Бош саҳифаЯнгиликларРоссия ритейлерлари мева-сабзавотларни пластик идишга қадоқлашдан воз кечишга чақирилди
Янгиликлар

Россия ритейлерлари мева-сабзавотларни пластик идишга қадоқлашдан воз кечишга чақирилди

Россия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш оператори (РЭО) чакана савдо вакилларини мева-сабзавотларнинг пластик қадоғидан воз кечишга чақирди. Бундан мақсад, қайта ишланмайдиган чиқиндилар миқдорини камайтиришдир.

2021 йилнинг июль ойида «Магнит»,» Перекресток», «Пятерочка»,» Азбука вкуса», «Мираторг» ва бошыа тармоқларда ўтказилган РЭО тадқиқотларига кўра, мева-сабзавотларнинг 20%дан кўпроғи супермаркетларда икки ёки уч компонентли қадоқларда сотилади. Улар таркибига қайта ишланмайдиган пластик – полипропилен, ПЭТ, ПВХ ва полистирол кабилар киради. Қадоқлаш материалининг ортиқча миқдорини камайтириш унинг ҳажмини 10%га қисқартириши мумкин. Бу хусусда FruitNews хабарида айтилган.

“Ходимларимиз озиқ-овқат пештахталарини таҳлил қилишди. Маҳсулотлар меъёридан ортиқ қадоқларда сотилмоқда. Ва булар, асосан, мева-сабзавотлардир. Мисол учун, баъзи ритейлерлар лимон ва олмани аввал картон тагликка қўйиб, кейин «келиб чиқиши номаълум» пленкага қадоқлашади. Бодринг ва гўшт тагига, кўпинча, кўпикли полистирол жойлаштирилади, ваҳоланки, уни озиқ-овқат қолдиқлари билан аралаш ҳолда қайта ишлашнинг иложи йўқ. У қиздирилганда асаб тизими учун хавфли саналган стирол моддаси ажралиб чиқади. Биз, шунингдек, ПВХ қадоқдаги бодрингни ҳам аниқладик. ПВХ озиқ-овқат билан бирга ишлатилса, хлор ажратади. Тайёр маҳсулотлар 7 маркировкали номаълум пластикка қадоқланмоқда: уни қайта ишлаш имконсиз», дейди РЭО  бош директори Денис Буцаев.

Унинг қайд этишича, бошқача қадоқлаш мумкин бўлмаган маҳсулотлар бор – улар ташиш ва сақлаш вақтида сифатини йўқотмаслиги керак. Бу маҳсулотларнинг ҳам аксарияти «қадоқ ичида қадоқ»дир.

«Руспродсоюз» бошқаруви раиси ўринбосари Дмитрий Леоновнинг сўзларига кўра, дўконлар пештахтасида муқобил қадоқдаги мева-сабзавотлар, масалан, картон қутидаги олма ва ўлчаб олиш мумкин бўлган маҳсулотлар бор. Баъзи дўконлар эса картошкани қоғоз халтада сотади. Аммо бу оммавийлашмаган, чунки, тармоқ дўконлари етказиб берувчилардан харидорлар  яхши қабул қиладиган маҳсулотларнигина олади. Қайта ишланадиган материаллардан тайёрланган муқобил қадоқдаги маҳсулотлар эса қимматроқ ва харидор бунинг учун ортиқча пул тўлашга тайёр эмас.

«Азбука вкуса» компанияси вакилининг айтишича, тармоқ қайта ишланадиган материаллардан қадоқ тайёрлаш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Лекин у анча қиммат ва маҳсулот нархи ошишига олиб келади. «Лента» тармоғида, шунингдек, қадоқланмаган сабзавотлар, мевалар ва бошқа маҳсулотлар ҳам, индивидуал қадоқланганлари ҳам бор.

2025 йил охиригача «Магнит» ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотлар учун барча қадоқларнинг 50%ини қайта ишланувчи, такрор фойдаланиш мумкин бўлган ёки компостланган материаллардан тайёрлашни режалаштирмоқда. 2020 йилда «Магнит» 2019 йилга нисбатан қадоқлаш материаллари истеъмолини 9,5%га камайтирди.

«Х5 Retail Group» («Пятерочка», «Перекресток», «Карусель» тармоқларини бирлаштирган) вакилининг айтишича, компания мева-сабзавотларни қадоқлашдан воз кечишни тавсия қилмоқда. 2021 йилнинг март ойида «Х5 Retail Group» 13 маҳсулот тоифаси учун барқарор қадоқлаш бўйича батафсил тавсиялар берди. Ушбу тавсияларда ноэкологик қадоқ ўрнини босувчи материаллар ҳақида сўз боради.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Хитой Ўзбекистондаги йирик агрологистика марказига $50 млн сармоя киритишга тайёр

EastFruit

Мева-сабзавотларни қадоқлашда инновацион қоғоз тасма

EastFruit

2022 йилда «Магнит» тармоғи Ўзбекистондан мева-сабзавотлар импортини икки баробар оширди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин