Бош саҳифаЯнгиликларОлманинг «Гала» нави 2022 йилда ҳам энг оммабоп нав ҳисобланмоқда — WАРАнинг янги прогнозлари
Янгиликлар

Олманинг «Гала» нави 2022 йилда ҳам энг оммабоп нав ҳисобланмоқда – WАРАнинг янги прогнозлари

2022 йилнинг 24 февралида Бутунжаҳон олма ва нок ассоциацияси (WАРА) келгуси мавсум учун Жанубий яримшардаги олма ва нок ҳосили бўйича прогнозни эълон қилди.  Аргентина, Австралия, Бразилия, Чили, Янги Зеландия ва Жанубий Африка маълумотларига асосланган прогнозга кўра, 2022 йилда олма ва нок етиштириш ўтган йилга нисбатан мос равишда 7 ва 6 фоизга қисқаради, дея хабар бермоқда EastFruit FreshPlaza ҳаволасига таяниб.

Ушбу ҳисобот АSОЕХ (Чили), CАFI (Аргентина), АBPM (Бразилия), Hortgro (Жанубий Африка), АPAL (Австралия), New Zealand Apples and Pears кўмагида тузилган ва шунинг учун Жанубий яримшарнинг энг етакчи олти мамлакатидан жамланган маълумотларни ўз ичига олади.

WАPА Бош котиби Филипп Бинард шундай деди: “Ушбу прогноз геосиёсий кескинликлар, ишлаб чиқариш таннархи ва логистика харажатлари ошиши, контейнерлар чекланганлиги, ишчи кучи танқислиги, иқтисодий вазият туфайли истеъмол камайиши билан боғлиқ хавотирлар каби ноаниқлик фонида ишлаб чиқилган».

Жанубий яримшардаги 2022 йил учун олма ҳосили прогнозида, асосан, Бразилиядаги 30 фоиз ва Аргентинадаги 11 фоиз камайиш ҳисобига ўтган йилга (5,2 млн тонна) нисбатан 7 фоиз – 4,9 млн тоннагача камайиш тахмин қилинмоқда. Австралия ва Чили ҳам олма етиштиришни мос равишда 3% ва 2% га қисқартириши прогноз қилинди. Янги Зеландия ва Жанубий Африка олма етиштириш ҳажми ошиши кутилаётган ягона мамлакатлардир (мос равишда 15% ва 4%). Чили 2022 йилда Жанубий яримшарда (1,5 млн тонна) энг йирик олма етиштирувчи мамлакатлигича қолиши кутилмоқда. Ундан кейинги ўринларда Жанубий Африка (1,2 млн тонна), Бразилия (900 минг тонна), Янги Зеландия (590 минг тонна), Аргентина (445 минг тонна), Австралия (311 минг тонна)дир. 1,7 млн тонна ҳажм билан «Гала» энг оммабоп олма навилигича қолмоқда, бироқ шуниси ҳам борки,  ушбу навни етиштириш 2021 йил билан таққосланганда 7 фоизга камайиши кутиляпти. Катта ҳажмлар Янги Зеландия (+17%) ва Жанубий Африка (+6%)дан экспорт қилинади, бу эса Бразилия олма экспортининг 65 фоизлик қисқариши ўрнини қоплайди.

Нок ҳақида сўз юритадиган бўлсак, Жанубий яримшар фермерлари ҳосилдорликнинг 6 фоизга – 1,2 млн тоннагача пасайишини прогноз қилишмоқда. Бу, асосан, Аргентинадаги 13%, Чилидаги 11% ва Австралиядаги 6% пасайиш билан боғлиқ. Бошқа томондан, Янги Зеландия ва Жанубий Африка нок етиштиришни мос равишда 31% ва 5% га ошириши кутиляпти. Аргентина Жанубий яримшардаги (522 минг тонна) энг йирик нок етиштирувчилигича қолмоқда, ундан кейинги ўринларда Жанубий Африка (492 минг тонна), Чили (122 минг тонна), Австралия (81 минг тонна) ва Янги Зеландия (11 минг тонна)дир. Энг кўп етиштирилган нав – «Packham’s Тriumph»лигича  қолган (2021 йилга нисбатан 4% камайганига қарамай, 444 минг тонна), ундан кейин Williams’ bon chrétien ноклари (306 минг тонна) қайд этилди. Экспорт кўрсаткичлари 2021 йилга нисбатан 6% – 641,2 минг тоннагача камайиши кутилмоқда, бу, асосан, Аргентина экспортининг 14% камайиши ҳисобигадир.

Шимолий яримшарда 1 февраль ҳолатига кўра, АҚШ захиралари олма учун 1,5 млн тонна (ўтган йилга нисбатан -1%) ва нок учун 149,5 минг тонна (ўтган йилга нисбатан +32%)ни ташкил этди. Европада олма ва нок захиралари 3,6 млн тонна (ўтган йилга нисбатан 7 фоиз кўп)ни ва 408 минг  тонна (ўтган йилга нисбатан 30 фоиз кам)ни ташкил қилди.

Филипп Бинард шундай дейди: “Мавсумий ўзгаришлар логистика ва  халқаро савдо харажатларига, жумладан, Шимолий яримшардаги етказиб берувчиларга яққол таъсир кўрсатмоқда, чунки, АҚШ олма ва нок савдосини Шимолий Америкада мўлжаллаган. Европа бозорлари Беларусга нисбатан эмбарго таъсиридан зарар кўришда давом этмоқда. Украинадаги сўнгги ўзгаришлар олма ва нокнинг барча глобал етказиб берувчилари учун  Шарқий Европанинг ҳар бир мамлакати, хусусан, Россиядаги савдоларга ҳам таъсир қилади. Шу боис, истеъмолни рағбатлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришни давом эттириш муҳимдир”.

WАРАнинг йиллик умумий йиғилишида CО2 чиқиндилари ҳамда олма ва нок етиштириш орқали углерод нейтраллигига эришиш ёки ҳатто бунинг атроф-муҳитга ижобий ҳиссаси мавзуси ҳам муҳокама қилинди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Туркияда гилоснинг эртаги навлари ҳосилини йиғиб олишга киришилди

EastFruit

«Ўзбекистондаги энг яхши экспорт имкониятлари ва ритейл: сабзавот, мева, резавор ва ёнғоқлар» савдо конференцияси

EastFruit

Ўзбекистондан гилоснинг синов партияси Хитойга авиатранспорт орқали етказилади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин