Бош саҳифаЯнгиликларЭрон ҳосил камайгани ҳақидаги миш-мишлар фонида олма экспортини оширишда давом этмоқда
Долзарб Махсус Янгиликлар

Эрон ҳосил камайгани ҳақидаги миш-мишлар фонида олма экспортини оширишда давом этмоқда

EastFruitнинг минтақадаги савдо манбаларидан олган маълумотларига кўра, Эронда бу йил олма ҳосили ўтган йилга нисбатан анча паст бўлди. Эронда олма етиштириш ҳажми бўйича ишончли статистик маълумотларга эга бўлмасак-да, улгуржи савдо вакилларининг таъкидлашича, бу йил Эрон олмасининг нархи ўтган йилга нисбатан анча (30-40 фоиз) юқори ва 1 кг учун 0,35 долларга етган (FCА). Эронлик етказиб берувчилар нархлар ошишини олма ҳосили кам йиғилгани билан изоҳлашмоқда. Ва бу Украина ҳамда Молдовадан олма экспорт қилувчилар учун яхши янгиликдир. Эроннинг глобал ва минтақавий олма бозорларига катта таъсирини ҳисобга олган ҳолда биз бу хусусда #freshapplecrisis мақоласида батафсил ёзган эдик.

Бироқ, олма ҳосилининг камайиши ҳақидаги миш-мишлар фонида Эрон янги мавсумда ўз экспортини жуда тез оширишда давом этди. Бу эса паст ҳосил ҳақидаги маълумотларга «мос» эмас. 2021 йилнинг август-октябрь ойларида мамлакатдан 134 минг тонна сархил олма экспорт қилинди. Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан роппа-роса икки баравар кўпдир. Шунга кўра, олма етиштиришнинг камайиши ҳақидаги маълумот ҳозирча савдо ҳажми ҳақидаги маълумотлар билан тасдиқланмади. Аммо Эронда олма етиштиришнинг камайгани ҳали ҳам мутахассислар учун мумкиндек кўринади.

“Бу йил Эронда олма ҳосили камайиши мумкин эди, чунки, мазкур мамлакатдаги кўплаб ишлаб чиқарувчиларнинг технологик даражаси ҳозирча юқори эмас. Бу шуни англатадики, мева бериш даврийлиги, айниқса, 2020 йилнинг рекорд даражадаги ҳосилидан кейин бўлиши мумкин. 2021/22 йилги мавсумнинг дастлабки ойларида экспорт ҳажми ўсишини ўтган йили Эрон нархлар ошишига умид қилиб, мавсумнинг иккинчи ярмида одатдагидан кўпроқ олма сотгани билан изоҳлаш мумкин. Бироқ, мавсум охирида нархлар олма йиғим-терим давридагидан ҳам пастроқ бўлиб чиқди. Бу йил, эҳтимол, эронлик олма экспортёрлари ўтган йилги хатолардан қочишни хоҳлашар. Иккинчи сабаб, Ҳиндистондан Эрон олмасига талаб кескин ортиши туфайли ўтган мавсум охирида Эрон асосий етказиб берувчига айланди. Янги мавсумда Ҳиндистонга етказиб бериш тез суръатлар билан ўсишда давом этмоқда. Учинчи сабаб, АҚШда олма етиштиришнинг пасайиши кутилаётганидир ва бу Осиёда Эрон олмасига талаб ўсиши учун янада катта истиқболни англатади. Тўртинчи сабаб, Яқин Шарқ, биринчи навбатда, Ироқ ва БААда Эрон олмасига талаб ортиб бормоқда, янги мавсумнинг дастлабки уч ойида Эрондан 105 минг тоннадан ортиқ сархил олма етказиб берилган. Бошқа томондан, олма нархига бу йил жуда юқорилигича қолаётган логистика тузилиши таъсир қилади»,  дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Андрий Ярмак ва мева бозорининг бошқа етакчи экспертлари 2021 йилнинг 3 декабрь куни Киев шаҳрида бўлиб ўтадиган “Украина мева-сабзавотлари – 2021” деб номланган 17-халқаро конференцияда жаҳон олма бозори истиқболларининг батафсил таҳлилини тақдим этишади (рўйхатдан ўтиш ушбу ҳаволада).

Шуниси қизиқки, Туркманистон кутилмаганда янги мавсумнинг дастлабки ойларида Эрон олмасининг энг йирик импортёрлари қаторига кирди ва Эрондан 10 минг тоннадан ортиқ олма сотиб олди. Бироқ, Эронда етиштирилган 92 минг тоннага яқин олма етказиб берилган Ироқ бошқа мамлакатлардан катта фарқ билан етакчилик қилди. Аммо янги мавсумда Эрондан Россияга олма етказиб бериш ҳақиқатан ҳам қисқарди ва бирданига деярли уч баравар камайиб, атиги 3,4 минг тоннага етди.

Фақат 2020/21 йилги мавсумда Эрон 963 минг тонна олма экспорт қилди, бу сархил олма экспорти бўйича жаҳон етакчиси Хитой билан деярли бир хил кўрсаткич. Шундай қилиб, Эрон бир мавсумда 1 миллион тоннадан ортиқ олма экспорт қилишга муваффақ бўлган тарихдаги деярли тўртинчи давлатга айланди. Илгари фақат Хитой, Польша ва Италия буни амалга оширишга қодир эди. Агар бу йил Эронда олма ҳосилининг камайиши ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмаса ва экспорт ҳажми юқорилигича қолса, ушбу мамлакат янги мавсумдаёқ, олма экспорти бўйича жаҳонда етакчи бўлиб, 1 миллион тонна сархил олма етиштириш бўйича энг юқори поғонани эгаллаши мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистондан гилоснинг синов партияси Хитойга авиатранспорт орқали етказилади

EastFruit

Бразилияда Purple Gala навли тўқ қирмизиранг олма тақдим этилди

EastFruit

Эронда 3000 гектардан зиёд иссиқхоналар барпо этиш ва уларни модернизациялаш режалаштирилмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин