Бош саҳифаЯнгиликларРоссельхознадзор Тошкент вилоятининг олтита корхонасидан Россияга помидор етказиб беришга рухсат берди
Долзарб Махсус Янгиликлар

Россельхознадзор Тошкент вилоятининг олтита корхонасидан Россияга помидор етказиб беришга рухсат берди

2021 йилнинг 15 ноябридан бошлаб, Тошкент вилоятидан Россияга помидор етказиб бериш ушбу ҳудуддаги олтита корхона учун қайта тикланади, дея хабар бермоқда EastFruit таҳлилчилари.

Аниқлик киритилишича, Россельхознадзор Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги кафолати остида Тошкент вилоятидаги қуйидаги корхоналарга помидор етказиб беришга рухсат берган: “Аgro Light” МЧЖ, “Аngren Istiqlol Baraka” МЧЖ, “Аngren gold invest” МЧЖ, «Sevar Shahnoz Baraka», МЧЖ, “Samarali Savdo Niyat” МЧЖ, “ТNA Agroinvest” МЧЖ.

Қарор Россия ва Ўзбекистон карантин хизматлари ҳамкорлигида ўтказилган қўшма видеотекширувлар давомида олинган намуналарнинг карантин фитосанитария экспертизаси натижалари асосида қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 22 июль куни Россельхознадзор помидорнинг жигарранг бужмайиш вируси (Tomato brown rugose fruit virus – ТоBRFV) ва Пепино мозаика вируси (Рepino mozaic virus) аниқлангани муносабати билан Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида етиштирилган помидор ва қалампирни Россияга етказиб беришга вақтинчалик чекловлар киритган эди.

Ўшанда Россельхознадзор хабар қилганидек, 2021 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятидан помидор партияларини олиб киришдаги 14 ҳолатда помидор мевасининг Жигарранг бужмайиш вируси, 2 ҳолатда эса Пепино мозаика вируси аниқланган. 2021 йилнинг 22 июлидан бошлаб, Россельхознадзор вирус билан зарарланган маҳсулотларни етказиб бериш фактлари бўйича Ўзбекистоннинг ушбу вилоятидан помидор ва қалампир олиб киришга вақтинчалик чекловлар жорий этди.

Шу билан бирга, Россия карантин хизмати Ўзбекистон департаменти кафолати остида Россияга карантиндаги организмлардан ҳоли помидор ва қалампир етказиб бера оладиган, ЕОИИ талабларига жавоб берувчи корхоналар рўйхатини кутиши қайд этилди. Россельхознадзор Ўзбекистон томонига ўзбек помидори ва қалампирини Россия бозорига етказиб бериш имкониятларини кўриб чиқиш учун ҳамкорликда ушбу рўйхатдаги ишлаб чиқарувчилар учун видеотекширув ташкил этишни таклиф қилди.

Сархил помидор Ўзбекистон мева-сабзавот сегментидаги асосий экспорт маҳсулотларидан биридир. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистондан жисмоний ҳажми 72,9 минг тонна, қиймати эса 52,1 миллион долларга тенг сархил помидор экспорт қилди. Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 7,3 минг тоннага камдир.

Шу билан бирга, ушбу даврда Ўзбекистон помидори экспортининг 51,7 фоизи Россия улушига тўғри келади, яъни 37,7 минг тоннаси. Экспортнинг қолган қисми асосий импортёрлар ўртасида қуйидагича тақсимланди: Қозоғистон – 28,9%, Қирғизистон – 16,2%, Тожикистон – 2,7%, бошқа мамлакатларнинг умумий улуши – 0,5%.

2021 йилнинг 9 ойида Ўзбекистондан помидорнинг умумий экспорти ҳажми камайганига қарамай (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан), Россия йўналиши бўйича етказиб бериш ҳажми сўнгги бир неча йил ичидаги рекорд даражада бўлди. 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида экспорт ҳажми ўтган йиллардаги йиллик кўрсаткичлардан камида 25 фоизга ошди ва 2018 йилдан бошлаб ўсиш тенденциясини давом эттирди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда бир ҳафта ичида қовун нархи бир ярим баробар ошди

EastFruit

Сирдарё вилоятида анорнинг энг яхши Озарбайжон навлари етиштирилади

EastFruit

Бу йил музлатилган резаворлар Украинага 200 миллион доллар даромад келтиради

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин