Бош саҳифаЯнгиликларГрузияда каштан экспорти авж олмоқда
Долзарб Махсус Янгиликлар

Грузияда каштан экспорти авж олмоқда

Грузияда каштан мавсуми сентябрь ойи охирида бошланади ва ноябрь охиригача давом этади. Каштан, асосан, Грузиянинг ғарбий минтақаларидаги ўрмонлардан йиғилади. Сентябрь ойи охирида харидорлар каштаннинг баланд нархлари ҳақида хабар беришди: яъни, нархлар каштаннинг ҳажми, ранги ва сифатига қараб, 1 кг учун 3 лари (0,96 доллар)дан 5,5 ларигача (1,76 доллар)дир.

Манба: Грузия Молия вазирлиги, 2021 йил: январдан сентябрга қадар

Экспорт бозорларида грузин каштанларига қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Агар 2015 йилда атиги 26 тонна пўстлоқли каштан экспорт қилинган бўлса, 2020 йили бу кўрсаткич 370 тоннага етган. Савдогарлар мазкур тенденцияни экспорт бозоридаги талаб билан боғлашмоқда. 2020 йилда асосий экспорт бозорлари Россия (37%), Арманистон (25%) ва Италия (20%) бўлди.

Иамзе Верулашвили – Сенаки ва Самегрелодаги Nuts Food компанияси ҳаммуассисларидан бири. Компания фундук экспортига ихтисослашган, лекин охирги 7-8 йил давомида ҳар мавсум каштан ҳам экспорт қилган. Верулашвилининг EastFruitга баён қилишича, улар чет эллик шерикларини Грузиядан каштан экспорт қилишга илк бор таклиф қилишганда хорижлик ҳамкорлар Грузияда каштан етиштириш ҳақида маълумотга эга бўлмаганликлари учун ҳайрон қолишган. Унинг фикрича, талаб ошиши сўнгги пайтларда тобора кўпроқ корхоналар каштан экспорт имкониятини кўра бошлагани билан боғлиқ.

«Италиялик шерикларимиз бизни каштанга тўғри ишлов бериш ва сақлашга ўргатишди. Каштан – Европада жуда талабгир маҳсулот, лекин бизда уни етиштириш ривожланмаган. Грузияда фақат ўрмон каштанлари сотилади ва бизнинг иш теримчиларга боғлиқ. Ўтган йили 220 тонна каштан сотиб олдик, шундан 64 тоннаси Италияга экспорт қилинди. Шунингдек, Греция, Озарбайжон ва Россиядаги шериклар билан ҳам ишлаймиз”, дейди Верулашвили EastFruit нашрига.

Мамука Жанашия – яна бир грузиялик каштан экспортёри. Унинг компанияси, асосан, голубика етиштиради ва  экспорт қилади. Лекин ўтган йили улар Россияга каштан ҳам етказиб бера бошлашди.

«Бу йил ҳамкорларимиз – Россиядаги «Магнит» супермаркетлар тармоғидан каштан экспорти учун буюртма олдик. Аммо, афсуски, ҳали ҳам юқори нархлар туфайли каштан харидини бошламадик. Сотувчилар 4,5 лари/кг (1,44 доллар) талаб қилишди, бу биз учун номақбул эди, чунки,  маҳсулотни харид қилгач, унинг нархига қадоқлаш ва саралаш харажатларини қўшишимиз керак. Ўтган йили биз ҳар бир кг учун тахминан 3,5 лари (1,12 доллар) сарфладик, бунинг ичида чегарага қадар барча харажатлар бор”, дейди Жанашия.

Жанашиянинг фикрича, юқори нархларга иккита асосий сабаб бўлиши мумкин: паст ҳосил ва теримчилар сони ортиши. Унга ҳосил ўтган йилгидек  яхши эмаслиги ҳақида хабар беришди, лекин бу нарх баланд бўлишининг ягона сабаби эмас, чунки, каштанни ўрмонда турли гуруҳдаги кишилар теради, турли гуруҳлар эса фақат бир жойдан каштан терган бўлиши мумкин.

Грузия Атроф-муҳит ва қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Гурия вилоятидаги минтақавий хизмати вакили Теа Купрадзе EastFruitга каштан мавсуми ва унинг минтақадаги истиқболлари ҳақида гапириб берди.

«Менинг кузатувларимга кўра, каштан йиғиш ва сотиш сўнгги уч йил ичида роса урф бўлди. Кимки фермерлардан фундук сотиб олса, худди шу ердан каштан ҳам харид қилади. Ёнғоқнинг бу тури маҳаллий аҳоли учун муҳим даромад манбаи бўла олади. Фермерлар каштан етиштиришдан икки баравар фойда кўришлари мумкин, чунки, бу дарахтлар асал ишлаб чиқариш учун ишлатилади ва асал ишлаб чиқариш Гурия қишлоқ хўжалигининг стратегик йўналишларидан биридир. Бизда боғларда каштан етиштиришни бошлаш бўйича биринчи уриниш бор. Асал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи фермеримиз Тамаз Глонти Гурияда 0,5 гектар майдонлик каштан боғини барпо этиш учун кичик грант олди. Боққа кузда асос солинди ва биринчи ҳосил 4 йилдан сўнг йиғиб олинади. Каштан боғлари тўлиқ мевага кириши учун 10-12 йил керак бўлади», дейди Купрадзе.

Сентябрь ойида Грузия 32 тонна пўстлоқли каштан ва 15 тонна тозаланган каштан экспорт қилди. Асосий харидор Россия бўлди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг сентябрь ойидаги пўстлоқли каштан учун 62% ва тозаланган каштан учун 50% ортда қолмоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистондан гилоснинг синов партияси Хитойга авиатранспорт орқали етказилади

EastFruit

Иордания Ўзбекистон анорлари учун ўз бозорларини очди

EastFruit

Микрокўкатлар микробизнеси: Грузия ва Арманистондаги оилавий бизнесдан қўшимча даромад олиш имконияти

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин