Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда узумнинг оммавий экспорт мавсуми бошланди
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистонда узумнинг оммавий экспорт мавсуми бошланди

EastFruitнинг ўзбек жамоаси Ўзбекистондан узум оммавий равишда экспорт қилина бошланганини хабар қилди. Бу маҳсулот табиий жиҳатдан ҳам, республиканинг мева экспорти сегментидаги тушумлар миқдори бўйича ҳам биринчи ўринда туради.  Анъанага кўра, Ўзбекистондан узумни ташқи бозорларга оммавий экспорт қилиш мавсуми июль ойининг иккинчи ярмидан бошланади. Бозор иштирокчиларининг фикрича, 2021-йилги мавсум одатдагидек муддатда бошланмоқда.

Логистика хизматлари бозори экспортёрлари ва иштирокчиларидан олинган маълумотларга кўра, июль ойининг учинчи ўн кунлигида, айниқса, ушбу ҳафта бошидан буён Ўзбекистон узумларини етказиб бериш  сезиларли даражада кўпайди, бу узумни ташқи бозорларга оммавий экспорт қилиш бошланганидан далолатдир. Ўтган йиллардаги статистик маълумотларга қараганда, Ўзбекистондан узумнинг 93-98 фоизи июлдан декабргача экспорт қилинади, ушбу ҳажмнинг тахминан 80-90 фоизи – августдан ноябрга қадар жўнатилади. Шу билан бирга, июль – мавсум бошига йиллик экспорт ҳажмининг 3% дан 6%игача тўғри келади ва мавсум охири – декабрдаги миқдор ҳам шунчани ташкил этади. Бозор иштирокчиларининг фикрига кўра, 2021 йилнинг июль ойи ўрталарига қадар ўзбек узумини экспортга жўнатишда у қадар фаоллик кузатилмади, маҳсулот жўнатиш ҳажми охирги ҳафтада – ўн кунда ошди. Шундай қилиб, 2021 йилги мавсум одатдаги вақтда бошланмоқда.

Узум Ўзбекистондан сархил мевалар экспорти рейтингида миқдор бўйича ҳам, тушадиган маблағ  бўйича ҳам биринчи ўринда туради. 2017 йилдан 2020 йилга қадар мамлакат ташқи бозорга 117 мингдан 141 минг тоннагача сархил узум экспорт қилди ва 2020 йил якуни бўйича экспортдан тушган даромад 133 миллион долларни ташкил этди.

Ўзбекистон узумининг асосий, йирик экспорт бозорлари Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон бўлиб, бу мамлакатларнинг Ўзбекистон сархил узуми экспортидаги умумий улуши 98-99 фоизни ташкил қилади. Бундан ташқари, 2018 йилдан 2020 йилгача Ўзбекистондан сархил узум Украина ва Беларусь бозорларига йилига 400 дан 1 300 тоннагача етказиб берилди. Сўнгги 4 йил ичида Мўғулистон, Бирлашган Aраб Aмирликлари, Германия, Польша, Туркия Афғонистон, Латвия, Литва, Тожикистон ва Туркманистонга кичик ҳажмда (17 дан 70 тоннагача) сархил узум етказиб берилди.

2021 йилнинг июль ойи бошидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда узум 90 минг гектар майдонда  етиштирилмоқда. Сўнгги тўрт йил ичида эса 52 минг гектар янги узумзорлар барпо этилди. Келгуси йилларда республиканинг 44 туманида экспортга йўналтирилган янги плантациялар яратиш орқали республикада узумзорлар майдонини кўпайтириш режалаштирилган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Туркия бу йил 200 миллион долларлик хўраки узум экспортини режалаштирмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда хандон писта йиғим-терими якунланмоқда, аммо ҳосилнинг чўғи кам

EastFruit

Ўзбекистонда ёнғоқ нархи 25 фоизга юқори

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин