Бош саҳифаЯнгиликларҚозоғистон: кичик фермер хўжаликларининг олмалари юқори сифатга эга бўлмаса, талабгир ҳам бўлмайди
Янгиликлар

Қозоғистон: кичик фермер хўжаликларининг олмалари юқори сифатга эга бўлмаса, талабгир ҳам бўлмайди

Қозоғистонда олма етиштирувчи кичик фермер хўжаликлари инқирозга юз тутиши мумкин. Бу ҳақида Қозоғистон Республикаси Кўчат материалларини ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси бошқаруви раиси, Агротехнологиялар трансферти ва коммерциализацияси маркази директори Серик Содиқов ElDala.kz ахборот порталига маълум қилди.

Жорий мавсумда Қозоғистон 350 минг тонна олма ҳосилини олди. Бу ёмон кўрсаткич эмас.  Бироқ, мутахассисларнинг фикрига кўра, шундан қарийб 100 минг тоннаси (асосан — кичик боғларда)  дарахтларда қолиб кетди ва уларни қор қоплади. Гап шундаки, кичик фермер хўжаликлари калибрлаш ва саралашни таъминлай олмайди, ваҳоланки, бу чакана савдо тармоқлари пештахталарига чиқишнинг асосий шартидир. Натижада, сифатсиз товарни улар ўта арзон нархда сотиши мумкин ва бу нарх, табиийки, ҳосил етиштириш ва йиғим-терими ҳамда транспортировка билан боғлиқ харажатларни  қоплай олмайди.

«Олмаота вилоятидаги вазият Туркистондагидан яхши эмас — у ерда улкан ҳосил шунчаки боғларда қолиб кетди», дейди Серик Содиқов. «Олмаотада ҳам фермерлар олма, олхўри, шафтоли ҳосилини йиғиб олишолмади. Мевалар дарахт шохларида қолиб кетди, чунки уларга нарх йўқ эди. Олма баҳоси сўнгги беш йилда бир хиллигича қолмоқда, дарахтдан тўкилиб қолган олма учун 50-80 тенге/кг нарх, паст сифатли олма учун эса 100 тенге/кг. Бу даврда ҳамма нарса – ўсимликларни ҳимоялаш воситалари (ЎҲВ), ўғитлар, техника учун эҳтиёт қисмлар, ишчи кучи нархи ошиб кетди».

Олма нархи пастлигининг сабаби маҳсулот етиштиришнинг глобал даражада керагидан ортиқлигидир. Ҳар ерда олма ҳаддан зиёд — таклиф талабдан ошиб кетган. Худди шу омил нархларни ушлаб турибди.

«Ҳосил ҳажми барча асосий маҳсулот етиштирувчиларда ошиб бормоқда, хусусан, Россия ва Хитойда ҳам. Шунингдек, Эрон ҳам маҳсулот етиштириш даражасини ошириб, жаҳондаги топ-5 таликка кирди. Улар 1 кг учун 40 центдан олма етказиб беришга тайёр, бу бизнинг 200 тенге дегани», дейди Серик Содиқов.

Унинг сўзларига кўра, қозоғистонлик боғбонлар учун икки йўл бор: ё олмадан воз кечиб, кўпроқ талабгир мевалар етиштиришга ўтиш ёки ўз маҳсулотларини чакана савдо тармоқлари стандартларига мослаштиришга ҳаракат қилиш. Бундай олмаларнинг килограммини 350 тенгедан сотиш мумкин. Ушбу даражадаги нархлар маҳаллий боғбонларга мақбул келади.

Аммо бу стандартларга эришиш учун саралаш ускуналарига инвестициялар керак. Техника қиммат, шунинг учун кичик фермер хўжаликларининг ҳар бири алоҳидадан уни сотиб ололмайди. Ягона йўл — харид марказлари атрофида бирлашиб, ускуналарга биргаликда сармоя киритишдир.

«Афсуски, хориждан олиб келинаётган олмалар учун бож жорий этиш каби ғалати фикрлардан ташқари, кичик боғбонларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳозиргача тузукроқ бир таклиф бўлмаган. Бундай чорани йирик маҳаллий мева етиштирувчилар таклиф қилмоқда ва шундай маъмурий инструмент билан улар мамлакат ичида маҳаллий маҳсулотлар нархини оширишга уриняпти. Шу билан бирга, бу боғдорчилик муаммосига ҳақиқий ечим бўла олмайди, чунки мазкур ҳолат кичик фермер хўжаликларининг вазиятини ҳеч қанақасига енгиллаштирмайди — агар уларнинг маҳсулотлари сифатли бўлмаса, талабгир ҳам бўла олмайди. Бу вазиятда бошқача чора-тадбирлар зарур», дейди ишонч билан Серик Содиқов:

«Биз Қозоғистон боғбонлари учун ихтисослаштирилган халқаро форум ўтказмоқчимиз. Бунинг учун энг яхши фурсат янги мавсум бошланиши арафаси — март ойидир. Мутахассислар ва боғдорчилик ассоциацияларининг кўмаги зарур. Дастур икки қисмдан иборат бўлиши режалаштирилган.  Биринчиси, боғдорчиликда замонавий технологиялар, иккинчиси маркетинг ва қайта ишлаш масалаларига бағишланади. Биз тадбирга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Савдо вазирлиги, Олмаота вилояти ҳокимлигини таклиф қилмоқчимиз. Ҳар икки тарафга – боғбонларга ҳам, ўз таклифларини берадиган давлат органларига ҳам фикр билдириш имконини яратиш керак».

Бу вақтга келиб, Серик Содиқов ҚХК ва Олмаота вилояти ҳокимлиги билан боғбонлар учун кооператив яратиш масаласини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.  Кооперативнинг 50 минг тонна олма учун ўз омбори, маҳсулотга ишлов бериш, саралаш ва қадоқлаш линияси бўлиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, сифатсиз ва дарахтдан тўкилиб қолган меваларни қайта ишлаш зарур.

«Ҳозирги кунда Россиядаги чакана савдо тармоқлари сифатли олманинг килограммини 350-400 тенгедан олмоқда ва кооперативнинг вазифаси ана шу талабни қондиришдан иборат бўлади», дейди Серик Содиқов. «Қозоғистонда 45 минг гектар мевали боғлар мавжуд бўлса, шундан 40 мингга яқинини олма боғлари эгаллаган. 16-18 минг гектар боғлар Олмаота вилояти улушига тўғри келади. Албатта, бу ерда бизнинг лойиҳамизга қизиқмайдиган йирик боғбонлар бор: улар омборлар, саралаш ва қайта ишлаш линияларини ўзлари қуришади. Бизнинг мақсадли гуруҳимиз эса  айнан кичик боғбонлардир. Кооперативга бирлаштирмоқчи бўлган боғбонларнинг умумий майдони, менинг ҳисобим бўйича 1,5 дан 3 минг гектаргача бўлади. Кооператив яратиш лойиҳасини амалга ошириш учун давлат кўмаги, асбоб-ускуналар учун 60-70% инвест-субсидиялар керак. Керакли сармояларнинг умумий миқдори катта, қарийб 50 миллион доллар бўлиб, бу 100 га яқин кичик фермер хўжаликларини 2-3 гектардан иборат боғлари билан бирлаштириш имконини беради. Улар янги технологияларнинг имкониятлари ҳақида етарлича тасаввурга эга эмас ва биринчи босқичдаги вазифа фермерларга лойиҳанинг афзалликларини кўрсатишдир. Улар ўз боғидан бир мавсумда ҳозирги 5-7 тоннани эмас, 15-20 тонна ҳосил олиб, уни анча қимматга сотиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, кооператив савдо-сотиқ бўйича барча масалаларни ўз зиммасига олади».

Бундан ташқари, кооператив боғбонларга маҳсулот етиштиришдаги нуқсонларни тузатишда кўмак беради. Гап шундаки, олманинг саноат навлари бор ва уларни қайта ишлаш учун етиштириш даромадлидир. Бундай олмаларни бизнинг дарахтдан тўкилиб қолган 50 тенге/кг.лик маҳсулотдан қимматроқ нархда олишади. Саноат олмаларидан пюре, мураббо, жем ва бошқа талабгир маҳсулотлар тайёрланади. Ушбу турдаги маҳсулотлар билан Қозоғистон бозори тўлиқ қондирилмаган.

«Картошка етиштиришда фри тайёрланадиган ўзига хос навлар бўлгани каби қайта ишлаш учун мўлжалланган олмалар ҳам бор», дейди Серик Содиқов. «Улар анъанавий навларга нисбатан қаттиқроқ, йириклари ҳам унчалик чиройли кўринмайди. Бундай олмаларни етиштиришда бироз бошқача ёндашув зарур. Бизда қайта ишлаш учун мўлжалланган олмалар ҳали йўқ, лекин айнан шундай боғларни яратишимиз керак».

Давлат учун лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш нафақат мева ва қайта ишланган маҳсулотлар импорти ўрнини босиш, балки кўплаб боғдорчилик фермаларини банкрот бўлишдан сақлаб қолишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ҳосилни мақбул нархларда сотиш имкони йўқлиги уларнинг кўпчилигини кредит тўлаш, айланма маблағларни керакли даражада ушлаб туриш имкониятидан маҳрум қилди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Тожикистонда пиёз, сабзи ва картошка экспортига чекловлар жорий этилди

EastFruit

Қозоғистон Тожикистон билан 6 минг тонна пиёз етказиб бериш бўйича шартнома имзолади

EastFruit

Қозоғистондан пиёз экспорти уч ой муддатга тўхтатилди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин