Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон: озиқ-овқат хавфсизлиги, валюта курси ва макроиқтисодий барқарорлик бўйича таҳлил ва прогнозлар
Бозорлар шарҳи Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистон: озиқ-овқат хавфсизлиги, валюта курси ва макроиқтисодий барқарорлик бўйича таҳлил ва прогнозлар

2022 йилнинг 24 февраль куни Россиянинг армияси Украинада жанговар ҳаракатлар бошлади. Ушбу уруш жаҳоннинг кўплаб давлатларидаги озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солиб, бу борадаги таъминотнинг шусиз ҳам заиф бўлган глобал мувозанатини бузди. Айни дамда Ўзбекистон ҳукумати юзага келаётган таҳдидларни муваффақият билан бартараф этишга эришяпти, лекин асосий муаммолар ҳали олдинда.

Ушбу мақолада биз Ўзбекистондаги озиқ-овқат хавфсизлиги, макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик, шунингдек, истеъмолчилар кайфияти билан боғлиқ вазиятни акс эттиришга ва истиқболни ҳамда ушбу вазиятнинг келгусидаги ривожланиш  имкониятларини баҳолашга ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларининг нетто-импортёри ҳисобланади. Салбий савдо баланси йилига 500 миллион долларни ташкил этади.

Шу билан бирга, импортнинг 36 фоизи – Россия, Беларусь ва Украина малакатларининг умумий ҳиссасига тўғри келади, яъни, улар Ўзбекистонга тўғридан-тўғри озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчилардир.  Ўзбекистонга импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг 30%га яқини Россия Федерациясидан, 4%и Беларусдан, 2%га яқини Украинадан импорт қилинади. Қайд этиш жоизки, Россиядан Ўзбекистонга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми бундан кўпроқ ҳам бўлиши мумкин, чунки, ушбу товарларнинг бир қисми мамлакатга Қозоғистондан воситачилар орқали кириб келади.

Ўзбекистоннинг озиқ-овқат маҳсулотлари экспортида эса, ушбу уч давлатнинг умумий улуши янада юқори – бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 42 фоизни ташкил этади! Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотларининг қарийб 40 фоизи Россия бозорига Қирғизистон ва Қозоғистон орқали экспорт қилинади.

Табиийки, узоқ муддатли истиқболда Украинадаги вазиятнинг Ўзбекистон озиқ-овқат бозорига таъсири жуда катта бўлиши мумкин.

Ўзбекистон озиқ-овқат савдосида мазкур вазиятга нисбатан таъсирчан позициялар

Ўзбекистонга импорт қилинадиган жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 60 фоиздан ортиғини юқори калорияли асосий маҳсулотлар, хусусан, дон ва дон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи ва уни ишлаб чиқариш учун хом ашё, шунингдек, шакар ташкил этади.

Импорт конъюнктурасидаги ўзгаришларга чорва учун озуқа тоифаси ва камроқ даражада гўшт импорти сезгирдир. Бу товарларнинг барчаси бўйича Ўзбекистон нетто-импортёр ҳисобланади, демак, импорт режимлари ўзгариши, импорт қилинадиган товарларнинг мавжудлиги ҳамда импорт маҳсулотларининг нархлари ички озиқ-овқат бозори ва хавфсизлигига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Фақат сабзавот ва мевалар бўйича (картошкадан ташқари) Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан вазият нисбатан яхши. Бироқ, бу ерда ҳам Ўзбекистон мева-сабзавот бизнесининг Россия ва Россия Федерацияси билан яқин савдо алоқаларига эга бўлган бошқа мамлакатлар бозорларига мева-сабзавот етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Россияда аҳолининг сотиб олиш қобилияти пасайгани сабаб ушбу маҳсулотларга талабнинг кескин камайгани ва рублнинг кескин қадрсизланиши туфайли ўзбекистонлик трейдерлар ва ишлаб чиқарувчилар зудлик билан муқобил бозорларни излаши зарур. Лекин, бу осон эмас, чунки, Ўзбекистондан товар экспорти логистикаси қиммат ва мураккаб, бу маҳсулотлар тез бузиладиган тоифага киради ва уларнинг сифати маҳсулот сифатига Россиядан кўра талабчанроқ мамлакатлар нуқтаи назаридан яхши эмас.

Келинг, энди муҳим импорт тоифаларига қайтайлик.

Дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари бўйича Ўзбекистоннинг Россияга қарамлиги у қадар юқори эмас – ушбу маҳсулотларнинг асосий қисми қўшни Қозоғистондан импорт қилинади. Украинадан ҳам арзимаган ҳажмлар олиб келинади.

Ўсимлик ёғи билан боғлиқ алоҳида муаммолар йўқ – Россия Федерациясидан экспортга таъқиқ қўйилмаган, Украинадан импортга боғлиқлик  аҳамиятсиз – 1-2% оралиғида. Албатта, мазкур позициянинг ҳам худди дон каби нархи ошиши мумкин, лекин бу глобал муаммо.

Шакарга келсак, муаммо жуда аниқ. Зеро, Ўзбекистонга шакар ва шакарли «қандолат» импортининг 60% дан ортиғи Россия улушига тўғри келади, ва энди Россия шакар экспортига тўғридан-тўғри таъқиқ жорий қилди. Дарвоқе, бу ерда Украинадан етказиб бериш улуши сезиларли даражада эди – тахминан 4%. Табиийки, Бразилия ва бошқа йирик етказиб берувчи давлатлардан олиб келиниши мумкин бўлган шакар хом ашёсини маҳаллий қайта ишлаш ҳажмини ошириш муаммонинг ечими бўлиши мумкин, аммо асосий савол шундаки, Ўзбекистон корхоналарининг қуввати бунга имкон берадими?

Умуман олганда, импорт бўйича вазият унчалик хавфли кўринмайди, шундай бўлса-да, озиқ-овқат нархлари ошиши эҳтимоли – алоҳида масала. Таҳлилчилар фикрига кўра, йил охиригача бу масала анча муҳим аҳамият касб этиши мумкин, чунки, жаҳонда ҳозирча 2021 йилги ҳосил захираларидан фойдаланилмоқда.

Доллар ва бошқа валюталарнинг сўмга нисбатан курси

Ўзбекистонда 9 мартга қадар АҚШ доллари ва бошқа асосий валюталар курси нисбатан барқарор сақланиб қолди. Россия рубли бундан мустасно. 24 февралдан 9 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган АҚШ доллари курси 1 АҚШ доллари учун 10 840 сўмдан 10 897 ўзбек сўмигача, яъни, атиги 0,5% ошди. Афтидан, регулятор кутиш  позициясини эгаллади – уруш қисқа муддатли бўлиши ва кейин ҳаммаси меъёрий ҳолатга қайтиши мумкин эди. Аммо уруш чўзилиб кетди ва сўм босқичма-босқич девальвация қилина бошланди – 9 мартдан 15 мартга қадар АҚШ доллари курси 1 АҚШ доллари учун 10 897 сўмдан 11 033 сўмгача, яъни, бир ҳафта давомида 1,2% га ошди.

Бироқ, март ойининг иккинчи ярми ва апрель ойи бошларида эртаги сабзавотларни ташқи бозорларга жўнатиш мавсуми бошланаётгани ва Россия, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон асосий бозорлар бўлиб, уларнинг валюталари долларга нисбатан сезиларли даражада пасайганини ҳисобга олсак, бу сўмнинг арзимас девальвациясидир. Бундан ташқари, қуритилган мева-сабзавот, шунингдек, музлатилган меваларни жўнатиш давом этмоқда ва келгусида ҳам давом этади.  Қолаверса, ўша вақтга келиб, уруш сурункали босқичга ўтаётгани ва сиёсий музокаралар ҳали кўзга кўринарли натижаларни бермаганлиги ҳақида тушунча мавжуд бўла бошлади. 15 дан 18 мартга қадар АҚШ доллари курси кескин кўтарилди – 1 АҚШ доллари учун 11 033 сўмдан 11 572 сўмгача, яъни,  3 кун ичида 4,9% га ошди.

Шундай қилиб, 2022 йилнинг 24 февралидан 18 мартигача Ўзбекистонда АҚШ доллари курси 1 АҚШ доллари учун 10 840 сўмдан 11 572 сўмга, яъни, 6,8% га ошди. Аммо, бу, миллий валюталари девальвацияси жиддий тус олган асосий савдо бозорларида (Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда) Ўзбекистон товарлари нарх бўйича рақобатбардош бўлиши учун етарли эмас. Бошқа томондан, асосий савдо бозорларида, айниқса, Россия Федерациясида аҳолининг сотиб олиш қобилияти даражаси ҳам кескин пасайди, шу боис, сўмнинг кескин девальвацияси билан маҳсулот экспортининг юқори ҳажмини сақлаб қолиш осон бўлмайди.  Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий валютасининг кескин қадрсизланиши инфляция кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ўзбекистонда истеъмолчи кайфияти

EastFruit мутахассисларининг Ўзбекистон пойтахтида жойлашган супермаркетлар тармоғи дўконларидаги аудити, шунингдек, мамлакат резидентлари билан мулоқоти чоғида истеъмолчилар кайфиятида кескин ўзгаришлар сезилмади.

Россиядан буғдой ва шакар етказиб беришнинг вақтинчалик таъқиқланиши муносабати билан қисқа муддатли ажиотаж пайдо бўлди, бироқ, расмий ҳукумат бунга дарҳол муносабат билдириб, Ўзбекистонда ушбу маҳсулотлар бўйича тақчиллик бўлмайди, деган баёнот билан аҳолини тинчлантирди! Масалан, буғдой бўйича маҳаллий ишлаб чиқариш ва муқобил етказиб берувчилардан импорт ҳисобига, шакар бўйича эса муқобил етказиб берувчи Бразилиядан харид ҳисобига талаб қондирилади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги баёноти билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Шунга қарамай, бундай таъқиқнинг истеъмолчилар кайфиятига муайян даражада таъсири бўлди. Айрим савдо тармоқлари шакар сотиш бўйича чекловлар жорий этди: «Кorzinkа»да – бир кишига учун 2 кг, «Маkro»да – 4 кг,  «Havas»да эса дадиллик билан 10 кг дан сотилмоқда.  «Cаrrefour» тармоғида ҳам харидорлар киши бошига 10 кг шакарни муаммосиз олишяпти. Қозоғистоннинг “Маgnum” тармоғи ҳатто паст нархларда шакар таклиф қилиш орқали Наврўз байрами кунлари харидорларни жалб қила бошлади.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, кўплаб кекса авлод вакиллари ҳар эҳтимолга қарши макарон, дон ва бошқа зарур маҳсулотлар захирасини яратишга ҳаракат қилишди, аммо, бу ҳодиса дўконларда ажиотажни юзага келтирмади, аксинча, савдодаги қисқа муддатли ўсишга ёрдам берди.

Умуман олганда, Ўзбекистон пойтахтидаги истеъмолчилар кайфиятида ўзгаришлар, жумладан, ажиотаж ёки ваҳима кузатилмади.

Ўзбекистон супермаркетларидаги озиқ-овқат ассортименти ҳамда экин майдонларининг тузилиши

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг сабзавот ва мевалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, бошқа тоифалар, жумладан, маиший кимё, дори-дармон ҳамда бошқа зарур товарлар ассортиментида ўзгаришлар кузатилмаяпти.

Ва ҳозирча Ўзбекистондаги экин майдонлари таркибида ҳам ўзгаришлар кўзда тутилмаган. Фермерларни бундан кўра, 2022 йил март ойида кузатилган об-ҳаво аномалияларининг бўлажак ҳосилга салбий таъсири кўпроқ хавотирлантирмоқда.

Россиядан Ўзбекистонга меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари

Меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари борасида сезиларли ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Айни нуқтаи назардан,  Ўзбекистонга меҳнат муҳожирларининг трансчегаравий ўтказмалари ҳажмига Украинадаги уруш таъсири – меҳнат муҳожирларининг аксарият қисми “уйда қолган” коронавирус пандемияси давридагидан ҳам салбийроқ бўлиши мумкин.

Меҳнат муҳожирларининг 75-80 фоизга яқин пул ўтказмалари Россия (65-70 фоиз) ва Қозоғистондан (7-10 фоиз) келгани сабабли, бу ердаги таъсир икки жиҳатдан сезиларлидир. Биринчидан, Россия рубли қадрсизланиши Россиядаги меҳнат муҳожирларининг АҚШ доллари қийматида ўлчанадиган даромадларини автоматик равишда 25–30 фоизга, Қозоғистондаги муҳожирларникини эса тахминан 15–18 фоизга камайтирди.  Шу боис, бошқа омилларни ҳисобга олмаган ҳолда ҳам, Россия рубли ва Қозоғистон тенгесининг қадрсизланиши аллақачон бу давлатлардан пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада пасайишига олиб келмоқда.

Иккинчи омил – Россия ва натижада, Қозоғистонда ҳам иқтисодий вазиятнинг жуда ёмонлашувидир, зеро, Қозоғистон иқтисодиётининг Россия иқтисодиёти билан боғлиқлик даражаси юқори. Бу жараёнларнинг ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун асоратлари Россияда ишсизлик кучайиши, хорижлик ишчиларга талабнинг кескин қисқариши ва катта эҳтимол билан, мигрантларнинг иш ҳақининг пасайиши ҳисобланади. Буларнинг бари меҳнат муҳожирлари сонининг Россия ва Қозоғистонда қисқаришига, шунингдек, уларнинг даромадлари камайишига олиб келади.

Март ойи бошида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзининг расмий Теlegram канали орқали меҳнат муҳожирлари ўртасида аноним сўровнома ўтказди.

Респондентларга “Россиядан яқин вақт ичида Ўзбекистонга қайтишни режалаштираяпсизми?”, деган савол берилди.  Кейин тўрт жавоб варианти таклиф қилинди ва натижалар қуйидагича:

2022 йилнинг 18 март ҳолатига кўра, ушбу сўровда 13,6 минг респондент иштирок этган.

Диаграммадан кўриниб турибдики, ҳозирча респондентларнинг атиги 35 фоизи ўз фаолиятини давом эттиришига ишончи комил; Россия рубли қадрсизланишда давом этса, 24%и қайтиши мумкин;   респондентларнинг 41 фоизи эса рубль қадрсизланиши ёки ишсиз қолгани сабаб Ўзбекистонга қайтишни истамоқда. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Россияда 1,5-2,0 миллион нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари фаолият юритади.

Энди эса агар биз ушбу икки жиҳатни (Россия рубли ва Қозоғистон тенгесининг қадрсизланиши + иқтисодий вазият ёмонлашуви, биринчи навбатда Россия, кейин эса Қозоғистон иқтисодиётида) умумлаштирадиган бўлсак, Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг умумий ҳажми нечоғли камайишини тахминан тасаввур қилиш мумкин.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 12 ойида халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали тушумлар ҳажми 8,1 миллиард долларни ташкил этган, бу кўрсаткич 2020 ва 2019 йиллар билан солиштирилса, 34 фоизга кўпдир. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, ушбу маблағнинг 65-70 фоизи Россиядан (тахминан 5,5 миллиард доллар) ва 7-10 фоизи Қозоғистондан (650 миллион долларга яқин) жўнатилган.

Ўзбекистон иқтисодиёти учун бу жиддий сумма ва 2022 йилда унинг қанчалик камайиши – катта савол. Илк натижалар 2022 йилнинг 1-чораги бўйича маълумотларда кўринади, тўлиқ “эффект” эса эса 2022 йилнинг 2-чораги бўйича маълумотларда акс этади. 2022 йил якунига кўра меҳнат муҳожирлари томонидан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми учдан бир қисмга қисқарган тақдирда ҳам, бу пул ўтказмалари умумий ҳажмининг 2,7 миллиард долларга камайишига олиб келади.

Бу тахминан Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг уч йиллик қийматига тенг! Табиийки, айни вазият мамлакат иқтисодиётининг бошқа барча тармоқларига жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Жаҳон банки Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмининг 21 фоизга қисқаришини тахмин қилмоқда, бироқ, бу прогноз меҳнат муҳожирлари орасида Россиядан Ўзбекистонга қайтиш режалари бўйича сўров ўтказилгунига қадар эълон қилинган. Шу боис, ушбу сўров натижаларини, яъни, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг бугунги кайфиятини инобатга олган ҳолда мазкур баҳолов янада салбий томонга ўзгариши мумкин.

Дарвоқе, меҳнат муҳожирлари ва уларнинг яқинларига қулайлик яратиш мақсадида ҳозир Ўзбекистондаги барча банклар Россия рублини сотиб олиб, сотмоқда, чунки, Россиянинг ўзида нақд хорижий валютанинг кескин танқислиги мавжуд. Бу ҳолат муаммоларни қисман ҳал қилади, лекин буткул бартараф эта олмайди.

Давлат назорати

Нархларни тартибга солиш бўйича дастлабки чора-тадбирлар ҳукумат томонидан шакарга нисбатан  амалга оширилмоқда. Баъзи ҳудудларда ушбу маҳсулот нархи бир килограмм учун 20 минг сўмгача кўтарилган. Шунингдек, асосан, Россия Федерациясидан импорт қилинадиган гречка нархи ҳам сезиларли даражада ошди.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ҳозир Россия билан савдо-сотиқда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш ва бунинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини камайтириш  мақсадида Осиё давлатлари, хусусан, Покистон, Эрон, Ҳиндистон ва Хитой билан савдо алоқаларини фаоллаштиришга ҳаракат қилмоқда. Покистондан картошкадан ташқари гўшт ҳам импорт қилина бошланди.

Бу 2022 йилда Ўзбекистоннинг мева-сабзавот экспорти имкониятларини ҳам кенгайтиради, деган умиддамиз.

Хулоса шуки…

Айни пайтда Ўзбекистонда озиқ-овқат бозоридаги вазият барқарорлигича қолмоқда, бироқ, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши сабаб мамлакатда инфляция даражаси ошиши ва умумий макроиқтисодий вазиятда ушбу салбий факторлар таъсирини кузатишимиз мумкин. Шунингдек, келгуси ойларда озиқ-овқат нархлари ўсишининг эҳтимоли баланд, бу эса мамлакатдаги кам таъминланган аҳолининг озиқ-овқат калорияларининг минимал тўпламига эга бўлишига салбий таъсир кўрсатади. Агар Россия ва Қозоғистондан меҳнат муҳожирларининг катта қисми ишсиз қолиб қайтиб келса, бу вазият мамлакат ички бозорида озиқ-овқат маҳсулотларига талабни кучайишига, ўз навбатида, бу даромадлар камайгани ҳолда импортни ошириш заруратига олиб келади.

Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон бозорларига экспорт қилиш истиқболи ҳам ноаниқдир. Чунки, ушбу мамлакатларда аҳоли даромадлари даражаси пасайиши ва миллий валюталар қадрсизланиши муаммоси мавжуд. Бу эса мамлакат фермерларининг даромади камайиши ва бу борадаги инвестиция лойиҳалари чекланишига олиб келиши мумкин.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, жаҳонда озиқ-овқат ва энергия нархлари юқорилиги, мураккаб ва қиммат логистика, савдо тўсиқлари сони ортиб бораётган вазият бир неча йил давом этиши эҳтимоли баланд. Ва бу, шубҳасиз, глобал характерга эга бўлади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Туркияда гилоснинг эртаги навлари ҳосилини йиғиб олишга киришилди

EastFruit

Ready4Тradе лойиҳаси – Марказий Осиё мамлакатларининг савдо-сотиқни соддалаштириш борасидаги ҳамкорлиги

EastFruit

Маcfrut – 2022: Ўзбекистон жаҳонда етакчи гилос етиштирувчи компаниялар билан ҳамкорликни фаоллаштирмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин