Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон Россияга узум экспорти бўйича Молдовани ортда қолдириб, Туркия кўрсаткичларига етиб олмоқда
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистон Россияга узум экспорти бўйича Молдовани ортда қолдириб, Туркия кўрсаткичларига етиб олмоқда

EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, 2021 йили Ўзбекистон Россия бозорига рекорд ҳажмда узум экспорт қилди ва бу Ўзбекистонга мазкур бозорда ўз позициясини сезиларли даражада мустаҳкамлаш имконини берди. Бироқ, ушбу муваффақият билан бирга узумнинг экспорт нархлари рекорд даражада пасайиши ҳам кузатилди. Бироқ, бу хусусда қуйида батафсилроқ тўхталамиз.

Экспорт кўрсаткичларига қайтадиган бўлсак, 2021 йил охирига келиб, Ўзбекистон Россияга 106 минг тонна хўраки узум экспорт қилган, бу ўтган йилга нисбатан бирданига 66 фоиз ёки 42,1 минг тоннага кўпдир. Сўнгги беш йилда Ўзбекистондан  Россияга узум экспорти ҳажми 4,3 баробар ошган.

Россия бозорига хўраки узум экспортининг ўртача йиллик ўсиш суръати бўйича Ўзбекистон Топ-5 етказиб берувчилар орасида яққол етакчи бўлди. Топ-10 таликка экспортни тезроқ оширган Эрон ва Тожикистон ҳам кирди. Тўғри, бу мамлакатлардан етказиб бериш ҳажми ҳозирча Ўзбекистонникидан анча паст. Бундан ташқари, узум етказиб бериш бўйича етакчилигича қолган Туркия экспорти Ўзбекистон экспортидан бироз камроқ даражадаги тезлик билан ўсганини қайд этиш жоиз. Россияга экспорт ҳажми ўсишининг юқори суръатлари билан етакчилар орасида Миср ҳам яққол ажралиб турди.

Россияга узум экспорти ҳажмини камайтириш тенденциясига эга бўлган етакчилар орасида ягона мамлакат Молдовадир.  Ўрта ҳисобда, сўнгги беш йил ичида Молдова ҳар йили узум экспортини 4 фоизга ёки 1,4 минг тоннага қисқартирди. Шундай қилиб, 2021 йилда Россияга узум етказиб бериш бўйича етакчи ўнталик қуйидагича кўриниш касб этди: Туркия, Ўзбекистон, Молдова, Ҳиндистон, Миср, Эрон, Чили, Перу, Тожикистон ва Жанубий Африка.

Энди Ўзбекистонда етиштирилган хўраки узум нархларига қайтсак. Бир неча бор ёзганимиздек, фаол экспорт мавсумида Ўзбекистондаги узум нархи рекорд даражада пастлаб кетди, Россия бозорлари эса Ўзбекистондан келтирилган арзон узум билан тўлиб-тошди. Табиийки, мазкур ҳолат фермерлар даромади камайишига олиб келади. Бунинг сабаблари ҳақида эса биз “Ўзбекистон узум навларининг рейтинги – тармоқ учун берилган баҳо” сарлавҳали мақолада батафсил ёзган эдик. Айни пайтда экспертларимизнинг хабарига кўра, мамлакатда узумзорлар майдонларини фаол кенгайтириш ишлари давом этмоқда ва худди аввалгидек, эскирган ҳамда оммабоп навлар экилмоқда.

Агар Ўзбекистонда узумнинг нав таркибини янгилаш ва етиштирилган маҳсулот сифатини ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар зудлик билан бошланмаса, шунингдек, узумни сақлаш инфратузилмаси яратилмаса, афсуски, унинг нархи бундан кейин ҳам тушиб кетиши мумкин.

Энг қизиғи, қишда узум экспорти бўйича минтақада етакчи бўлган Ўзбекистон унинг чакана нархлари бўйича ҳам етакчилик қилмоқда. Яъни, ўзбекистонлик истеъмолчилар қишда узум учун жуда юқори нарх тўлашга мажбур бўлмоқда, чунки, узум етиштириш ва сақлаш технологиялари  ушбу мева фаол етиштириладиган мавсумдан ташқари пайтда ҳам аҳолини таъминлаш учун етарли даражада ишлаб чиқилмаган. Бу эса Ўзбекистон узум бозорида ҳали кўплаб бўш нишалар борлигини ва даромадни ошириш учун ажойиб имкониятлар мавжудлигини англатади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Иордания Ўзбекистон анорлари учун ўз бозорларини очди

EastFruit

Ўзбекистонга Венгриядан картошканинг мини туганаклари келтирилди

EastFruit

Грузияда голубиканинг клуб навлари етиштирилади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин