Бош саҳифаДолзарб2021 йилнинг июнь ойи якуни: тарвуз ва пиёз – Ўзбекистоннинг асосий экспорт позицияси
Долзарб Махсус Янгиликлар

2021 йилнинг июнь ойи якуни: тарвуз ва пиёз – Ўзбекистоннинг асосий экспорт позицияси

EastFruit таҳлилчилари бу йилги июннинг учинчи ўн кунлигида Ўзбекистондан тарвуз экспорти жадаллашганини қайд этишмоқда. Зеро, сўнгги бир неча кун ичида ушбу жадаллик транспортга бўлган талаб ниҳоятда кучайишига сабаб бўлди. Aйни пайтда тарвуз мева-сабзавот маҳсулотларини Ўзбекистондан ташқи бозорларга жўнатиш учун ташиш бўйича сўровлар рейтингида мутлақо етакчи ҳисобланади. Ушбу рейтингда иккинчи ўринни пиёз эгаллаб турибди.

Ўзбекистон гилосининг экспорт мавсуми тугаган, деб ҳисобласа бўлади. Бу йилги ҳосил жуда ҳам кам бўлгани учун ўрик мавсуми бошланмай туриб, ниҳоясига етди. Шафтоли экспорти эса ҳали старт олмади, ҳозирча унинг нархи Россиянинг асосий экспорт бозорида рақобатбардош эмас. Хўш, шундай экан, ҳозир Ўзбекистондан ташқи экспорт бозорларига қай бир  маҳсулот, қайси йўналишда жўнатилмоқда?

Логистика хизматлари бозори иштирокчиларининг маълумот ва фикрларига асослансак, бу саволга жавоб жуда оддий: мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорга жўнатиш учун транспорт воситаларига умумий сўровларнинг 80-90 фоизи икки маҳсулот – тарвуз ва пиёз экспортига дахлдор. Шу билан бирга, EastFruit мутахассисларининг фикрича, сўровларнинг қарийб 70 фоизи тарвуз жўнатиш учун, тахминан 15 фоизи эса пиёз жўнатиш учундир.

Тарвуз Россия ва Қозоғистонга жўнатилмоқда. Аммо ушбу маҳсулотнинг асосий қисми Россия шаҳарларига ва бунинг географияси жуда кенг бўлиб, мамлакатнинг марказий қисмидан бошлаб шимолий ва шарқий қисмигача тарвуз етказиб берилмоқда. 2020 йилда Ўзбекистондан тарвуз экспорти ҳажми рекорд кўрсаткичга етди ва 49,4 минг тоннани ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 7,5 баравар ошди. Ушбу ҳажмнинг тахминан 90 фоизи август-сентябрь ойларида, атиги 6-7 фоизи июнь ва июль ойларида жўнатилган. Шу кунларда тарвузни ташқи бозорга жўнатишда экспортёрларнинг юқори фаоллигини ҳисобга олсак, ушбу маҳсулот экспорти ҳажми бўйича 2020 йилдаги рекорд кўрсаткич янгиланиши мумкин. Aммо тарвуз экспорти мавсуми энди фаол босқичга кирди ва бу йилги экспорт ҳажмини баҳолашга ҳали эрта.

Шунингдек ўқинг: Марказий Осиёда қуруқ мевалар сархил мева бозорига йўл бермоқда

Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини жўнатиш учун транспортга бўлган талаблар рейтингида иккинчи ўринни пиёз эгаллаб турибди. Ушбу маҳсулот Россия ва Қозоғистонга жўнатилмоқда. 2021 йилнинг май ойи билан таққослаганда, Ўзбекистонда эртаги пиёзнинг улгуржи нархи тахминан 30 фоизга камайди ва Россия бозоридаги эртаги пиёз нархи нисбатан юқори бўлиб, бу Ўзбекистон пиёзини Россияга экспорт қилишга ҳалигача имконият қолдирмоқда. Бироқ, Россия бозорида эртаги пиёз ҳафтадан-ҳафтага арзонлашяпти ва нархларда барқарор пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. Шунингдек, эртаги пиёзни Ўзбекистондан Россияга жўнатишнинг «анъанавий» даври ҳам якунланмоқда. Ушбу омилларга асосланиб, EastFruit таҳлилчилари келгуси ҳафталарда пиёз экспорти босқичма-босқич пасайишини тахмин қилишяпти.

Мева-сабзавотларни Ўзбекистондан ташқи бозорга жўнатиш учун транспорт сўровларининг қолган қисми қовун ва помидор экспортига тааллуқли, шунингдек, ўрик, гилос, шафтоли жўнатиш бўйича ҳам жуда кам сонли сўровлар мавжуд.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Россия иссиқхоналарида сабзавот етиштириш деярли 8,5 фоизга ўсди

EastFruit

Марказий Осиё: картошка, пиёз ва сабзининг энг паст ҳамда энг юқори нархлари қаерда?

EastFruit

Перулик голубика етиштирувчилар экспортни кўпайтириб, янги бозорлар кашф этишмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин