Бош саҳифаЯнгиликларПиёз чиқитга чиқадими? Украинанинг сабзавот етиштирувчилари ўтган йилги пиёз захираларини сотолмаяптилар
Долзарб Махсус Янгиликлар

Пиёз чиқитга чиқадими? Украинанинг сабзавот етиштирувчилари ўтган йилги пиёз захираларини сотолмаяптилар

EastFruit маълумотларига кўра, Украина сабзавот етиштирувчилари 2020 йилги пиёз ҳосили пиёз захираларини сотишда жиддий муаммоларга дуч келишмоқда. Ушбу захиралар умуман сотилмаслиги мумкин ва яқин келажакда, пиёз йўқ қилиниши, бошқача айтганда, чиқитга чиқиб кетиши мумкин.

Айни пайтда, бозорда ўтган йилги мавсумдан – 2020 йил августидан то ҳозирги кунгача сақланиб келинаётган, қўлда тахланган ва ҳаттоки, катта-кичиклиги бўйича сараланган (калибровка қилинган) пиёзга таклифлар кўп! Украиналик деҳқонлар аъло сифатли бундай пиёзни 3-4 гривна/кг (11-15 АҚШ центи/кг)дан сотишга тайёр. 3-5 калибрли майда пиёз учун эса кг учун атиги бир ярим гривна ёки АҚШнинг 6 центидан кам сўрашяпти!

Қиёслаш учун, ўтган йили Украинада аввалги йилги пиёз ҳосили 11 гривна/кг дан сотилган, яъни, ўртача 3-4 баравар қимматроқ ва 2019 йилда сотув мавсуми охирида нархлар 15 гривна/кг га етди ва 2019 йил май ойининг бошида пиёзнинг барча йиллар учун улгуржи сотуви бўйича рекорд нарх – 33 гривна/кг га чиқди.

«Нархларнинг даврийлиги, бу – Украинанинг пиёз бозори учун одатий ҳодиса. Пиёз ўртача, ҳар уч йилда бир марта, баҳорга қараганда йиғим пайтида қимматроқ бўлади. Бундан ташқари, ўртача уч йилда бир марта, пиёзнинг сотилмай қолган қисмини чиқитга чиқаришга тўғри келади. Бунинг сабаби шундаки, пиёз жуда қимматлашган пайтда кўплаб кичик ва ўрта фермер хўжаликлари уни етиштиришни бошлайдилар, бу эса таклифнинг янаям ортишига олиб келади.

Шу билан бирга, мамлакатда деярли ҳеч ким пиёзни экспорт қилиш билан мунтазам шуғулланмайди, шунинг учун пиёз ҳаддан ташқари кўп етиштирилганда унинг нархи таннархидан ҳам пастроқ бўлади. Ахир Украина истеъмолчилари шунчаки арзонлиги сабабли пиёзни кўпроқ сотиб олишмайди. Украиналик сабзавот етиштирувчилар ва экспортчилар уларни экспорт қилишни унчалик яхши билмайдилар», – деб ойдинлик киритди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) инвестициялар департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Бу йил эртаги пиёз мавсуми жуда кечиккан бўлса-да, барибир вазиятдан чиқиб кетиб бўлмади. Айни пайтда, 2021 йилги пиёз ҳосили аллақачон сотувга чиққан, аммо уларнинг нархи ўтган йилги пиёз ҳосилидан 2-3 баравар қиммат. Бироқ, янги пиёзга талаб ҳам унчалик катта эмас, чунки бозорда ўтган йилги маҳсулотлар ҳали ҳам етарли даражада.

“Ўтган йили, пиёз мавсумининг бошида биз украиналик сабзавот етиштирувчилар маҳсулотни сотишда муаммоларга дуч келишини олдиндан тахмин қилгандик. Шунинг учун бизнинг мева-сабзавот бўйича лойиҳамиз пиёз экспортини ривожлантиришда ўз ёрдамини таклиф қилган эди. Бироқ, ушбу таклифдан ҳеч ким фойдаланмади – ҳамма бирон иложини қилиб пиёзларни сотиб юборишга умид қилганди. Ҳолбуки, Украинадаги пиёзнинг ҳозирги сотув нархи уни етиштириш ва йиғиш харажатларини қопламайди, шуни ҳисобга олиш керак эди, пиёзни 9-10 ой давомида қиммат, махсус сабзавот сақлаш қурилмаларида сақлаш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади», – дейди Андрий Ярмак.

Пиёз дунё бозорида энг кўп сотиладиган сабзавот турларидан бири ҳисобланади ва жаҳон пиёз савдоси жадал ўсиб бормоқда. Дунё бўйлаб пиёз экспорти ҳажми ҳар йили 115 миллион долларга ўсиб бормоқда, ва дунё пиёз бозорининг умумий ҳажми (қиймати) йилига қарийб 4 миллиард долларга етади. Нидерландия дунё бўйлаб пиёз экспорти бўйича етакчи бўлиб, ҳар йили деярли ярим миллиард долларлик пиёзни фақатгина Саҳро бағридаги Африка мамлакатларига сотади! Украина пиёзни ушбу минтақага, шунингдек, пиёзнинг асосий импортчиси бўлган Яқин Шарққа деярли экспорт қилмайди, деса ҳам бўлади. Дарвоқе, биз Африкага пиёз экспорт қилиш истиқболлари ҳақида “Украинадан Африкага пиёз ва картошка экспорт қилиш мумкинми?” мақоласида ёзган эдик.

«Украинада пиёз етиштириш бўйича ҳар қандай лойиҳа дастлаб маҳсулотнинг муҳим қисмини экспорт қилишни режалаштирмаса, мавсумида катта йўқотишларга учрайди. Мамлакат ичидаги нархлар экспорт бозорларига қараганда юқори бўлса ҳам, харидорлар билан алоқаларни ўрнатиш ва маҳсулотларнинг бир қисмини экспорт қилишга қаратилган бундай лойиҳани қўллаб-қувватлаш керак. Фақатгина шу ҳолатда барқарор сабзавот бизнеси ва ривожланиши ҳақида гапириш мумкин.

Мунтазам равишда доимий экспорт қилиш сабзавот етиштирувчиларга бозордаги вазиятни яхшироқ ҳис этиш ва унга тезроқ жавоб беришга янада яхши маҳсулот ишлаб чиқаришга, такомиллаштиришга сармоя киритишга, сифатни оширишга ва янада самарали бизнес ечимларни излаш имкониятини беради. Шунингдек, экспорт валюта девалвацияси хавфини диверсификация қилишга имкон беради, лекин украиналик ишбилармонлар негадир бу ҳақда тез унутадилар. Шунга мувофиқ, ички бозорда юқори сифатли маҳсулотларни сотиш учун турли хил вариантларга эга бўлишлари баробарида, ҳатто бу каби қийин мавсумларда ҳам маҳсулотларни муносиб нархда сотишлари мумкин бўлади», – дейди ФАО иқтисодчиси.

Айтганча, 2020/21 йил мавсумининг иккинчи ярмида Украина пиёз экспортини сезиларли даражада оширди. 2021 йил январ-март ойларида ташқи бозорга 11 минг тонна Украина пиёзи етказиб берилди, бу ўтган йилга нисбатан 40 фоизга кўп. ФАО ва ЕТТБ лойиҳаси томонидан Украина мева-сабзавот уюшмаси (УМСУ) билан ҳамкорликда ташкил этилган, 2019 йил охирида жуда муваффақиятли савдо миссияси шарофати билан Руминия Украина пиёзининг асосий бозорига айланди. Ушбу мамлакатга жами пиёз экспорти ҳажмининг 53 фоизидан кўпроғи етказиб берилди. Аммо 2021 йилда Украина пиёзининг Ироққа экспорти деярли 4 бараварга камайиб, 1,2 минг тоннани ташкил этди. Украинадан йирик пиёз импорт қилувчилар қаторига Белоруссия, Туркия, Озарбайжон, Полша, Буюк Британия, Эстония, Болгария ва Чехия ҳам кирди. Камерун ва Серра-Леоне каби Африка давлатлари Украина пиёз экспорти харитасида пайдо бўлганлиги қувонарли ҳолдир. Умуман олганда, экспорт географияси сезиларли даражада кенгайди.

Бироқ, бундай экспорт, тизимли эмаслигини унутмаслик керак. Ички бозорда нархлар кўтарилиши биланоқ, сабзавот етиштирувчилар савдо бозорларини диверсификация қилиш зарурати ҳақида бутунлай унутадилар ва кўпинча, ҳатто импортчиларнинг талабларига ҳам жавоб бермай қўядилар ва бу ҳолат ички бозорда навбатдаги нархларнинг тушиб кетишига қадар давом этади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

EastFruitнинг ритейл-аудити: 2021 йил июль ойидаги мониторинг тафсилотлари ва қоидалари

EastFruit

Молдовада бу йилги олхўри ҳосили ўтган йилга нисбатан 20-30 фоиз паст бўлади, маҳсулот сифати эса юқори

EastFruit

Украина – олча ва смородина етиштирувчиларнинг жаҳон бўйича Топ-3 талигида

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин