Бош саҳифаЯнгиликлар2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда картошка етиштириш ҳажми 2,2 фоизга ошди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда картошка етиштириш ҳажми 2,2 фоизга ошди

2021 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистонда 2,5 миллион тоннага яқин картошка етиштирилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпдир, дея хабар беришмоқда EastFruit таҳлилчилари.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда картошка етиштириш ҳажми 2 485,6 минг тоннани ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53,5 минг тоннага ёки 2,2 фоизга кўпдир.

Ўзбекистон демографияси ва мамлакатнинг аҳоли жон бошига картошка истеъмоли ўсиши ҳақидаги мақолада EastFruit таҳлилчилар қайд этганидек, нархлар барқарорлигини таъминлаш учун ички бозорда картошка етказиб бериш ҳажми (картошка етиштириш+импорт)нинг йиллик ўсиши 5,5-6,5 фоизни ташкил этиши лозим. Маҳсулот етиштириш ҳажми етарли даражада ўсмаганлигини компенсациялаш ва ушбу маҳсулот нархи ошишини чеклаш мақсадида сўнгги йилларда Ўзбекистон картошка импортини фаоллаштирмоқда (2020 йилда – 421 минг тонна, 2021 йилнинг январь-июлида эса – 310 минг тонна).

2021 йилнинг январь ойи бошидан сентябрь ойи охиригача жорий йилги картошка ҳосилининг ўртача улгуржи нархлари динамикаси, умуман олганда, ўтган йилгига ўхшаш бўлди ва нархлар тахминан 2020 йилги даражада қолди. Бироқ, Ўзбекистон картошка импорт қиладиган асосий етказиб берувчи мамлакатлардан бири –  Россиянинг картошка бозоридаги ажиотаж туфайли 2021 йил, сентябрь ойи охирида Ўзбекистонда ҳам ушбу сабзавот домино эффектида қимматлаша бошлади. Уч ҳафта ўтгач, мазкур маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи атиги бир ҳафтада 43% га ошди.

Ўзбекистон ички бозорида картошка нархи янада ўсишини чекловчи омил сифатида 2021 йилнинг 21 октябрь куни мамлакат парламентининг юқори палатаси Солиқ кодексига бир қатор маҳсулотлар, жумладан, картошка учун ҳам ҚҚСни нолга тенглаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2021 йилнинг 10 октябридан 31 декабрига қадар юқорида кўрсатилган товарларни олиб кириш ва сотиш ҚҚСдан озод қилинади.

2021 йилнинг 5 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда картошканинг ўртача улгуржи нархлари 5 000 сўм/кг (0,47 доллар)ни ташкил этди, бу 2020 йилнинг худди шу санасига нисбатан 47 фоиз, 2019 йилнинг шу санасига нисбатан 2,4 баравар юқори кўрсаткичдир.

2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида картошка етиштириш умумий ҳажмининг 84,2 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари, 15,1 фоизи фермер хўжаликлари ва 0,7 фоизи қишлоқ хўжалиги корхоналари улушига тўғри келади.

Картошка етиштириш умумий ҳажмининг қарийб 81 фоизи республиканинг етти вилояти  – Самарқанд (20,7%), Сурхондарё (11,6%), Тошкент (11,2%), Фарғона (9,9%), Наманган (9,7%), Андижон (9,3%) ва Бухоро (8,5%) вилоятлари умумий улушига тўғри келади. Республиканинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи қолган олти ҳудудининг умумий улуши эса 19 фоизни ташкил этди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин