ҳақиқатан ҳам, бозорда профицит юзага келади,  натижада, баъзи фермер хўжаликлари олмани таннархидан паст баҳода сотишга мажбур бўлади. Унинг фикрича, импортни тартибга солиш муаммонинг потенциал ечими бўлиши мумкин.

Мева-сабзавот бирлашмаси директори Михаил Глушков бу боғдорчиликни ривожлантириш нуқтаи назаридан зарур ташаббус эканига қўшилади. Лекин қисқа вақт ичида бу олма нархи кўтарилишига олиб келади. У ҳозирги шароитда, ҳокимиятнинг барча ишлари инфляцияни жиловлашга қаратилган бир пайтда квоталар жорий қилинишига шубҳа қилмоқда.

Волочайнинг фикрича, бу нафақат бир бизнеснинг муаммоси, балки бутун саноат учун хавф туғдиради. Унинг фикрича, ҳукумат олма бозорида мувозанатни сақлаши ва уни импорт маҳсулотларига фақат дефицит мавжуд бўлган ҳоллардагина алмаштириши керак. Тартибга солиш учун халқаро амалиётда қўлланадиган бозор воситалари – божлар ва етказиб бериш квоталарини қўллаш зарур. «Aгроном-Сад» қишлоқ хўжалиги вазирлигида ўтказилган йиғилишларда, «Россия боғлари» кўргазмасида бу мавзуни кўтарган, қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушевга мурожаат қилган.

Ўтган йилнинг август ойида «Кубан боғбонлари» уюшмаси Дмитрий Патрушевга йиғим-терим даврида олма ва олхўри учун импорт  квоталари жорий этилишини таклиф қилган эди. Бундай чоралар маҳсулот бўйича ортиқча таклифни камайтиради ва чакана савдо тармоғини пештахтадаги нархни кўтармай туриб, маҳаллий меваларни сотиб олиш нархларини кўтаришга ундайди.

2019 йилнинг июль ойида «Кубан боғбонлари» Ставрополь ўлкаси Питомник етиштирувчилар ва боғбонлар ассоциацияси билан биргаликда Россияга  учинчи ва тўртинчи чоракларда, шунингдек, келгуси йилнинг биринчи чорагида данакли ва уруғли мевалар импортини чеклаш тўғрисида Бош вазир ўринбосарига илтимоснома билан мурожаат қилишди. Шунингдек, улар ушбу маҳсулотлар учун импорт божларини сезиларли даражада оширишни сўрашди.

Бундай чора зарурати йиғим-терим даврида ва йил охиригача Молдова ҳамда Сербиядан арзон маҳсулотлар оммавий равишда мамлакатга олиб келиниши билан изоҳланди. Шу билан бирга, россиялик ишлаб чиқарувчилар ҳам бу даврда сақлаш имконияти йўқлиги сабаб, меваларни фаол равишда сотишга мажбурдир.

2019 йилнинг март ойида Aграр-озиқ-овқат сиёсати ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Россияда боғдорчиликни ривожлантириш муаммолари ва истиқболлари тўғрисидаги парламент эшитувларидан сўнг Саноат ва савдо вазирлигига мева ҳамда резаворлар бозорини хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг адолатсиз рақобатидан ҳимоя қилиш чораларини кўриш бўйича топшириқ беришни ҳукуматга тавсия қилди. Хусусан, маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларни оммавий етказиб бериш даври (сентябрь-март)да Россия олмалари ва импорт қилинган олма нисбатларини бозорда 60/40 фоиз даражасида ўрнатиш тавсия қилинди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Молдовада рақамли агрокутубхона иш бошлади

EastFruit

Туркия бу йил 200 миллион долларлик хўраки узум экспортини режалаштирмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда хандон писта йиғим-терими якунланмоқда, аммо ҳосилнинг чўғи кам

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин