Бош саҳифаЯнгиликларАфғонистон картошкаси: қурғоқчилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги фонида экспорт ҳажми ўсди, нархлар эса арзон
Долзарб Махсус Янгиликлар

Афғонистон картошкаси: қурғоқчилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги фонида экспорт ҳажми ўсди, нархлар эса арзон

EastFruit экспертлари Афғонистон мева-сабзавот бозоридаги вазиятни диққат билан кузатиб боришмоқда. Аммо, ушбу мамлакатдан ишончли маълумот манбалари йўқлигини ҳисобга олсак, бу осон эмас.  Афғонистондаги вазият Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва озроқ даражада Қозоғистон бозорларига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Биз айнан шу таъсир призмаси орқали ушбу бозордаги вазиятни кузатиб борамиз. Айни дамда Афғонистонда озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал тўпламини таъминлашда ҳам, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш истиқболлари борасида ҳам вазият кескин.

Шу ҳафта Марказий Осиё ва Шарқий Европа картошка бозоридаги ҳолат ҳақида, хусусан, Афғонистондан Ўзбекистонга картошка экспорти кескин ошгани хусусида материал эълон қилган эдик. Бу Афғонистондаги вазият сабаб, кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Шу боис, Афғонистонда Толибон ҳокимиятга келганидан сўнг картошка экспорти оширилаётгани сабабини аниқлашга ҳаракат қилдик.

Афсуски, бизнинг хулосаларимиз ижобий бўлмади. Афғонистондан картошка экспортининг ўсиши мамлакатда ушбу сабзавотни етиштириш ҳажмининг камайиши фонида рўй бермоқда. 2021 йилда Афғонистоннинг картошка етиштириладиган кўплаб ҳудудлари сўнгги ўн йилликлардаги энг ёмон қурғоқчиликка дуч келди. Ҳатто автоном суғориш тизимларини ўрнатган фермерлар ҳам сув танқислигини бошдан кечиришди. Хабарларга кўра, бу ҳудудларда ерости сувлари даражаси кескин пасайган. Шунга кўра, афғон картошкаси ҳосили ҳам камайди.

Картошка нархи кўтарилиши керак эди ва сезиларли экспорт ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Бироқ иккинчи, қурғоқчиликдан ҳам жиддийроқ муаммо – Толибон  ҳокимиятни қўлга киритганидан кейинги иқтисодий вазият эди. Мамлакат молия тизими фалажланди, бюджет даромадларининг асосий бўлмаса-да, салмоқли қисмини таъминловчи халқаро ёрдам бутунлай тўхтади. Шу сабабли, яъни, пул йўқлиги боис, маҳаллий аҳоли ҳамма нарсани, жумладан, озиқ-овқат ва картошка сотиб олишни ҳам кескин қисқартирди. Шунинг учун Афғонистонда картошкага бўлган ички талаб камайиши уни етиштиришнинг қисқаришидан кўра сезиларлироқ бўлди.

Мамлакат картошка етиштирувчилари тўлиқ инқирозга йўл қўймаслик учун картошкани чет элда сотиш имкониятларини излашга мажбур бўлишмоқда. Ўзбекистон ва бошқа кўплаб мамлакатларда картошка нархи жуда юқори бўлгани учун маҳсулот фаол экспорт қилина бошланди.

Албатта, бу Афғонистон халқи учун ёмон хабар. Зеро, мамлакатда картошка захиралари камайиб бормоқда ва қиш фаслида ички бозорда ушбу сабзавотнинг тақчиллиги юзага келиши мумкин. Ва Афғонистон аҳолисини 2021-2022 йилларнинг қиш ойларида очликдан қутқариш учун халқаро ҳамжамият картошка ҳамда бошқа маҳсулотларни қатор мамлакатлардан сотиб олишга мажбур бўлиши эҳтимоли бор. Маълумки, ушбу маҳсулотлар Афғонистонга озиқ-овқат ёрдами шаклида етказиб берилади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Украинада заъфарон экини парвариши бўйича бирор услубнинг ўзи йўқ, аммо уни етиштириш тобора ривожланмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда бир ҳафта ичида қовун нархи бир ярим баробар ошди

EastFruit

Сирдарё вилоятида анорнинг энг яхши Озарбайжон навлари етиштирилади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин