Бош саҳифаЯнгиликларЕвропалик боғбонлар экинларни совуқдан ҳимояловчи шамол машиналари учун навбат кутишмоқда
ДолзарбТехнологияларЯнгиликлар

Европалик боғбонлар экинларни совуқдан ҳимояловчи шамол машиналари учун навбат кутишмоқда

EastFruit мутахассислари доимий равишда Украина, Молдова, Грузия, ҳатто Ўзбекистон ва Тожикистонда табиий офатлар туфайли боғдорчиликда ортиб бораётган йўқотишларга эътибор қаратишади, табиийки, уларнинг энг ҳалокатлиси баҳорги аёзлардир.

Биргина Украинанинг ўзида “АПК-Информ: Сабзавотлар ва мевалар” таҳлилий лойиҳасига кўра, боғдорчиликдаги совуқ туфайли ўртача йиллик йўқотишлар 1,7-2,0 миллиард гривнага (64-80 миллион доллар) етади. Бу рақамларни яқинда қишлоқ хўжалиги экинларини совуқдан ҳимоялаш тизимлари компанияси – FROSTLEE вакили Денис Москалев эълон қилди. Минтақадаги бошқа мамлакатларнинг йўқотишлари бу ердаги зарар билан тенг ёки ундан ҳам каттароқ бўлиши мумкин. Хусусан, Ўзбекистоннинг жорий йилги аёзлардан кўрган йўқотишлари мазкур кўрсаткичдан ошиб кетган бўлиши ҳам мумкин.

Ваҳоланки, бу пул мева етиштириш ва уни қайта ишлаш самарадорлигини оширишга сарфланиши мумкин эди!

Шамол машиналари ёрдамида боғ, узумзор ёки резаворзорларни совуқдан ҳимоялаш самарали, кўп қиррали ва арзон усул бўлгани сабаб, EastFruit жамоаси минтақамиз боғларида бундай машиналарни ўрнатиш қанчалик ҳақиқатга мос келишини ўрганишга қарор қилди. Аёздан ҳимоялашнинг барча усуллари, уларнинг афзалликлари ва камчиликлари билан боғлиқ батафсил таҳлилни бу ерда ўқишингиз мумкин. Айтганча, биз ушбу муаммога биринчи навбатда эътибор қаратганимизнинг ўзига яраша сабаби бор, у ҳам бўлса, кўплаб ўқувчиларимиз ҳар йили катта йўқотишларга олиб келадиган совуқ муаммосини ҳал қилишнинг самарали усули ҳақида маълумот беришимизни сўрашди.

Европа бозорига шамол машиналарини етказиб берувчи барча таниқли компанияларга сўровлар юборар эканмиз, шамол машинасини сотиб олиш у қадар осон эмаслигини тушуниб етдик. Ушбу ҳимоя тизимлари узоқ вақтдан буён асосан, АҚШ, Канада ва Янги Зеландияда муваффақиятли қўлланмоқда, Европада эса нисбатан яқинда қўллана бошланди. Сўнгги йилларда шамол машиналарига қизиқиш кескин ўсган ва бозорда бундай ускуналарнинг етказиб берувчилари кам эди. Дарвоқе, уларнинг аксарияти Америка Қўшма Штатлари, Янги Зеландия ва Туркиядан Европага шамол машиналарини сотадиган компаниялардир.

Шунинг учун, европалик боғбонлар ҳозир том маънода шамол машиналари учун навбатда туришибди. Ва олдиндан буюртма бериш ҳамда тўловдан кейин ўртача кутиш вақти бир йилдан ошмоқда. Бундан ташқари, бутун жаҳон бўйлаб хомашё, транспорт нархлари қимматлагани, шунингдек, талабнинг таклифдан ошиб кетиши ҳисобга олинса, шамол машиналари нархи мунтазам ўсиб бормоқда. Бундан ташқари, ушбу машиналар ишлаб чиқарилган Қўшма Штатлар, Янги Зеландия ва Туркияда совуқдан ҳимоялаш тизимига талаб ортиб боряпти. Шунинг учун ҳар доим ҳам маҳсулотларни сезиларли ҳажмда экспорт қилиш мумкин эмас. Заводларда ишлаб чиқарилган ҳар бир шамол машинаси аллақачон сотиб олинганлиги ҳақида эса гапириб ўтиришга ҳожат ҳам йўқ. Ишлаб чиқарувчилардан бири 2021 йилда биргина Францияга 200 дан ортиқ шамол машиналарини сотганини таъкидлади!

Бироқ, Украина, Молдова, Ўзбекистон, Грузия ва бошқа мамлакатлардаги боғбонлар учун бозорларда ушбу компаниялардан вакилларни топиш мушкул ва бу минтақадаги вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Зеро, шамол машинасини ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш муайян малака талаб қилади. Дистрибьюторларда яқин вақтгача ушбу технологияларга қизиқиш умуман бўлмаган жойларга етказиб бериш билан шуғулланиш учун вақт йўқ.

Шунга қарамай, бизнинг бозорда ҳам шамол машиналарини ишлаб чиқарувчи компаниялар вакиллари пайдо бўла бошлаганини қайд этмоқчимиз. Бу шуни англатадики, келгуси йилларда бизнинг мамлакатларда боғдорчиликдаги об-ҳаво хавфини камайтириш учун инвестициялар кутиш мумкин. Фақат бу хусусда ҳозир ўйлаш керак.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин