Бош саҳифаЯнгиликларРоссия картошкани Эрон, Молдова ва Қирғизистондан фаол импорт қилмоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Россия картошкани Эрон, Молдова ва Қирғизистондан фаол импорт қилмоқда

EastFruit таҳлилчиларининг хабар беришича, Россияда картошканинг рекорд даражадаги юқори нархлари ва 2021/22 йилги мавсумда картошка етишмаслиги билан боғлиқ хавотир россиялик тадбиркорларни маҳаллий захиралар анъанавий равишда энг юқори бўлган бир пайтда бутун жаҳон бўйлаб сабзавот экспортёрларини излашга мажбур қилмоқда. Одатда, бу даврда Россиянинг ўзи картошка экспорт қилар, импорт эса маҳаллий захиралар тугагач, март ёки апрелда бошланар эди.

Модомики, Россия ўз бозорига Европа Иттифоқининг барча мамлакатлари, шунингдек, Украина, АҚШ ва бошқа бир қатор мамлакатлар картошка етказиб беришини таъқиқлаган экан, демак, «танқислик йиллари»да картошканинг муқобил етказиб берувчиларини қидириш осон иш эмас. Россияга картошканинг асосий етказиб берувчиси бўлмиш Миср уни февраль ойидан аввал экспорт қила олмайди. Беларуснинг ўзи рекорд даражадаги юқори нархларга дуч келмоқда ва картошка импорт қилишни бошлаган, хусусан Украинадан ҳам.

Графикда Россиядаги картошка нархи одатдагидан нечоғли юқори экани яққол кўриниб турибди. Айни пайтда Россия Федерациясининг картошка етиштирувчилари ушбу турдаги сабзавотни одатдагидан ўртача уч баробар қимматроқ сотишлари мумкин.

Нархларнинг бундай юқори даражаси узоқ мамлакатлардан картошка сотиб олишни таъминлаш заруратини келтириб чиқаради. Айни пайтда Россия импортёрлари картошкани Қирғизистон ва Молдовадан арзон нархда харид қилишга муваффақ бўлишмоқда. Тўғри, импортнинг бу ҳажми етказиб берувчи мамлакатлар стандартлари бўйича катта бўлиши мумкин, лекин улар Россия Федерацияси учун нисбатан кичикдир. Шунингдек, улгуржи савдогарларнинг фикрича, Россия бозорига Эрондан тобора кўпроқ картошка етказиб берилмоқда. Бу ерда гап катта ҳажмлар ҳақида кетяпти. Картошкани ҳатто Покистондан ҳам импорт қилиш имкониятлари фаол ўрганиб чиқилмоқда.

Қизиғи шундаки, Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистоннинг ўзида картошка етишмайди. Ушбу минтақада фақат Қирғизистон экспорт учун катта ҳажмни таъминлай оладиган даражада маҳсулот етиштирмоқда. Мамлакатнинг тоғли ҳудудларида деҳқонлар ушбу сабзавотни етиштиришга ихтисослашди. Зеро, мўътадил тоғ иқлими ва мўл-кўл ёғингарчилик, шунингдек, минтақада картошка нархи юқори экани Қирғизистонда картошка етиштириш кичик ва ўрта фермер хўжаликлари учун даромадли, барқарор бизнес бўлишини таъминлайди.

Бу йил Россияга Қирғизистон картошкасини етказиб беришнинг кескин ошиши Марказий Осиёда нарх сезиларли даражада қимматлашига олиб келиши мумкин. Зеро, Ўзбекистон, масалан, илгари картошкани Россиядан импорт қилар эди, бу йил Россия Федерациясида нархлар шу қадар баландки, у ердан картошка харид қилишга умид қилиш учун ҳеч бир асос йўқ. Ва шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ўзи йилнинг биринчи ярмида картошкани рекорд ҳажмда импорт қилди.

Россияга келсак, маҳаллий картошка бозорида нархларнинг янада кескин кўтарилиши истиқболларини, албатта, бозор иштирокчилари ҳосилни баҳолашда хато қилмаган бўлишса, аниқроқ баҳолаш мумкин. Агар картошка захиралари кутилганидек паст бўлмаса, нархлар барқарорлашиши мумкин, чунки, улар аллақачон жуда баланд. Нархлар пасайишини эса кутиш бефойда, десак ҳам бўлаверади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин