Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон 2020 йили Хитойдан рекорд даражада олма импорт қилди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистон 2020 йили Хитойдан рекорд даражада олма импорт қилди

EastFruit таҳлилчилари фикрига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон мавсумнинг ҳосилдорлиги паст келиши ортидан олма импортини кескин оширган. Шу билан бирга, янги олма импортининг асосий ҳажми Хитойдан етказиб берилган. Бир йил ичида Ўзбекистон Хитойдан 8,5 минг тонна олма импорт қилди, ҳолбуки, илгари Хитой олмаларини мамлакатга етказиб бериш бўйича расмий кўрсаткичлар йилига бир неча ўн тонна билан чекланарди.

Коронавирус пандемияси бошланишидан олдин Хитойдан Марказий Осиё мамлакатларига, биринчи навбатда, Қозоғистон ва Қирғизистонга етказиб берилган олманинг асосий қисми, аслида, Россияга ташиш учун мўлжалланган бўлса, 2020 йилнинг февраль-март ойларидан бошлаб, ушбу ноқонуний бизнес чегаралар ёпилиши, логистика харажатлари ошиши ва чегара назорати кучайгани сабабли тўхтаб қолди. Эслатиб ўтамиз, Хитой 2019 йилда Россия Федерацияси карантин қоидаларини бир неча бор бузганлиги сабабли Россия бозорига олма, нок ва бошқа баъзи меваларни етказиб бериш имкониятидан маҳрум бўлган. Ҳозирга қадар ушбу чеклов сақланиб турибди ва Хитой олмаси анча кичик ҳажмларда Россия бозорига транзит билан кириб келмоқда.

Ўзбекистон 2020 йили Хитой олмаларининг Россияга транзити билан шуғулланмади, чунки ушбу давлат фақат апрель-май ойларида ички бозорда маҳаллий етиштирилган юқори сифатли мевалар танқислиги пайтига келибгина катта ҳажмда олма сотиб ола бошлади. Худди шу ойларда Ўзбекистондан Россияга олма экспорти кузатилмаган.

Июнь ойида, Ўзбекистонда эртапишар олма навларини оммавий йиғиб териш бошланганда эса Хитойдан олма импорти ҳажми яна кескин пасайиб кетди. Шу билан бирга, Хитойдан Ўзбекистонга олма импорти октябрда қайта тикланди ва декабрда деярли 1000 тоннага етди. Ўзбекистонда олма етиштиришнинг нисбатан паст самарадорлиги ҳисобга олинса, халқаро савдо эркинлашгани сайин ушбу бозорда Хитой томонидан рақобат кучайиши мумкин.

Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон, Қозоғистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларида интенсив боғдорчилик ва олма бизнесидаги энг катта 10 муаммо

“Мен аввал ҳам айтиб ўтганимдек, ёзда Россияга ёзги ва ҳатто кузги олма навларини экспорт қилиш Ўзбекистон учун яхши имконият бўлиши мумкин. Сўнгги йилларда Россия бозорида олма истеъмолининг мавсумийлиги пасайган, шунинг учун ушбу мевани сотиш ҳажми ҳатто июнь-август ойларида ҳам жуда юқорилигича қолмоқда», – дейди БМТнинг Қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Озиқ-овқат ва инвестициялар департаменти иқтисодчиси Андрей Ярмак.

«Ўзбекистонда июль ойи охирида баъзи деҳқонлар “Голден Делишез” навли олмаларни аллақачон йиғишга киришади, демак, уларни дарҳол совутиш ва экспорт қилиш мумкин. Кечки олма навларини сақлаш учун сармоялар боғ барпо этиш харажатларига деярли тенглашиб қолиши ёки ҳатто ундан ошиб кетгани сабабли “ғилдиракларда ташиш” деб аталувчи ушбу мавсум олма навларини етказиб бериш имконияти борасида катта устунлик беради. Яна бир муҳим афзаллик – ёзда олма нархлари юқори бўлишидир, чунки у Россияга Жанубий Ярим шарнинг жуда узоқ мамлакатлари (Чили, Жанубий Африка, Аргентина, Янги Зеландия)дан етказиб берилади. Бу шуни англатадики, Ўзбекистондан ташишнинг қиммат эканлиги у қадар катта тўсиқ бўлмайди ва ишлаб чиқарувчининг даромади куз-қишда кечки навларни сотишдан кўра кўпроқ бўлади», – дейди Андрей Ярмак.

Айтганча, биз кетма-кет бир неча йилдан буён ёз мавсуми Ўзбекистондан Россияга олма етказиб бериш ҳажми ошаётганини кузатмоқдамиз. Хусусан, 2020 йили Ўзбекистон Россияга июнь ойида 1,7 минг тонна, июль ойида 2,6 минг тонна ва август ойида 363 тонна олма экспорт қилган. Сентябрь ва ноябрь ойларида етказиб бериш ҳажми аллақачон минимал даражага тушиб қолган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин