Бош саҳифаЯнгиликларГрузияда пекан ёнғоғини етиштириш: тарихи, истиқболи, технологиялар, нархлар, навлар ва жаҳон тажрибаси (видео)
Видео Долзарб Махсус Янгиликлар

Грузияда пекан ёнғоғини етиштириш: тарихи, истиқболи, технологиялар, нархлар, навлар ва жаҳон тажрибаси (видео)

EastFruit халқаро жамоаси анъанавий равишда кичик фермерларга яхши даромад келтирувчи нишали экинлар, шунингдек, ёнғоқ бозорига алоҳида эътибор қаратмоқда. Пекан ёнғоғи – бу «иккиси бирда» –  минтақанинг баъзи мамлакатларида муваффақиятли ўстириш мумкин бўлган нишали экиндир. У ҳатто кичик фермерларга ҳам жуда яхши даромад келтиради. Албатта, пекан ёнғоғини етиштириш ва қайта ишлаш бизнесида кўпгина нюанслар бор, биз мутахассисларимиз ёрдамида улар ҳақида сўз юритишга ҳаракат қиламиз.

Наҳотки, Грузияда пекан етиштирилади?

Ҳа, жаҳондаги энг машҳур ёнғоқ турлари – бодом, ёнғоқ, фундук ва пистадан ташқари Грузияда «Америка ёнғоғи» деб аталмиш пекан ҳам етиштирилади. У дастлаб Грузияга ёғоч олинадиган экин сифатида келтирилган, аммо энди маълум бўлишича, европалик фундук импортёрлари ҳам Грузия пеканига қизиқиш билдирмоқда. Мамлакатда ҳали тижорат плантациялари мавжуд эмас, аммо ушбу турдаги ёнғоқ ҳосили аллақачон йиғиб олинмоқда ва у анъанавий бозорлар, хусусан, Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳамда Хитойга экспорт қилиш учун тайёрланяпти.

Пекан қандай ёнғоқ ва унинг афзаллиги нимада?

Визуал хусусиятларига кўра, пекан грек ёнғоғига ўхшаш, аммо ёғлироқ. Пекан тарикибида кўп миқдордаги монотўйинмаган ёғлар (Омега-9), хусусан, олеин кислотаси мавжуд бўлиб, у қондаги зарарли холестерин миқдорини камайтириш ва фойдалисини кўпайтиришга ёрдам беради. Пекан пазандаликда кенг қўлланади, ширинликларга, шунингдек, балиқли, қўзиқоринли ва ҳатто сутли таомларга ҳам қўшилади. Бундан ташқари, ушбу турдаги ёнғоқ газак сифатида (қовурилган ёки хом ҳолатида) машҳур бўлиб, уни салатларга қўшиш ёки бошқа ёнғоқ турлари ва қуруқ мевалар билан аралаштириб истеъмол қилиш мумкин.

Пекан етиштириш ва унинг экспортида қайси давлатлар етакчи?

Пеканнинг ватани – Шимолий Америка. Шу сабабли, ҳозирги вақтда икки давлат жаҳон бўйлаб ушбу ёнғоқнинг етиштирилишига бошчилик қилмоқда. Мексика жаҳондаги жами пеканнинг қарийб 49 фоизини, АҚШ эса 41 фоизини таъминлайди. Қолган 8%и Жанубий Африка (6%), Бразилия (1%) ва Австралия (1%) ҳиссасига тўғри келади.

Шуни қайд этиш жоизки, пеканнинг жаҳон бўйича майдони ва уни етиштириш бошқа ёнғоқ турларига нисбатан анча кам. 2020/21 йилги мавсумда пўстлоқли пеканни глобал миқёсда  етиштириш атиги 166,4 минг тоннани ёки бошқа ёнғоқ турларини етиштиришнинг қарийб 3 фоизини ташкил этди. Шунга қарамай, жаҳонда пекан етиштириш бошқа ёнғоқ турларига нисбатан тез ўсиб бормоқда. Нисбий ҳосилдорликнинг ўсиш суръатлари бўйича фақат макадамия ва грек ёнғоғи пекандан устун туради.  Сўнгги 10 йил ичида жаҳон бўйича пекан етиштириш ҳар йили ўртача 7,4 минг тоннага ошмоқда.

Табиийки, пеканнинг асосий экспортёрлари Мексика ва АҚШ, шунингдек, асосан, пўстлоқсиз пекан етказиб берувчи Жанубий Африка ҳисобланади. Мексика пеканининг энг йирик импортёри АҚШ бўлса, АҚШда етиштирилган пекан мағзининг энг йирик харидорлари Европа Иттифоқи ва Буюк Британиядир. Ушбу давлатлар ҳиссаси экспорт жўнатмаларининг 51%ига тўғри келади. Шунингдек, Канада 2019 йили АҚШдан экспорт қилинадиган жами пеканнинг 8%ини импорт қилган. АҚШ жуда катта ички бозорга эга бўлганлиги сабаб, бу мамлакатда етиштириладиган пеканнинг 70%дан ортиғи шу ернинг ўзида истеъмол қилинади. Айни пайтда пўстлоқли пеканнинг муҳим импортёрларидан бири  Хитой.

2018 йилнинг июлига қадар Хитой 30 фоиздан ортиқ ҳажмдаги улуш билан АҚШ пеканининг энг йирик импортёри бўлган.

2006 йилдан АҚШнинг Хитойга пекан экспорти орта бошлади ва 2012/13 йилги мавсумда мазкур мамлакатга пўстлоқли пекан экспорти деярли 37 минг тоннага етди. Бироқ, 2018 йилда бошланган АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо урушлари натижасида АҚШдан Хитойга пекан жўнатмалари учун 47 фоизлик импорт божи ундирилгани бу бизнесни даромадсиз юмушга айлантирди. Шундай қилиб, Қўшма Штатларнинг энг йирик савдо шериги АҚШдан ушбу турдаги ёнғоқ экспорти таркибида 6% дан кам улушга эга бўлган энг кичик импортёрлардан бирига айланди. Зеро, Хитой 2018/19 йилги мавсумда пекан импортини 80 фоиздан кўпроққа қисқартирди.

Гарчи, кейинчалик Хитойга етказиб беришдаги тўсиқлар қисман олиб ташланган бўлса-да, талабнинг энг катта ўсиши Европа Иттифоқи мамлакатларида кузатилмоқда. Бу ерда пекан мағзи улгуржи сотувда бир кг учун 8 дан 12 еврогача ўзгариб турадиган энг жозибадор нархлардир.

Грузияда пеканни қайси ҳудудларда етиштириш мумкин ва у инвесторлар учун нимаси билан қизиқ?

Турли ёнғоқларни етиштириш ва экспорт қилиш бўйича салмоқли тажрибага эга бўлган Грузия  пекан етиштиришни тижоратлаштириш бўйича эндигина илк қадамларни ташлай бошлади. Мамлакат ҳам Европа Иттифоқи, ҳам Хитой билан эркин савдо келишувлари асосида муваффақиятли алоқа қилаётганини ҳисобга олсак, ушбу соҳани ривожлантириш қизиқарли ва истиқболли бўлиши мумкин.

Пекан Грузияда ХХ аср бошидан бери ўсади. Қора денгиз соҳилида 100 йиллик дарахтларни учратиш мумкин, чунки, пекан дарахти 300 йилгача яшаш хусусиятига эга. Мослаштирилган пекан навларини танлаш Грузияда 1950-70 йилларда бошланган ва 2000 йиллар бошида пекан бўйича илмий-амалий ишларнинг иккинчи босқичига киришилди. Ушбу турдаги ёнғоқ кеч, 10-15 ёшда мева бериши сабабли, бу ишнинг натижалари энди кўзга кўрина бошлади.

Пеканнинг Грузиядаги асосий тарқалиш майдони Қора денгиз соҳиллари –  Абаша, Хоби, Самтредия, Кобулети, шунингдек, Шарқий Грузиянинг Лагодехи туманларидир.  Бу ҳудудлар узоқ вегетация даври билан ажралиб туради ва ёнғоқнинг ҳосилдорлиги бир дарахтдан 50-60 кг гача етиши мумкин. Шу сабабли, пеканни тижорат мақсадида ушбу ҳудудларда етиштириш тавсия этилади. Бироқ, Грузиянинг бошқа субтропик микрозоналарида ҳам пеканни ўрганиш ва синаб кўриш мумкин.

Грузия Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот марказининг мевачилик илмий-тадқиқот департаменти бошлиғи, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Звиад Бобокашвилининг таъкидлашича, ёнғоқнинг бу турини тижорат мақсадида етиштириш асосларидан бири пайвандланган пекан кўчатларини навли етиштиришни ташкил этишдир. Айни пайтда Грузияда пайвандланган пекан кўчатлари етиштирилмаяпти, аммо бундай амалий тажриба мамлакатда мавжуд.

Грузияда пеканни тижорат асосида етиштириш истиқболлари борми ва уни қандай амалга ошириш мумкин?

«Бу босқичда маҳсулотни нафақат қандай етиштиришни, балки нима ишлаб чиқаришни ҳам тушуниш муҳимдир», дейди Звиад Бобокашвили. “Пекан ўзаро чангланадиган экин ҳисобланади, шунинг учун мос навларнинг юқори маҳсулдор адаптив жуфтларини танлаш зарур, бу Грузияда тижорат ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг асосий шарти ҳисобланади”, дейди доктор Бобокашвили.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, биринчи босқичда АҚШда сўнгги 20 йил давомида селекция йўли билан олинган «Вичита», «Поуни», «Навахо» ва бошқа навларни жорий этиш ҳамда синовдан ўтказиш мақсадга мувофиқдир.  Шундан сўнг Грузияда пекан етиштириш ва кўпайтиришни бошлаш мумкин.

Шунингдек, Техас штати (АҚШ) ва Жанубий Африкада интенсив боғларга экилган пекан етиштиришнинг жуда қизиқарли тажрибаси мавжуд. Юқори зичликда пекан экиш тижорат ҳосилдорлиги муаммосини бартараф этишга ёрдам беради, шунингдек, дарахт баландлигини назорат қилувчи контурли кесиш техникасидан фойдаланиш мумкин.

Зеро, 12х12 м ёки 15 Х 15 м ўлчамдаги анъанавий экиш схемаси билан пекан дарахти, одатда, баландлиги 30-35 метрга етади. Шуни қайд этиш жоизки, бошқа томондан, пеканнинг бу хусусияти ҳосилга патоген юкламани камайтиради – баъзи зараркунандалар дарахтнинг тепасига етиб бора олмайди ва ҳосилга зарар етказолмайди.

“Пекан Грузия учун нисбатан янги экин бўлгани ва мамлакатда концентрланган саноат экинлари мавжуд бўлмагани боис, кўп миқдорда патогенлар аниқланмаган. Бу уларни муваффақиятли назорат қилиш мумкинлигини англатади», дейди жаноб Бобокашвили Грузияда пекан етиштиришнинг афзалликларини тушунтирар экан. Бундан ташқари, баланд пекан дарахтларига керакли суюқликни пуркаш мумкин бўлган махсус қурилмалар мавжуд.

Грузия фермерлари учун пеканнинг афзаллиги ва камчилиги нимада?

Пекан етиштиришни ривожлантиришнинг асосий чекловчи омили нисбатан паст ҳосилдорлик – гектарига 1,5-2,0 тонна ва тўлиқ мевага киришга қадар бўлган узоқ вақт, яъни анъанавий экиш усулида 12-14 йилдан сўнг ҳосил олиш мумкинлигидир. Бу фундук, ёнғоқ, бодом ёки писта билан солиштирилганда пеканнинг сармоявий жозибадорлиги камроқ эканини англатади. Шу билан бирга, бу экинни Грузиянинг иқлим шароитига мослаштириш ва уни қайта ишлаш бўйича ижобий тажриба мавжуд.  Қолаверса, пекан мағзининг ҳосилдорлиги грек ёнғоғиникидан юқори ва 55-58%га етади.

Грузияда пекан ҳосили ноябрдан декабрь ойи охирига қадар йиғиб олинади. Фермерларнинг прогнозларига кўра, ҳозирги вақтда Грузиянинг ишлаб чиқариш салоҳияти йилига ушбу қимматбаҳо ёнғоқни 150 тонна миқдорида етиштиришга етади. Бироқ, Грузияда пекан саноат усулида етиштирилмагани сабаб, экспорт учун мақбул нав градацияси ҳам мавжуд эмас, бу экспорт нархига салбий таъсир қилади.

Пеканга қандай ишлов берилади ва у қай тарзда қуритилади, майдаланади ва сақланади?

Ҳосил йиғиб олингач, пекан хона ҳароратида қуритилиб, калибрланади. Энг катта калибр – диаметри 23 мм дан ортиқ ҳажмга эга ёнғоқдир. Таркибида 6% намлик бўлса, пекан қуруқ ҳисобланади. Калибрлангандан сўнг ёнғоқ музлатгичда мусбат ҳароратда сақланиши керак, чунки, ёнғоқ таркибида ёғ миқдори юқори бўлгани учун сифати тез бузилади.

Пеканнинг пўстлоғи грек ёнғоғиникига қараганда қаттиқроқ. Айни дамда мамлакатда пеканни чақиш билан шуғулланувчи ягона ташкилот – бу ёнғоқ чақиладиган махсус ускунага сармоя киритган Georgian Renaissance Group компаниясидир.

EastFruit жамоаси Грузиянинг Лагодехи муниципалитетидаги Тела қишлоғида фаолият юритаётган объектда пекан ҳосили йиғиб олиниши ва экспорт учун қайта ишланиши жараёнини ўрганди. Компания, асосан, Кахети минтақасидаги консолидаторлардан ёввойи пекан сотиб олади, уни калибрлайди, қуритади ва чақади. Чақилгандан сўнг пекан пўстлоғидан қўлда ажратилади ва мағизлари полиэтилен қопчаларга вакуум ёрдамида қадоқланади. Ушбу шаклда пекан совутгичли идишларда экспорт қилинади.

Грузия пекани учун қайси мамлакатлар истиқболли бозор бўлиши мумкин?

2020 йилда Georgian Renaissance Group пекан мағзининг биринчи партиясини Европа Иттифоқи (Польша)га экспорт қилди. Бу йил пекан учун мақсадли бозор Европа Иттифоқилигича қолмоқда, бироқ, компания пўстлоқли пекан сотиб олишга қизиққан хитойлик импортёрлар билан ҳам музокаралар олиб боряпти. Компания ҳаммуассиси Леван Болквадзенинг сўзларига кўра, ёнғоқ намуналари аллақачон Хитойга жўнатилган ва харидорлар уларнинг сифатидан мамнун. Бироқ, хитойлик харидорлар учун пеканнинг нав таркиби бир хил бўлиши мақсадга мувофиқдир, ушбу ёнғоқнинг тижорат плантациялари мавжуд бўлмаганда эса бунга эришиш қийин.

Абхазия ва Самегрелодаги кичик фермерлардан чақилмаган пеканни сотиб оладиган Россия импортёрлари орасида ҳам пеканга қизиқиш юқори. Бу йил пўстлоқли пеканнинг бир килограмми 7 лари (2,27 доллар)дан қабул қилинмоқда ва бу маҳаллий аҳолига яхши даромад келтиряпти.

Грузияда пекан етиштириш ва қайта ишлаш тажрибаси ҳамда истиқболлари ҳақида ҳикоя қилинган видеони томоша қилишингиз мумкин:

 

 

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғдорчилик ва сабзавотчиликдаги юқори технологиялар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига қандай таъсир кўрсатади – EastFruit семинарида ушбу саволга жавоблар

EastFruit

Япониялик ҳамкорлар иссиқхона технологияларини Ўзбекистон кластерлари ва фермерларига ўргатишга тайёр

EastFruit

Марказий Осиёнинг ёзги иссиқ иқлимида иссиқхонани қандай совутиш керак (видео)?

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин