Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистондан 2022 йилнинг биринчи ярмида рекорд миқдорда карам экспорт қилинди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистондан 2022 йилнинг биринчи ярмида рекорд миқдорда карам экспорт қилинди

Жорий йилнинг февраль ва март ойларида EastFruit ташқи бозорлардаги ажиотаж талаб туфайли Ўзбекистондан карамнинг асосий турлари экспорти  рекорд ҳажмларда бўлганлиги ҳақида ёзган эди. 2022 йилнинг апрель-июнь ойларида ҳам асосий ташқи бозорларда вазият ушбу маҳсулот етиштирувчи ўзбекистонлик фермерлар ва экспортёрлар учун қулайлигича қолди.

2022 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, карамнинг барча асосий турлари бўйича 2018-2021 йилларнинг шу даврига нисбатан рекорд даражада экспорт ҳажми қайд этилди. Шу билан бирга, Пекин карами, гулкарам ва брокколи энг юқори ўсиш суръатларини кўрсатди, дея қайд этмоқда EastFruit таҳлилчилари.

Ўзбекистон расмий ташқи савдо статистикасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-июнь ойларида карамнинг асосий турлари бўйича экспорт ҳажми жисмоний жиҳатдан қуйидаги кўрсаткичлардан иборат бўлди:

  • оқ бошли карам – 113,7 минг тонна;
  • гулкарам ва брокколи – 12,9 минг тонна;
  • Пекин карами – 3,1 минг тонна.

2022 йилнинг биринчи ярмида оқ бошли карам экспорти 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 38 фоизга ошган. 2018-2021 йилларнинг биринчи ярмида Ўзбекистондан ушбу маҳсулот экспорти ҳажми нисбатан барқарор, яъни, 74 минг тоннадан 84 минг тоннагача бўлганини ҳисобга олсак, 2022 йилнинг биринчи ярмида оқ бошли карам экспорти ҳажми 2018-2021 йилларнинг шу давридаги ўртача кўрсаткичдан 42 фоизга ошган.

2022 йилнинг январь-июнь ойларида ушбу маҳсулотнинг 99 фоиздан ортиғи ЕОИИ мамлакатлари бозорларига жўнатилди, экспортнинг қолган қисми қуйидаги мамлакатлар ўртасида қуйидагича тақсимланди: Украина – 227 тонна, Латвия – 98 тонна, Молдова – 41 тонна, Польша – 40 тонна ва Афғонистон – 20 тонна.

Гулкарам ва брокколи экспортининг ўсиш суръати оқ бошли карамга нисбатан анча юқори бўлди. 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондан гулкарам ва брокколи экспорти ҳажми 2021 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 баробар, 2020 йилнинг биринчи ярмидаги аввалги рекордга нисбатан эса бир ярим баробар ошди.

2022 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистондан экспорт қилинган ушбу маҳсулотларнинг қарийб 98 фоизи ЕОИИ давлатларининг умумий улушига тўғри келди, қолган 2 фоизи Украинага жўнатилди.

Пекин карами карамнинг асосий турлари орасида экспорт ўсиши бўйича мутлақ рекордчи бўлди. 2018-2021 йилларнинг биринчи ярмида Ўзбекистондан ушбу маҳсулот экспорти ҳажми нисбатан барқарор – 660 тоннадан 800 тоннагача бўлганлигини ҳисобга олсак, 2022 йилнинг биринчи ярмида Пекин карами экспорти ҳажми 2018-2021 йилларнинг шу даврига нисбатан ўртача 4,4 баробар кўп бўлди.

2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондан Пекин карамининг қарийб 98 фоизи ЕОИИ мамлакатлари бозорларига жўнатилди, экспортнинг қолган қисми Мўғулистон (51 тонна) ва Молдова (20 тоннадан камроқ миқдорда) ҳиссасига тўғри келади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Жанубий яримшар мамлакатлари патентланган узум навларини етиштириш ва унинг экспортини кўпайтирмоқда

EastFruit

Ўзбекистонлик тадбиркорлар Атирау вилояти (Қозоғистон)да сабзавот етиштириш учун йирик иссиқхона қуришни режалаштирмоқда

EastFruit

Тарвуз атрофидаги шов-шувлар Ўзбекистонда унинг ички савдосини кескин камайтириши мумкин

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин