Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон мева-сабзавотлари «Агроэкспресслар» ёрдамида Россияга тўғридан-тўғри етказиб берилади
Янгиликлар

Ўзбекистон мева-сабзавотлари «Агроэкспресслар» ёрдамида Россияга тўғридан-тўғри етказиб берилади

«UzAgroLogistics Centers» агрологистика маркази, «РЖД Логистика» АЖ ва «Россия экспорт маркази» (РЭМ) АЖ Россия-Ўзбекистон логистика коридорини ривожлантириш ҳамда агросаноат импорт ва экспорт юкларини «Агроэкспресс» тезюрар рефрижераторли контейнерли поездларида ташиш борасида ҳамкорлик бўйича келишув имзолашди. Бу Ўзбекистон агросаноат мажмуасининг экспорт маҳсулотларини етказиш бўйича хизматларни ҳамда Россиядан олиб келинадиган импорт юкларни янги сифат даражасига олиб чиқишга имкон яратади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мультимедиа маркази хабар берди.

Ўзбекистондан Россияга дастлабки синов «Агроэкспресс»ни (қарийб 40 вагон) 2021 йилнинг кузида жўнатиш режалаштирилган. Худди шу темир йўл состави Россиядан Ўзбекистонга қарама-қарши импорт оқимини таъминлаб беради.

Меморандум «Uzagrologistics Centers» МЧЖ, «РЭМ» АЖ, «РЖД Логистика» АЖ бош директорлари Ноуфалбек Сабиров, Вероника Никишина ва Дмитрий Мурев томонидан имзоланди.

«Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Россия экспорт маркази» АЖ, ҳамда «РЖД Логистика» АЖ томонидан ишлаб чиқилди, музокаралар чоғида улар агро-озиқ-овқат маҳсулотларини тўғридан-тўғри етказиб беришни ривожлантиришда икки томонлама кўмак ҳамда учинчи мамлакатлар орқали қайта экспорт қилишни камайтириш заруратини таъкидлашди, — деди Ноуфалбек Сабиров. — Бу Ўзбекистондаги етказиб берувчилар учун ҳам, Россиядаги фойдаланувчилар учун ҳам бирдек манфаатли. Ҳужжат билан Россиядаги Селятино станциясидан Ўзбекистондаги Чуқурсой ва Сергели станцияларига ташиш маршрутлари аниқлаб берилган, шунингдек бошқа йўналишлар ҳисобидан қамровни кенгайтириш имкониятлари кўзда тутилган».

Россия-Ўзбекистон логистика коридорини ташкил этиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 июлдаги ПҚ-4406-сон «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 ноябрдаги ВМҚ-761-сон «Осиё тараққиёт банки иштирокида «Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ва имкониятларни амалга ошириш ҳамда  Агро-логистика марказларини яратиш бўйича лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган.

Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон мева-сабзавотлари Россияга экспресс-поездларда етказилади

Ҳужжатда «Агроэкспресс» контейнерли тезюрар темир йўл поездлари ҳаракатини йўлга қўйиш орқали «Россия-Ўзбекистон» логистика коридори лойиҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги ва умуман олганда, агросаноат мажмуаси маҳсулотлари логистикасини такомиллаштириш назарда тутилган. Бундан ташқари, нохомашёвий ноэнергетик экспортни ривожлантириш, транспорт хизматлари экспорти, шунингдек бошқа ҳамроҳ иш ва хизматларни тараққий эттириш соҳасида ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

«2021 йилнинг биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга экспорт ташишлар хажми беш фоизга ошди ва деярли бир миллиард долларни ташкил этди. Лойиҳанинг тўлақонли ишга туширилиши ўзаро манфаатли маршрутларни шакллантиради ва россиялик экспортчиларни комплекс логистика хизмати ҳамда Россия маҳсулотларини узилишларсиз Ўзбекистонга етказиш канали билан таъминлайди, бу эса ўз навбатида икки мамлакатининг йиллик товар айланмаси кўрсаткичларини янги сифат босқичига кўтаради», — таъкидлади Вероника Никишина.

Ўз навбатида, Дмитрий Мурев Россия ва Ўзбекистон ўртасида «РЖД Логистика» мунтазам хизматини ташкил этишнинг улкан салоҳияти борасида тўҳталди. Темир йўл транспорти воситаси автотранспорт воситаларига нисбатан ишончли ва экологик тоза етказиб бериш усули сифатида ривожланмоқда. Унинг сўзларига кўра, ихтисослаштирилган ҳаракатдаги состав ҳатто ташиш учун энг нозик ҳисобланган юкларнинг ҳам бутлигини кафолатлайди. Россиядан Ўзбекистонга ва яна ортга самарали доимий логистика тармоғини ташкил этиш икки мамлакат ўртасида товар айланмаси кўрсаткичларини сезиларли даражада оширишга имконият яратади. Ўтган 2020 йилда ушбу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 15% дан кўпроқ миқдорда ўсган эди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Қозоғистон “Россия – Ўзбекистон” агрологистик коридорининг таркибий қисмига айланади

EastFruit

2021 йилда Грузиядан голубика экспорти 47% га ошди

EastFruit

Украина компанияси Малайзияга органик голубика экспорт қила бошлади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин