Бош саҳифаЯнгиликлар«Кўринмас мева» ёхуд Россия гилосни қаердан ва қанча ҳажмда импорт қилмоқда?
Махсус Янгиликлар

«Кўринмас мева» ёхуд Россия гилосни қаердан ва қанча ҳажмда импорт қилмоқда?

Россияга гилос импортининг реал ҳажми 2019 йилда 100-110 минг тоннани ташкил этади.

EastFruit таҳлилчилари Россияга гилос импорти бўйича расмий маълумотларга жиддий шубҳа билан қарамоқда. Маҳсулотларни импорт қилиш билан шуғулланадиган бозор иштирокчилари эса реал ҳажмни яхши тасаввур қилишади, лекин ҳатто улар ҳам Россияга, аслида, қанча гилос кириб келишини айта олмайди. Шунга кўра, алоҳида мамлакатлардан келтирилган импорт ҳажмини аниқлаш янада қийинроқ. Бироқ, ушбу мақолада биз айнан шу масалага аниқлик киритишга ҳаракат қиламиз, чунки ҳадемай гилос мавсуми бошланади. Дарҳақиқат, ушбу мамлакат аҳолиси даромадларининг пасайиши ва логистика билан боғлиқ муаммоларни ҳисобга олган ҳолда 2020 йили россияликлар томонидан гилос истеъмоли қанчага камаяди деган савол ҳозирданоқ кўпчиликни ўйлантирмоқда.

Демак, 2019 йилда, Россиянинг расмий статистик маълумотларига кўра, мамлакат 74,7 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 9 фоиз кам гилос импорт қилган. Айни дамда гилос нархи ошган ва импорт қиймати 11 фоиз кўпайган. Аммо Россияга энг кўп гилос етказиб берувчилар рўйхати дарҳол шубҳа уйғотади – сўнгги йилларда бу кўрсаткични 26,4 минг тоннага етказган Озарбайжон етакчига айланиб қолган. Иккинчи ўринда 24,8 минг тонна билан Туркия, учинчи ўринда эса 8,3 минг тонна гилос етказиб берган Молдова турибди.

“Ўзбекистон нечанчи ўринда?”дея сўрайди ҳушёр ўқувчимиз. Эрондан пастроқ ўринда жойлашган ва Россияга Молдовага қараганда 3,3 баравар кам гилос экспорт қилган Ўзбекистон кучли бешталикни якунлаб берган. Статистиканинг расмий версиясига ишонадиган бўлсак, албатта шундай. Ўқувчида яна бир савол туғилиши шубҳасиз – бу гўзал, замонавий ва юқори ҳосилдор гилос боғлари Озарбайжоннинг айнан қайси ҳудудларида жойлашган?

Келинг, Озарбайжондан бошлаймиз. Ушбу мамлакат, савдо статистикаси маълумотларига кўра, гилоснинг 99 фоизини Россияга экспорт қилади. Кичик ҳажмда – 89 тоннага яқин гилос 2019 йилда Қозоғистонга ҳам етказиб берилган. Мева билан шуғулланадиган савдогарлар орасида ҳеч кимга сир эмаски, Озарбайжон Эрон билан яқин алоқада. Шу билан бирга, FAOSTAT маълумотларига кўра, Эрон қарийб 140 минг тонна гилос етиштиради ва бу борада жаҳондаги етакчилар қаторига киради, Озарбайжон эса йилига атиги 11 минг тонна гилос етиштиради.

Шубҳа ўйғотадиган фактларни дарҳол сезиш мумкин – агар Озарбайжонда гилос етиштириш 11 минг тонна бўлгани ҳолда экспорт 26,4 минг тоннани ташкил қилса, демак, аниқки, бу ерда бир гап бор! Эроннинг қайси минтақалари гилос етиштиришга ихтисослашган? Албатта, “Шарқий Озарбайжон” ва “Ғарбий Озарбайжон” деган ўзига хос номлари билан ажралиб турувчи Озарбайжон билан чегарадош минтақалар бу борада етакчи саналади. Шуни эсда тутиш керакки, Озарбайжон аҳолиси ҳам гилос истеъмол қилади. Шу боисдан, Озарбайжондан Россия Федерациясига экспорт қилинадиган гилоснинг асосий қисми катта эҳтимол билан Эронда етиштирилади.

Бу ерда етказиб бериш ҳажмида муаммо йўқ – Озарбайжондан гилос экспортининг асосий қисми статистикада акс этишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади, чунки мамлакатлар ўртасида божхона назорати мавжуд ва маҳсулотларни декларациясиз олиб ўтиш қийин. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо  мамлакатлар билан бўлаётган савдолар таҳлили қизиқ. Бу ерда маҳсулотларни декларациясиз ташиш имконияти анча юқори. «Тожикистон ўригини ким еб қўйди» деб номланган мақоламизда биз ана шундай мисоллардан бирини батафсил баён қилган эдик, унда ушбу мамлакатда ўрик боғларининг майдони ва ҳосил ҳажми ўсиб бораётгани, экспорт эса айнан қўшни мамлакат ЕОИИга қўшилганидан сўнг кескин камайиб кетганлиги кўрсатилган.

Худди мана шу ерда Ўзбекистон биз учун қизиқ. Чунки, биламизки, Россия Ўзбекистон мевалари экспорти учун асосий бозор ҳисобланади. Россияда ўзбек гилоси жуда машҳур. Йиғим-терим мавсуми давомида EF Trade  савдо майдончаси том маънода ўзбек гилоси таклифлари билан тўлиб кетади, улар орасида Россия Федерацияси ҳудудига аллақачон етиб келганлари ҳам, мамлакатдан харидор ўзи олиб кетиши шарти билан гилослар ҳам бор. Шундай экан, мамлакатга атиги 2,5 минг тонна ўзбек гилоси кириб келаётгани ҳақиқатга қанчалик яқин? Озарбайжонга (Эрон деб ўқисангиз ҳам бўлади) нисбатан 10 баравар кам? Қандай қилиб? Шунча кам экилиб, нархи қимматлаб кетганми?

Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон –илк пишган гилос аллақачон сотувда!

Аммо Ўзбекистонда гилос етиштириш бўйича 2018 йилдаги расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 172 минг тонна мева ҳосили йиғиб олинган. Қолаверса, гилос етиштириш ҳажмлари йилига 30-40 минг тоннага ўсмоқда. Бу шуни англатадики, ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон экспорт борасида аллақачон тан олинган Чили, Эрон, Италия ва Испания каби етакчилардан ҳам ўтиб кетиб, Туркия ва АҚШдан кейинги иккинчи ўринга чиқиб олган. Гарчи, 2011–2018 йилларда фаол равишда экилган кўплаб янги боғлар мевага киришини инобатга олган ҳолда бунинг эҳтимоли кам бўлса-да, 2019 йили бу мамлакатда ҳосил ҳажми кўпаймади ва ҳатто камайди ҳам дейлик. Ҳар ҳолда аҳолиси Эрондан икки ярим баравар кам бўлганлиги сабабли мамлакат Эронга қараганда анча кўп гилос экспорт қилиши керак. Ва бизга маълум бўлдики, Эрон Россия Федерациясининг ўзига камида 25 минг тонна гилос етказиб берган.

Шу тариқа биз “кўринмас” ўзбек гилосини қўшнилардан қидирамиз. Ва дарҳол омадимиз келди – Қозоғистон 2018 йилда Ўзбекистондан 25 минг тоннага яқин гилос импорт қилган. Тўғри, кейинги йил импорт ҳажми сезиларли даражада камайди, аммо бу муҳим эмас. Ўзбекистонда мамлакат раҳбарияти экспортни ривожлантиришни устувор йўналишлардан бири деб билади ва вазирларни ўз соҳаларида экспортнинг ўсиши тўғрисида ҳисобот беришга мажбур қилади, шунинг учун ҳам баъзи маълумотлар чиқиб туради. Ушбу маълумотлар мамлакатлар кесимида ажратилмайди. Шунга қарамай, мазкур маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2016 йилда – 29,1 минг тонна, 2017 йилда – 30,6 минг тонна, 2018 йилда – 33 минг тонна гилос экспорт қилган ва 2019 йилда бу кўрсаткич тўсатдан 16,7 минг тоннага тушиб кетган. Ҳозирча ушбу маълумотни қандай бўлса шундай қолдирамиз ва Қозоғистонга қайтамиз.

Маълум бўлишича, Қозоғистон ҳам Россияга гилос етказиб берадиган энг йирик мамлакатлардан бири ҳисобланар экан. Аммо Қозоғистонда гилос етиштириш ҳажми тўғрисидаги расмий маълумотларни топиш деярли имконсиз. Биздаги маълумотларга қараганда, гилос боғлари Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош жанубий минтақаларида фаол барпо этилаётган бўлса-да, FAOSTATнинг таъкидлашича, мамлакатда у ҳатто минг тонна ҳам етиштирилмайди.

Биз номини ошкор қилмаслик шарти билан минтақадаги мева-сабзавот савдоси вакилларидан ўзбек гилоси Россияга Қозоғистон орқали етказиб бериладими ёки йўқ, шуни билишга ҳаракат қилдик ва ушбу фактлар кўп марталаб тасдиқланди. Шусиз ҳам мазкур ҳолат рақамлар мантиғидан аниқ кўриниб турибди. Бироқ, Қозоғистондан Россия Федерациясига келаётган гилоснинг ҳаммаси ҳам божхонада декларация қилинмаслиги аён. Эҳтимол, у шунчаки бозорда сотилади ёки ҳужжатлари бўйича маҳаллий, яъни Россия маҳсулоти деб кўрсатилади.

Нега ўзбек экспортчилари маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотишмайди? Ҳамма гап яқин-яқингача мавжуд бўлган ҚҚС ставкалари орасидаги фарқда. Бу Қозоғистон орқали етказиб беришни солиққа тортиш нуқтаи назаридан фойдалироқ ишга айлантиради. Ўзбек гилоси учун ҳатто расман йирик бозор ҳисобланадиган бошқа бир мамлакат – Қирғизистон орқали маҳсулот етказиб беришда ҳам худди шундай ҳолат. Ўзбекистон катта миқдордаги гилосни Қозоғистон, Қирғизистон ва Россиядан бошқа мамлакатларга, айниқса, бу ҳажмлар ҳисобга олинмай қолиниши мумкин бўлган жойларга деярли экспорт қилмайди. 2019 йилда ўзбек гилоси Хитойга қарийб 600 тонна (ва бу рекорд кўрсаткич), Жанубий Кореяга 114 тонна, Польшага 17 тонна, Беларусга 9 тонна ва бошқа мамлакатларга 6 тонна ёки ундан камроқ ҳажмларда етказиб берилган.

Агар мамлакат чиндан ҳам камида 140-150 минг тонна гилос етиштираётган бўлса ва унинг истеъмоли, дейлик, Чилидан бир неча баравар кўп бўлса (Ўзбекистон аҳолисининг истеъмолчи учун нархлар жуда юқори эканлигидан шикоят қилишларини эслаймиз), у ҳолда Марказий Осиёдаги ушбу давлатдан гилос экспорти 70-80 минг тоннага етиши ёки мамлакат ичида маҳсулот нархи жуда паст бўлиши керак. Аммо расман гилос экспорти пасаймоқда, ички бозорда эса нархлар ўсишда давом этмоқда!

Албатта, Чили ва Ўзбекистондаги маҳсулот сифатини, гилосни совутиш, саралаш, қайта ишлаш ва сотиш инфратузилмасини таққослаш нотўғри. Шу жиҳатдан, маҳсулотнинг каттагина қисми нобуд бўлмоқда ёки қайта ишлашга кетяпти деб тахмин қилиш ҳам мумкин. Маҳсулотларни қўшни мамлакатларга уларнинг статистикасида ҳисобга олинмайдиган тарзда экспорт қилиш мумкинми? Маҳаллий экспертларнинг таъкидлашича, бу ҳозир эҳтимолдан йироқ ва деярли мумкин эмас, чунки сўнгги йилларда божхона назорати жуда кучайтирилган. Аммо Ўзбекистон бозорида тўлиб-тошиши керак бўлган 20-30 минг тонна гилос қаерга кетаётгани ҳамон мавҳум.

Сархил ва қуруқ мевалар билан шуғулланувчи савдогарлар Россияга маҳсулотларни реэкспорт қилишда қўшниларига ёрдам берадиган мамлакат сифатида Қирғизистонни тез-тез тилга олишади. Бироқ Қирғизистоннинг ўзи ҳам катта миқдорда гилос етиштирувчи давлат ҳисобланади. Маҳаллий мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳар йили Қирғизистонда етиштирилгна қарийб 3 минг тонна гилос Россияга экспорт қилинади. Бироқ, ушбу мамлакатнинг 2019 йилги расмий статистик маълумотларига кўра, Россияга атиги 1,5 минг тонна, Қозоғистон ва Хитойга 172 тоннадан гилос экспорт қилинганини кўриш мумкин. Ва шу ерда кутилмаган бир ҳолат – Қирғизистондан экспорт қилинган гилос Россия статистикасида ҳатто кўринмаган ҳам – мамлакатдан чиқиб кетган 1500 тоннадан атиги 1 тоннаси Россияга етиб борган.

Тожикистонни ҳам эсдан чиқармаслик керак. Биргина Қирғизистонга тожик гилосининг расмий экспорти 200 тоннани ташкил этган, бироқ маҳаллий савдогарлар сезиларли даражада катта ҳажмлар ҳақида гапиришмоқда. Табиийки, ўзи ҳам гилос экспорт қилаётган Қирғизистон уни Тожикистондан ички истеъмол учун сотиб олмаган.

Яна бир реэкспорт марказини, яъни Беларусни, шунингдек, Молдова орқали маҳсулот етказиб бериш ҳолатларини назардан четда қолдирмаслик лозим. Ахир, Россияга гилос экспорт қилувчиларнинг расмий рейтингида Молдова бежизга Ўзбекистондан олдинда эмас – у ЕОИИ аъзоси эмас ва Россия Федерацияси билан умумий чегараси йўқ, шунинг учун у барча ҳажмларни эълон қилишга мажбур. Айни дамда молдован боғбонларнинг таъкидлашича, бу мамлакатда гилос етиштириш у қадар катта эмас. FAOSTAT эса бу ерда 12 минг тоннага яқин маҳсулот етиштирилишини чиқаришини айтмоқда. Яъни назарий жиҳатдан Молдовадан етказиб бериладиган барча гилос ўша ернинг ўзида етиштирилган бўлиши мумкин. Катта эҳтимол билан, Украина ва Польша гилосларининг муайян қисми айнан шу мамлакат орқали Россияга кириб келган. Аммо бу ерда Россияга импорт қилиш ҳажмини баҳолашда муаммолар йўқ.

Беларусь билан боғлиқ саволлар очиқ қолмоқда. Сўнгги йилларда Россия Беларусь ва бошқа мамлакатлардан озиқ-овқат маҳсулотларини реэкспорт қилувчиларга босимни кучайтирди, шунинг учун 2019 йилда Беларусдан Россияга гилос етказиб бериш ҳажми тўрт баравар камайиб кетди. Аммо бу фақат расмий рақамлар. Ушбу ҳажмлар шунчаки статистикада акс этмаган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Беларусь ҳатто расмий равишда ҳам Грециядан гилос импортини кўпайтирган. Ҳолбуки, Европа Иттифоқи мамлакатларидан импортнинг умумий ҳажми бироз камайган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Беларусь орқали олиб кирилган ва ҳисобга олинмаган гилос расмий импорт ҳажмидан бир неча баравар кўп бўлиши мумкин.

Шундай қилиб, биз 2019 йилда Россияга гилос импортининг реал ҳажмини 100-110 минг тоннага баҳолаймиз. Бунда етказиб берувчилар рейтинги қуйидагича кўриниши мумкин: Эрон (тахминан 31 минг тонна), Ўзбекистон (тахминан 25 минг тонна), Туркия (25 минг тонна), Молдова (тахминан 5 минг тонна), Польша (тахминан 3,5 минг тонна), Украина (тахминан 3 минг тонна), Қирғизистон (3 минг тонна) ва Сербия (2,5 минг тонна).

Табиийки, бу мантиқ ва мевалар савдоси билан шуғулланувчи савдогарларнинг ички маълумотларига асосланган жудаям тахминий фаразлардир. Афсуски, гилос савдосининг ҳақиқий ҳажмини аниқлашнинг имкони йўқ. Бироқ, янги мавсум арафасида Россия гилос бозорининг тузилишини тушуниш учун ҳатто мана шундай тахминлар ҳам фойдали бўлиши мумкин. Ахир, Россияда гилосни маҳаллий етиштириш кўрсаткичлари ҳам ўсиб бормоқда ва 2020 йилда истеъмол ҳажми кескин камайиши мумкин. Бу эса ушбу мевани етказиб берувчи мамлакатларга, энг аввало, Ўзбекистонга ва ушбу мамлакат боғбонларига катта таъсир кўрсатиши мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар - Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Россия ижтимоий тармоқларида лавлаги ва сабзининг қимматлиги кенг муҳокама қилинмоқда

EastFruit

Молдовада узумдан юқори ҳосил кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистондан Россияга экспорт қилинган ўрикларда хавфли зараркунандалар аниқланди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин