Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон ва Эрон ҳамкорлигида заъфарон ҳамда хандон писта етиштириш имкониятлари ўрганиб чиқилмоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистон ва Эрон ҳамкорлигида заъфарон ҳамда хандон писта етиштириш имкониятлари ўрганиб чиқилмоқда

2022 йилнинг 20 февраль куни Теҳрон шаҳри (Эрон)да Ўзбекистон ва Эрон қишлоқ хўжалиги вазирлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Томонлар боғдорчилик, иссиқхона хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари, шунингдек, илм-фан ва агрохизматларни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий сайти ҳаволасига таяниб.

Мазкур учрашувда заъфарон ва хандон писта маҳсулотларини етиштиришда ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиш, М. Мирзаев номидаги илмий-тадқиқот институтида хандон писта питомнигини ташкил этиш ва Ўзбекистонда Эрон агробизнесининг маҳсулот ҳамда хизматларини AKIS платформаси орқали тарғиб қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевнинг таъкидлашича, Эрон сингари Ўзбекистон ҳам қишлоқ хўжалигида кескинроқ ҳис қилинаётган иқлим ўзгаришларини бошдан кечирмоқда. Сув ресурсларини тежаш, мелиорацияни ривожлантириш ва тупроқ унумдорлигини ошириш вазирлик фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Aсосий мақсад сув тежовчи технологияларни ҳамма жойда жорий этиш, 1,1 млн гектардан ортиқ ерларни қайта култивация қилиш ҳамда ҳар бир гектар ернинг ҳосилдорлигини оширишдан иборат. Ўтган йил давомида Ўзбекистонда 274 минг гектар майдон қайта тикланди, давлат томонидан субсидиялаш асосида 553 минг гектарда сув тежовчи тизимлар жорий этилди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири тадқиқотлар ва ишланмалар миллий тизими, иқлим ўзгаришига чидамли бўлган агро ишлаб чиқариш услубларини ривожлантиришга давлат томонидан эътибор ортаётгани ҳақида мезбон мамлакат вакилларига сўзлаб берди. Шу муносабат билан республикада қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларнинг янги АКIS тизими ишга туширилган бўлиб, у соҳанинг барча иштирокчилари учун илм-фан, таълим ва консалтинг хизматларини бирлаштиради. Икки йил ичида Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудуди АКIS марказлари тармоғи билан қамраб олинади ва жисмоний ҳамда онлайн хизматлар кўрсата бошланади.

Музокаралар натижаларига кўра, томонлар заъфарон ва хандон писта етиштириш бўйича илмий ва тижорий кооперация борасида ҳамкорликда иш олиб бориш имкониятларини кўриб чиқишга келишишди, М.Мирзаев номидаги илмий-тадқиқот институтида хандон писта питомнигини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Пахтачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик, доривор ўсимликлар, балиқчилик, паррандачилик соҳасида ҳамкорлик салоҳиятининг дастлабки муҳокамаси бўлиб ўтди.

Эрон томони Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлигининг АКIS платформаси орқали Эрон агробизнеси маҳсулот ва хизматларини тарғиб қилиш таклифини ҳамда Эрон қишлоқ хўжалиги ахборот агентлиги ҳамда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар маркази ўртасида ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Aграр соҳада мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш мақсадида идоралараро Ўзбекистон-Эрон ишчи гуруҳи шакллантирилади. Шунингдек, Эрон Қишлоқ хўжалиги вазири бошчилигида Эрон компанияларидан иборат делегациянинг Тошкентга ташрифини ташкиллаштириш режалаштирилмоқда.

EastFruit мутахассислари Марказий Осиёда хандон писта етиштириш истиқболларини бир неча бор қайд этишган. Эрон эса жаҳондаги энг йирик хандон писта етиштирувчи ва экспорт қилувчи давлатлардан бири ҳисобланади. Жаҳон хандон писта савдосида икки давлат – АҚШ ва Эрон етакчилик қилади, ушбу икки мамлакат ҳар йили умумий ҳажмда 300-350 минг тоннага яқин  хандон писта экспорт қилади. Эрон хандон писта ассоциациясининг маълумотларига кўра, 2020/21 йилги мавсумда Эрондан ушбу маҳсулот экспорти рекорд даражада бўлиб, 230 минг тоннага етган.

Бошқа томондан, Ўзбекистонда хандон писта плантацияларини кўпайтириш бўйича катта режалар бор.  EastFruit 2019 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон ҳукуматининг қурғоқчил ҳудудларга пистанинг маданий навларини экиш орқали экин майдонларини 350 минг гектарга етказиш режалари ҳақида ёзган эди.  Расмий статистик маълумотларга кўра, 2019 йилнинг октябрь ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хандон писта дарахтзорларининг умумий майдони қарийб 30 минг гектарни ташкил этган, амалдаги майдон бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Заъфарон етиштириш бўйича Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада ҳам ҳамкор жуда ҳам тўғри танланган. Эрон жаҳондаги энг йирик заъфарон етиштирувчи бўлиб, йилига 300 тоннага яқин ҳосил олади ва жаҳон бўйича заъфарон етиштириш ҳажмининг қарийб 90 фоизи ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Эрон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 2016 йилда ушбу мамлакатдан заъфарон экспорти 203 тонна, 2017 йили 237 тонна, 2018 йилда эса 280 тоннани ташкил этган.

Ўз навбатида, сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда заъфарон етиштириш жадал ривожланмоқда. Заъфарон плантацияларини яратиш режалари 2017 йилнинг март ойида эълон қилинган эди. 2017-2019 йилларда Ўзбекистоннинг 23 вилоятида ўрмон фонди ерлари ва фермер хўжаликларида доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ, умумий майдони 50 гектарга яқин заъфарон плантацияларини барпо этиш режалаштирилган эди.

2020 йилнинг сентябрь ойида EastFruit Ўзбекистонда италияликлар билан ҳамкорликда 400 гектар майдонга эга жаҳондаги энг йирик заъфарон плантацияларидан бирини яратиш борасидаги режалари ҳақида ёзган эди. Ушбу инвестицион лойиҳанинг умумий қиймати 34,4 миллион еврони ташкил этди.  Лойиҳа доирасида маҳаллий аҳоли учун 200 га яқин доимий ва 7 мингга яқин мавсумий иш ўрни яратилиши кутилган эди.

Бундан ташқари, 2021 йилдан бошлаб, Ўзбекистон ташқи бозорларга катта ҳажмдаги заъфарон экспортини бошлади.  2021 йилнинг июнь ойида BMB Trade Group (Ўзбекистон) ва Италиянинг Gesfarm&food компанияси ўртасида умумий қиймати 15 миллион евролик заъфарон етказиб бериш бўйича экспорт шартномаси имзоланган ва икки ой ўтиб, маълум бўлишича, 1 миллион евродан ортиқ партия Италияга жўнатилди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин