Бош саҳифаЯнгиликларИспания компаниялари Ўзбекистонда хандон писта етиштиришни ривожлантиришга кўмак беради
Янгиликлар

Испания компаниялари Ўзбекистонда хандон писта етиштиришни ривожлантиришга кўмак беради

Ўзбекистон элчихонаси Испания томони билан Ўзбекистонда хандон писта дарахтларининг инновацион илдизпоялари ва ушбу турдаги меванинг янги навларини етиштириш бўйича питомниклар (кўчатчилик хўжаликлари) ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган мазкур музокараларда GEDEPSA бош директори Алехандро Пастрана Молеро, Eurosemillas инновацион қишлоқ хўжалиги компанияси директори Хосе Мария Фонтан дель Хунко, шунингдек, Ўрмон хўжалиги қўмитаси қошидаги Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти (ИТИ) раҳбарияти, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва унинг Навоий вилоятидаги бошқармаси ходимлари иштирок этишди.

Хосе Мария Фонтан дель Хунко Eurosemillas  инновацион ўсимликлар, жумладан, хандон писта етиштириш борасида фаолият юритувчи Испаниянинг етакчи компанияларидан бири эканлигини қайд этди. Калифорния университетининг расмий ҳамкори сифатида  Eurosemillas ушбу университет томонидан патентланган хандон писта дарахтлари навларини етказиб беради. Суҳбатдош таъкидлаганидек, айни пайтда Испанияда 60 минг гектардан зиёд хандон писта плантациялари мавжуд бўлиб, уларнинг 70 фоизга яқини лалмикор ерларга экилган. Ушбу навдаги хандон писта дарахти новдаларининг қуйи қисми куртакламайди, бу эса ҳосилни машинада йиғиш учун қулайдир.

Ўз навбатида, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори Абдишукур Ҳамзаев ва институт илмий ходимлари Ўзбекистонда хандон писта етиштиришнинг бугунги ҳолати ҳақида маълумот беришди. Бугунги кунга қадар республикада 34 минг гектардан ортиқ майдонда ушбу турдаги мева плантациялари барпо қилинган. Плантацияларнинг йиллик ўсиши 8 минг гектарга яқинни ташкил этади. Ўзбекистон олимлари  юқори маҳсулдорлиги ва ажойиб таъми билан ажралиб турувчи 13 навдаги хандон писта дарахтини яратиб, патентлаган. Шу билан бирга, ўзбекистонлик мутахассислар мамлакатимизда ўсадиган оддий ёввойи писта пайвандтагидан фойдаланишади. Бу омил  дарахтларнинг тез ўсиши ва улардан эрта ҳосил олишга имкон бермайди. Шундан келиб чиқиб, ўзбекистонлик олимлар испан компанияси билан бу борада ҳамкорликни йўлга қўйишга катта қизиқиш билдиришди.

GEDEPSA раҳбари Алехандро Пастрана Молеро мазкур лойиҳани компания маблағлари сармояси ҳисобига амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирди ва ҳамкорлик шартлари бўйича мазмунли музокаралар олиб бориш учун июнь ойида Навоий вилоятига ташриф буюришга тайёр эканлигини айтди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти билан илмий-техникавий ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда кўчатзор ва пилот  плантация ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистонга хандон писта дарахти уруғлари, тайёр илдизпоя ва кўчатлар етказиб беришни ташкил этиш бўйича ишларни бошлашга келишиб олишди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

2022 йилда Ўзбекистондан тарвуз экспорти бўйича рекорд янгиланди

EastFruit

Миср давлати Ўзбекистон гилоси ва узумлари учун ўз бозорини очмоқда

EastFruit

Польша Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини оширишга тайёр

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин