Бош саҳифаЯнгиликларМарказий Осиёдаги илк лаванда фестивали Ўзбекистонда бўлиб ўтди
Янгиликлар

Марказий Осиёдаги илк лаванда фестивали Ўзбекистонда бўлиб ўтди

2021 йилнинг 6-16 июнь кунлари Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти, Учкўприк туманида Марказий Осиёдаги илк лаванда фестивали бўлиб ўтди. Бу хусусда «Фарғона ҳақиқати» газетаси хабар берди.

Лаванда фестивали ҳар йили Франция, Италия ва Венгрияда ўтказилади. Мазкур фестивални ўтказиш вақти ҳар доим ҳам лаванданинг гуллаган даврига тўғри келавермайди. Масалан, Францияда ушбу байрам июлдан августгача – Прованснинг турли шаҳарларида, турли вақтларда нишонланади. Италия август ойида «лаванда даври»ни нишонлайди ва бу маросим Венцонеда ўтказилади. Венгрияда эса ушбу фестиваль июнь ойида Тихань ярим оролида бўлиб ўтади.

Энди бу анъана Ўзбекистонга етиб келди ва чамаси, байрамона фестиваль венгер анъаналари бўйича ўтказилди, яъни маросим июнь ойида бўлиб ўтди.

Байрам «Меҳригиё» кичик корхонасининг лаванда плантацияларида ташкил қилинди. Эҳтимол, фестиваль ташкилотчиси ҳам худди шу корхона бўлиши мумкин. Тадбир дастури, умуман олганда, бошқа мамлакатларда ўтказиладиган дастурларга ўхшаш бўлди. Тадбир қатнашчилари ва меҳмонлар «Меҳригиё» саломатлик боғида сайр қилиш, кичик корхонанинг мини-плантацияларида етиштирилган экзотик ўсимликлар – гожи, киви, папайя, банан, зайтун, қизил (корнус) кабиларни томоша қилиши мумкин эди. Бундан ташқари, меҳмонларга лавандадан музқаймоқ ва яхна ичимликларни татиб кўриш, гуллар орасида фотосессия қилиш таклиф қилинди, концерт ва шоулар намойиш этилди. Ва, албатта, ҳар бир меҳмон лаванданинг беқиёс  гўзаллиги ҳамда ёқимли ифоридан баҳраманд бўлди.

Шунингдек ўқинг: Тожикистонда лавандани муваффақиятли етиштириш учун барча шароитлар мавжуд

Байрам доирасида лавандадан тайёрланган дори-дармонлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Меҳмонлар кўргазмадаги маҳсулотларни бемалол харид қилишлари мумкин бўлди. Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларига бошқа доривор ўсимликлардан тайёрланган дамламалар ҳам таклиф этилди.

«Меҳригиё» кичик корхонаси доривор ўтлар ва мевалардан дори-дармон ишлаб чиқарувчи корхона бўлиб, юздан ортиқ номдаги маҳсулотларни сотувга чиқаради. Уларнинг хом ашёси умумий майдони 25 гектарлик плантацияларда етиштирилган мевалар ҳамда ўсимликларнинг гулидир. Шундан лаванда даласи 1 гектар майдонни эгаллайди. Компания маҳсулотлари ассортиментига қуйидагилар киради: 113 турдаги чой, 12 турдаги мой, 14 турдаги шарбат ва асал, 7 турдаги косметик ва антисептик воситалар, шунингдек, 10 турдаги зираворлар.

«Бизнинг маҳсулотларга талаб катта, чунки, улар экологик тоза хом ашёдан тайёрланади. Корхонамиз Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россияга доривор маҳсулотларни экспорт қилади. Ва энди биз янги савдо майдонларини қидирмоқдамиз, маҳсулотларимизни Европа мамлакатлари ва Саудия Aрабистонига етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз », дейди «Меҳригиё» кичик корхонасининг ижрочи директори Хондамир Нуриддинов.

Ўзбекистон «лаванда ниша»сини ўтган йилдан бошлаб ўргана бошлади. 2020 йилнинг июнь ойида 110 гектар майдонга Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида 1 миллион туп лаванда кўчатлари экилди. Ушбу плантациялар эгаси хорижлик «ALIHAN ОRGANIC AGRO LLC» корхонасининг режаларига кўра, яқин уч йил ичида лаванда плантациялари майдони 500 гектаргача кенгайтирилади.

2021 йил бошида 40 гектар майдонда лаванда майдонларини барпо қилиш пойтахт Тошкентдан унча узоқ бўлмаган ҳудуд – Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида ҳам бошланди. Яна бир шундай плантация Наманган вилоятида, тахминан, «Косонсой-фарм» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида яратилади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин