Бош саҳифаЯнгиликларМолдова ва Ўзбекистон — хўраки узум бўйича глобал конгрессда!
Долзарб Махсус Янгиликлар

Молдова ва Ўзбекистон – хўраки узум бўйича глобал конгрессда!

2021 йилнинг 30-июнь куни Fruitnet компанияси ташаббуси билан ташкил этилган хўраки узум бўйича глобал конгресс (GLOBAL GRAPE CONGRESS) барча континентлар ва жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидан ушбу бизнес бўйича вакилларни онлайн шаклда бирлаштирди.

Турли мамлакат, минтақа ва компаниялар янги навларни яратиш, қайта ишлаш технологиялари, хўраки узумни сақлаш, қадоқлаш ва сотиш бўйича эришилган ютуқлар борасида ўзаро тажриба алмашув имкониятига эга бўлишди. Минтақамиздаги энг йирик хўраки узум экспортёрлари – Ўзбекистон ва Молдова ҳам EastFruit лойиҳаси туфайли эътиборга сазовор бўлди, унинг маълумот ҳамда тадқиқотларини БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти инвестицион департаменти (ФАО) иқтисодчиси Aндрий Ярмак тақдим эди.

Андрий Ярмакнинг маълумот беришича, Ўзбекистон хўраки узум экспорти бўйича жаҳонда 11-ўринни, Молдова эса 16-ўринни эгаллаган бўлса-да, энг йирик импортёрлар ушбу мамлакатларга эътибор қаратмайди. Чунки, ҳар икки давлат ҳам узумнинг асосий қисмини Россия бозорига етказиб беради. Яна бир сабаб – узумнинг эскирган ва минтақадан ташқарида деярли номаълум навларини етиштиришдир, табиийки, бу экспорт имкониятларини чеклайди. Яқинда биз ушбу мақолада узум навлари билан боғлиқ Ўзбекистондаги хавотирли вазият ҳақида ёзган эдик.

Шу билан бирга, Aндрий Ярмакнинг фикрига кўра, Молдова ҳам, Ўзбекистон ҳам таъм жиҳатидан ноёб хўраки узумни таклиф қила олади. Aммо Ўзбекистон узуми европалик истеъмолчи учун ҳаддан зиёд ширали туюлиши мумкин, «Молдова» навли Молдова узумлари эса данакли. Айни пайтда бундай навлар жаҳон бозорида тез йўқ бўлиб бормоқда.

Тақдимотнинг потенциал харидорларни қизиқтирган жиҳатларидан бири шуки, Молдова экспорт қиладиган хўраки узум жаҳоннинг барча етакчи экспортёрлариникидан кўра арзонроқдир! Ушбу омил мамлакатга экспортни диверсификациялаш имконини беради, аммо, келгусида ишлаб чиқарувчилар учун бизнес турғунлиги муаммоларининг олдини олиш учун экспорт қилинадиган узум қийматини ошириш йўлларини излаш керак бўлади. Дарвоқе, ушбу видеода Молдовада етиштириладиган хўраки узумнинг етакчи экспортёрлари билан танишишингиз мумкин.

Яна бир қизиқ далил шуки, Ўзбекистон савдо бозорларидан узоқлиги, эскирган навлар ва қайта ишлаш технологиялари туфайли хўраки узумни, асосан, қуритилган ҳолда, яъни майиз шаклида экспорт қилади. Умуман, узум экспорти бўйича Ўзбекистон жаҳонда 6-ўринни эгаллайди ва мазкур мамлакатнинг умумий экспорти (қуритилган узум сархил эквивалентда ва сархил узум) йилига ўртача 500 минг тоннани ташкил этади!

Ўзбекистон маҳсулотининг афзаллиги шундаки, июнь ойиданоқ, бу мамлакатда узумни очиқ майдондан йиғиб олиш бошланади! Агар ҳимояланган тупроқдан фойдаланганда Ўзбекистон ундан ҳам аввалроқ ҳосил олиши мумкин эди. Молдовада аллақачон иссиқхона узумлари етиштирилмоқда. Ушбу бизнесга оид мисолни қуйидаги видеода кўришингиз мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон узумнинг кечки навлари ва сақланишига эътибор қаратиши керак, чунки, мамлакат ичида мавсумдан ташқари нархлар жуда юқори, бу эса маҳаллий истеъмолни чеклайди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Россия иссиқхоналарида сабзавот етиштириш деярли 8,5 фоизга ўсди

EastFruit

Марказий Осиё: картошка, пиёз ва сабзининг энг паст ҳамда энг юқори нархлари қаерда?

EastFruit

Молдовада «ҳафта охири» ярмаркалари кичик фермерлар учун даромад топишнинг муҳим усули саналмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин