Чили миллий қишлоқ хўжалиги жамияти (SNА) президенти Кристиан Альендес Мариннинг айтишича, мамлакатда ёғингарчилик бўлмаганлиги мева етиштиришга салбий таъсир кўрсатмоқда. Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, қурғоқчилик туфайли 2021-2022 йилги мавсумда Чили мевалари экспорти маблағ кўринишида 8%га қисқаради.
«Ёмғир миқдори бўйича 2021 йил 2019 йилги қурғоқчиликка ўхшаш бўлди. Ўша пайтда экспорт маблағ кўринишида 13% га камайган эди. Суғориш учун сув етишмовчилиги мамлакатнинг марказий ва шимолий ҳудудларида, айниқса, кўпроқ сезилди, у ерлардаги бир нечта сув омборлари 2019 йилдан буён авария ҳолатида”, дейди Кристиан Альендес Марин.
Шунингдек ўқинг: Чили 2021 йилнинг дастлабки 7 ойида мевалар ва ёнғоқ экспортини бироз оширди
Бироқ, унинг фикрича, Чили қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ва ишлаб чиқарувчилар 2019 йилга нисбатан бу йил яхшироқ тайёргарлик кўришган, шу боис, қурғоқчилик мева секторига камроқ таъсир кўрсатади.
SNA прогнозларига кўра, қурғоқчилик бўлмаган йилда мева экспорти 7,1 миллиард доллардан ошиши мумкин эди, лекин қурғоқчилик туфайли етказиб бериш 8 фоизга – 6,5 миллиард долларгача камаяди. Бундан ташқари, вино, буғдой, маккажўхори етиштириш даражаси пасаяди, лекин янги боғлар мева бериш даврига кириши туфайли гилос ва фундук ҳосили ҳажми ортади. Бу эса ўз навбатида, ушбу маҳсулотларнинг экспорти ошишига олиб келади. Мазкур прогнозлар ҳақида FruitNews Freshfruitportal материалларига асосланиб хабар бермоқда.
Агар қурғоқчилик давом этса, Атакама, О’Хиггинс ва Маул минтақаларидаги ишлаб чиқарувчилар жуда оғир аҳволда қолишади.
«Август ойида ёмғирлар тупроқни сувга тўйинтириб, мавсум бошида суғориш учун захираларни йиғишга ёрдам берган бўлса-да, бу бутун ёз учун етарли эмас. Чили аҳолисини ҳам, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларини ҳам сув билан таъминлаш учун барча кучларни ишга солиш зарур”, дея қўшимча қилди Кристиан Альендес Марин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!