Бош саҳифаМахсусМолдова бозорлари учун синергия рецепти: «жуфт кунларда фақат фермерлар, тоқ кунларда эса воситачилар ҳам савдо қилади»
Махсус Янгиликлар

Молдова бозорлари учун синергия рецепти: «жуфт кунларда фақат фермерлар, тоқ кунларда эса воситачилар ҳам савдо қилади»

Молдовада фермерларнинг шаҳарлардаги улгуржи ва чакана бозорларга «эркин кириши»ни таъминлаш ва  мева-сабзавот маҳсулотларида «воситачиларининг юқори нархлари»га қарши курашиш бўйича экстравагант усул таклиф қилинди. Маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш борасидаги доимий акциялари билан танилган сиёсатчилардан бири ижтимоий тармоқ орқали янги сайланган парламентга ва бўлажак ҳукуматга таъсир ўтказишни ҳамда уларни ички савдо тўғрисидаги амалдаги қонунга ўзгартиришлар киритишга ундашни таклиф қилди. Қонунчиликда таклиф этилаётган янгиликнинг моҳияти шундаки, мева-сабзавотларни ҳафтасига камида уч кун шаҳар бозорларида сотишга  маҳаллий ҳокимият  гувоҳномалари асосида фақат фермерларга рухсат берилади. Бунда фермер қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланишини ва ерга эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи сертификатларни тақдим қилиши лозим бўлади. Ҳафтанинг қолган кунларида бозорлар воситачилар, яъни савдогарлар фаолияти учун ҳам очиқ бўлиши мумкин.

Аввалроқ EastFruit хабар берганидек, молдовалик фермерлар ижтимоий тармоқлар орқали Кишинёв ҳамда бошқа шаҳарларнинг улгуржи бозорларида сархил помидор, бодринг ва қалампирни «ҳатто рамзий нархда – 2-3 лей/кг»га ҳам сота олмаётганликлари ҳақида кўп шикоят қилишмоқда. Уларнинг фикрига кўра, мева-сабзавот маҳсулотлари кўплаб шаҳарлардаги чакана бозорларда бир неча баробар қимматроқ сотилишига «воситачи-савдогарлар жавобгар». Аксарият супермаркетлар тармоқларида бу йил кўплаб мева-сабзавотлар бундан ҳам қиммат, чунки, «бу импорт, маҳаллий мевалар деярли йўқ».

Фермер ва савдогар-воситачиларни шаҳар бозорларига навбатма-навбат киритиш ташаббуси муаллифи бундай қарорда коррупция хавфи юқори эканлигини тан олмоқда. Зеро, ҳокимият ходимлари ерга бўлган ҳуқуқни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш фаолиятини тасдиқловчи сертификатларни пуллаш билан шуғулланиши мумкин. Бироқ, унинг фикрича, коррупция учун жазо чораларини кучайтириш орқали муаммони ҳал қилса бўлади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Грузияда етиштирилган сабзи улуши маҳаллий бозорда Туркия маҳсулотлари импорти ҳисобига 2,5 баробар камайди

EastFruit

Молдовада рақамли агрокутубхона иш бошлади

EastFruit

Ўзбекистонда хандон писта йиғим-терими якунланмоқда, аммо ҳосилнинг чўғи кам

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин