Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда апельсин бир ой давомида қарийб 20 фоиз арзонлашди
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистонда апельсин бир ой давомида қарийб 20 фоиз арзонлашди

Сўнгги ой Ўзбекистонда апельсиннинг ўртача улгуржи нархлари 19 фоизга пасайган. EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, шунга ўхшаш тенденция, яъни, ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари пасайиши тренди 2020 ва 2021 йилларнинг январь-февраль ойларида ҳам кузатилган.

2022 йилнинг 7 январидан 11 февралига қадар Ўзбекистонда апельсиннинг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 16 минг сўмдан 13 минг сўмга пасайди ва бу ўтган йилларнинг шу даврида кузатилган пасайиш трендини такрорлади.

2022 йилнинг январь ойи ва февральнинг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистонда апельсиннинг ўртача улгуржи нархлари 2021 йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 25 фоиз паст бўлди. Юқоридаги графикдан кўриниб турибдики, 2022 йилнинг ушбу даврида апельсиннинг улгуржи нархлари даражаси 2020 йилдаги улгуржи нархларга жуда яқин, 28 январдаги нарх бундан мустасно.

Апельсин нархи пастлигига асосий сабаблардан бири мамлакат ҳукуматини 2021 йилнинг 7 октябрида қабул қилган қарори билан боғлиқ. Зеро, ушбу қарорда бир қатор мевалар, жумладан, цитруслар импортини божхона божларидан озод қилиш белгиланган. Ҳужжат қабул қилинишидан аввал ушбу меваларни мамлакатга олиб киришда 10–20 фоиз, бироқ, ҳар бир килограмм учун 0,2 доллардан кам бўлмаган божхона божи ставкаси қўлланган. Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур қарори мамлакат истеъмолчилари учун жуда ижобий аҳамиятга эга, чунки, иқлим шароити туфайли Ўзбекистон кўп миқдорда апельсин етиштира олмайди.

Агар 2020-2021 йилларнинг дастлабки икки ойида кузатилган апельсин нархлари динамикаси бу йил ҳам такрорланади, деб ҳисобласак, кейинги бир неча ҳафта ичида ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари янада пасайишини кутиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2021 йилда сўнгги беш йил ҳисобидан рекорд миқдорда апельсин импорт қилди. Бироқ, импорт ҳажмининг мутлақ кўрсаткичлари, шунингдек, мамлакатда ушбу маҳсулотнинг аҳоли жон бошига истеъмоли бошқа давлатлардагига нисбатан пастлигича қолмоқда.

Ўзбекистонга апельсин етказиб берувчи асосий давлатлар Туркия, Миср ва Жанубий Африка бўлиб, уларнинг биргаликдаги улуши 2021 йили умумий импортнинг 80% дан ортиғини ташкил қилган.  Апельсиннинг тахминан 12-15 фоизи Қозоғистондан импорт қилинган. Табиийки, бу ўринда реэкспорт ҳақида сўз бормоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Япониялик ҳамкорлар иссиқхона технологияларини Ўзбекистон кластерлари ва фермерларига ўргатишга тайёр

EastFruit

Ўзбекистондан гилоснинг синов партияси Хитойга авиатранспорт орқали етказилади

EastFruit

Ўзбекистонда помидорнинг янги “Универсал” нави яратилди: унинг асосий хусусиятлари қандай?

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин