Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда мева-сабзавотларнинг энг йирик улгуржи бозори ишга тушади
Янгиликлар

Ўзбекистонда мева-сабзавотларнинг энг йирик улгуржи бозори ишга тушади

Мева-сабзавотларнинг улгуржи савдоси бўйича Ўзбекистондаги энг йирик бозорлардан бири бўлмиш Тошкент шаҳридаги “Қўйлиқ” озиқ-овқат бозори пойтахтдан ташқарига кўчирилади. Таъкидланишича, янги бозор – барча зарур инфратузилмага эга агромажмуа бўлиб, у республиканинг энг йирик мева-сабзавот улгуржи бозори ва Ўзбекистондаги энг катта озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатиш марказларидан бирига айланади.

Бироқ, ҳозирги «Қўйлиқ» бозори сотувчилари янги бозорда ижара ҳақи юқори эканлиги ва маҳсулотларни сақлаш учун дўконлар ҳажми етарли эмаслигини таъкидлашяпти.

2021 йилнинг 7 декабрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Тошкент ҳалқа йўлини кенгайтириш ва унинг устидан ўтган автомобиль кесишмасида кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилиши муносабати билан «Қўйлиқ» деҳқон бозори бошқа жойга кўчирилиши ҳақида маълум қилди. Бундай қарор йўл инфратузилмаси ва коммуникация тармоқларини яхшилаш ҳамда транспорт тирбандлигининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган. Бироқ, ўша куни пойтахтдаги энг йирик бозорлардан бири қаерга кўчирилиши режалаштирилганига аниқлик киритилмади.

Кейинроқ бозор республика пойтахтидан ташқарига, ҳозирги бозор жойлашган жойдан тахминан 8 км масофада жойлашган Тошкент вилоятидаги FOODCITY агромажмуасига кўчирилиши маълум бўлди. Хабар қилинишича, «Қўйлиқ» бозорини кўчириб ўтказиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2017 йилдаёқ қабул қилинган. Янги бозор шунингдек “Янги Қўйлиқ деҳқон бозори” деб номланади.

FOODCITY – 60 гектар майдонда жойлашган бўлиб, мева-сабзавотларнинг энг йирик улгуржи бозори ҳамда Ўзбекистондаги озиқ-овқат маҳсулотларининг энг катта дистрибьюторлик марказларидан бири сифатида намоён бўлувчи улкан лойиҳадир. У мустақил сотувчилар, супермаркетлар тармоғи, хизмат кўрсатувчи провайдерлар, экспортёрлар, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш компаниялари, ресторанлар ва овқатланиш хизматларини кўрсатувчи шохобчаларни жамлаган.

FOODCITY инфратузилмаси улгуржи нархларда йирик ва майда партияларда харидларни амалга оширишга мўлжалланган икки турдаги савдо мажмуаларини ўз ичига олади. Офис ва омбор бинолари, меҳмонхона иншооти, турли хил ресторанлар, қаҳвахоналар, юк машиналари ҳамда енгил автомобилларнинг тўхташ жойлари, шунингдек, юк машиналари учун кутиш жойлари шулар жумласидандир. Мажмуа кечаю кундуз, ҳафтада етти кун (24/7 режимда) ишлайди. Қуйида ушбу йирик мева-сабзавот савдо мажмуасининг асосий хусусиятлари келтириб ўтамиз:

– умумий майдони 17,5 минг  метр квадратлик усти ёпиқ бозор;

– 2500 та дўкон ва витриналар;

– умумий майдони 16,5 минг  метр квадратлик 5 та кросс-док (юкларни транспортдан-транспортга ўтказиш учун);

– халқаро стандартларга мос 3 та асосий омбор: (1) қуруқ омбор – барча маҳсулотларни сақлаш учун, (2) музлатгичли омбор – маҳсулотларни музлатилмаган ҳолатда сақлаш учун ва (3) музлатиш омбори – музлатилган маҳсулотларни сақлаш учун;

– шаҳарлараро ва шаҳар ичидаги доимий автобус йўналишлари учун автовокзал – бу ерда сақлаш хонаси, кутиш зали, чой ва қаҳва машиналари, тўлов терминаллари, банкоматлар, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган қаҳвахона ва киоскалар мавжуд;

– енгил ва кичик габаритли автомашиналар учун 2 500 та тўхташ жойи;

– 40 та юк машиналари учун тўхташ жойи;

– майдони 3000 м. кв лик меҳмонхона.

FOODCITY вакили «Газете.uz»га берган интервьюсида бозорни пойтахтдан ташқарига кўчириш тўғрисидаги қарор халқаро тажриба ўрганилгач қабул қилинганини айтди:

“Халқаро амалиётга назар ташласангиз, барча йирик бозорлар шаҳар ташқарисида жойлашган. “Қўйлиқ” — Тошкентдаги озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатувчи марказ. Кўпгина кичик дўконлар бу ердан озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилади ва уларни хонадонлар яқинидаги кичик дўконларда сотади. Бугунги кунда ушбу бозор ёнидаги катта тиқилинч автомобиль йўлида тирбандлик юзага келишига сабаб бўлмоқда”, деди компания вакили.

Савдогарлар нимадан норози?

Бозор кўчирилиши ҳақидаги хабар пайдо бўлгач, ижтимоий тармоқларда «Қўйлиқ» бозори автотураргоҳига автомобиллар киритилмагани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқала бошлади. Шунингдек, бир гуруҳ одамлар бозор олдидаги йўлни тўсишга урингани ҳам айтилди. Кейинчалик бозор кўчирилишидан норози бўлаётган савдогарлар билан боғлиқ вазият ўз ечимини топди, уларга янги “FOODCITY” бозорида ижара ҳақини тўлашда уч ойлик имтиёз берилди.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда ҳозирги «Қўйлиқ» бозори сотувчилари янги бозорда ижара нархи юқорилиги ва бинолар кичиклиги, маҳсулотларни сақлаш учун етарли жой йўқлиги, шунингдек, автобус ва метро йўналишлари йўлга қўйилмагани сабабли бозорга боришдаги қийинчиликлардан шикоят қилишди. Уларнинг фикрича, бозор кўчирилгач, маҳсулотлар нархи ошиши мумкин.

“Кўчишимиз ҳақида ҳозирча аниқ гап айтилмади. Лекин янги қурилган бозорга бориб кўрдик. Бизга шароитлари маъқул келмади. Бу ерда битта камерамиз 60 кв/метр. У ердаги дўконлар 20-25 кв/метр чиқар экан. Маҳсулотларимиз сиғмайди у дўконларга. Янги бозорда битта кичкина дўконни 120 млн сўм гаров эвазига таклиф қилишди”, дейди тадбиркор Ҳамдам Хўжамов.

Худди шундай фикрни тадбиркор Ўктамхон Қурбонова ҳам билдирди: “… Янги бозордаги битта дўконга бир тадбиркорнинг юки сиғмайди, 3 та дўкон олишимиз керак юкни сиғдириш учун. Устига устак ижараси қиммат».

Kun.uz нашри маълумотларига кўра, янги бозорда сотувчиларга таклиф этилаётган  дўконларнинг майдони 19, 25 ва 28 метр квадратни ташкил этади. Битта дўконнинг ойлик ижара ҳақи 100 миллион сўм гаров қўйиш шарти билан 3,5 миллион сўмдан иборат.

Ижара чегирмалари ва янги бозорга боришдаги муаммолар ечими

FOODCITY вакили «Газете.uz»га берган интервьюсида янги бозордан жой ажратишда ҳозирги «Қўйлиқ» бозорида ишлаётганларга устуворлик берилишини айтди. Уларга савдо жойларини ижарага олиш учун пойтахт ҳокимлиги томонидан белгиланган миқдордан 80 фоизлик чегирма берилади.

Шунингдек, янги бозордан узоқда яшовчи истеъмолчилар учун автобус йўналишларини ҳатто энг яқин метро бекатларидан ҳам бепул йўлга қўйиш режалаштирилаётганини айтди. Ҳозирги пайтда ҳаракатланиш схемалари ишлаб чиқилиб, керакли автобуслар миқдори аниқлаштирилмоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда 2026 йилга қадар 36 минг гектар майдонда доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилади, фермерларга эса имтиёзлар берилади

EastFruit

Қувайт компаниялари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирмоқда

EastFruit

Куз фаслида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин