Бош саҳифаЯнгиликларРоссия: кўкатлар ва салат барги истеъмоли даражаси ўсишда давом этмоқда
Янгиликлар

Россия: кўкатлар ва салат барги истеъмоли даражаси ўсишда давом этмоқда

Россияда ёпиқ ва очиқ ерда етиштирилган кўкатлар ва салат баргини истеъмол қилиш 2030 йилга бориб, 2020 йилдаги 230 минг тоннага нисбатан 25 фоиз ўсади ва 290 минг тоннага етади. Шу билан бирга, маҳсулот етиштириш ўртача 9 фоизга ўсади, дея тахмин қилмоқда Россельхозбанк тармоқ экспертиза маркази (ТЭМ)нинг таҳлилчилари. Истеъмол ва ишлаб чиқариш ҳажми ўсишига россияликларнинг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқиши ортгани туртки бўлади, дейилган ташкилот баёнотида.

Соғлом овқатланиш тарафдорлари келгуси 10 йил ичида кўкатлар ва салат баргининг асосий истеъмолчиси бўлади, деб ҳисобламоқда ТЭМ. Тўғри овқатланиш бўйича тавсиялар оммалашгани сайин салат барги ва кўкатлар мавсумий маҳсулот тоифасидан кундалик товарга айланади ва уларни истеъмол қилиш даражаси ортади. ТЭМ раҳбари Aндрей Дальновнинг сўзларига кўра, мутлақ маънода, соғлом овқатланиш қоидаларига риоя қилувчи россияликларнинг кўкатлар ва салат барги истеъмол қилиши 2030 йилга бориб, ҳозирги 185 минг тоннага нисбатан 238 минг тоннага ортади. Натижада, кўкатлар ва салат баргининг ўртача истеъмоли йилига 11 кг ни ташкил қилади, дейишмоқда таҳлилчилар.

Бундан ташқари, россияликлар орасида озиқ-овқат сифатига эътиборни кучайтириш ва соғлом турмуш тарзи тарафдорлари сонининг кўпайиши вертикал сити-фермер хўжаликларида етиштирилган органик кўкат (уларни ҳар қандай иқлим шароитида етиштириш мумкин)лар сегменти тезкор ривожланишига ҳисса қўшади. Бундай технологиялар пестицидлардан  фойдаланишга чек қўйиб, уларнинг ўрнига биологик препаратлар ва зараркунандалардан ҳимояловчи табиий воситаларни қўллаш имконини беради. Шунингдек, анъанавий деҳқончилик билан таққосланганда, сув сарфини сезиларли даражада камайтиради, деб ёзмоқда «Aгроинвестор«.

Шунингдек ўқинг: Микрокўкатлар – фойдали стрит-фуд сифатида: украиналик микрогрин етиштирувчи тадбиркорнинг ғоялари

Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, яқин 10 йил ичида вертикал сити-фермер хўжаликларида  кўкатлар ва салат барги етиштириш ҳар йили 35 фоизга ошади ва 2030 йилга бориб, 20 минг тоннани ташкил этади. Бу вақт ичида Россия бозорида органик кўкатлар улуши 10% гача кўтарилади.

«Пестицидсиз озиқ-овқат маҳсулотларига талаб тобора ортиб бориши, шаҳарлардаги вертикал фермер хўжаликлари учун мос саноат биноларининг бўшатилиши, шунингдек, харажатларни қоплашнинг нисбатан қисқа муддатлари сегмент ривожига, унда янги иштирокчилар пайдо бўлишига ва вертикал деҳқончиликни оммалаштиришга хизмат қилади”, дея прогноз қилди Дальнов.

ТЭМ ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб, Россия органик маҳсулотлар бозори тўрт баравар – 40 миллиард рублгача ортиши мумкин. Бундан ташқари, яшил маҳсулотлар муҳим экспорт салоҳиятига эга. Мутахассисларнинг фикрича, яқин йилларда маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти таркибидаги органиклар улуши 10-15 фоизга етиши мумкин.

Кўкатлар истеъмол қилиш ва уни етиштириш ҳажми, албатта, ошади, аммо муаммо шундаки, улар анча қиммат.

«Россияликлар орасида соғлом турмуш тарзига амал қилувчиларнинг улуши тобора ортиб бормоқда, аммо қиммат кўкатларни сотиб олиш учун уларнинг даромадлари кўпаядими, бу катта савол, чунки ҳозирча даромадлар пасаймоқда», – дейди Глушков «Aгроинвестор»га.

Aммо, Решетникованинг сўзларига кўра, ташқи кўриниши катталиги сабаб, салат барги бодрингдан кўра арзонроқ дея қабул қилинади, аслида эса бундай эмас.

Бундан ташқари, аҳоли даромадларининг умумий пасайишига қарамай, fresh-маҳсулотлар учун тўловга қодир талаб тушмайди. Тўғри, ўтган йили бу борада бироз пасайиш кузатилди, аммо у ҳам коронавирус чекловлари билан боғлиқ эди.

«Реал даромадларнинг пасайиши бошқа маҳсулотларга кучли таъсир кўрсатди», дея қўшимча қилади Решетникова. Шунингдек, экспертларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида аҳоли даромадлари ўсди, бу ҳам истеъмол даражаси ўсишига ёрдам беради.

Мутахассисларнинг фикрича, яқин келажакда Россияда сархил сабзавотлар истеъмол қилиш ҳар йили тахминан 1 фоизга ошади, деди «Aгроивнестор»га мамлакатдаги иссиқхона сабзавотларини етиштирувчи йирик компаниялардан бири –  Эко-культура» аграр холдинги вакили. “Мамлакатимиз ҳали ҳам улкан салоҳиятга эга. Бугунги кунда россияликлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсия этган меъёрдан ўрта ҳисобда  24% камроқ истеъмол қилмоқда. Aммо аста-секин биз истеъмол маданияти, истеъмолчиларнинг хоҳиш-истаклари ўзгараётганига, жумладан, соғлом озиқ-овқат маҳсулотлари тобора оммалашаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу жараён, албатта, ишлаб чиқариш ҳажми янада ошишига олиб келади», дейди компания вакили.

Яқин бир неча йил ичида Россияда иссиқхона сабзавотларини етиштириш йилига ўртача 7 фоизга кўпайиши кутиляпти. Бу эса импорт қилинадиган маҳсулотлар улушини сезиларли даражада камайтиради. Aҳолининг ички иссиқхона маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш учун иссиқхона хўжаликларида ялпи ҳосилни 2,2 миллион тоннага етказиш зарур.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Жаҳон пиёз бозори шарҳи: савдо тизими меъёрий ҳолатга келадими? (II қисм)

EastFruit

Мева сақланадиган омборхоналар қуриш ва уларни модернизациялаш – Россия боғдорчилиги ривожининг устувор йўналиши

EastFruit

Сўнгги бир ҳафта ичида Ўзбекистондан шафтоли экспорти кескин ўсди: бунинг сабаблари нимада?

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин