Бош саҳифаЯнгиликлар2021 йилда Ўзбекистон рекорд миқдорда банан импорт қилди
Долзарб Махсус Янгиликлар

2021 йилда Ўзбекистон рекорд миқдорда банан импорт қилди

2021 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 баробар кўп миқдорда банан импорт қилди. Бундан ташқари, мазкур даврда ушбу маҳсулот импорти ҳажми бутун 2020 йилги импорт ҳажмидан 60 фоизга ва бутун 2019 йилга нисбатан 37 фоизга кўпдир, дея қайд этишмоқда EastFruit таҳлилчилари.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистонга 58,6 минг тонна банан импорт қилинган. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2020 йилнинг шу даврида импорт ҳажми 25,5 минг тоннани ва бутун 2020 йилда эса 36,7 минг тоннани ташкил қилган.

Ўзбекистонга бананнинг асосий етказиб берувчиси ўтган йиллардагидек Эквадор бўлиб, 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида импортнинг 98,6 фоизи ушбу давлат ҳиссасига тўғри келади.

2020 йилгача, яъни пандемияга қадар Ўзбекистонда банан истеъмоли жуда тез ўсди, сўнг ўсиш тенденцияси тўхтади ва 2020 йили банан импорти ҳажми 2019 йилга нисбатан 14 фоизга камайди. Бунинг ортида турган омиллардан бири Covid-19 вируси Хитойдан келтирилган банан орқали юқиши ҳақидаги асоссиз миш-мишлар эди. Ушбу миш-мишлар маънисиз эканига қарамай, ушбу маҳсулотнинг Ўзбекистондаги истеъмолига салбий таъсир кўрсатди.

2021 йилда Ўзбекистонда банан истеъмолининг ўсиш тенденциясини давом этиши ва айни тахлит кескин ўсиш нима билан изоҳланади?

Биринчидан, миш-мишларнинг таъсири (коронавирус пандемияси бошланганда бананлар  ҳақидаги асоссиз миш-мишлар), эҳтимол, 2021 йилга йўққа чиққан кўринади. Иккинчидан, 2021 йилда кузатилган об-ҳаво аномалиялари туфайли кўп турдаги данакли мевалар ва умуман, мева-сабзавотларнинг  нархлари нисбатан юқори бўлди. Ўрик, гилос (камида мавсумнинг биринчи ярмидаги), олманинг эртаги ва ўртапишар навлари ҳамда нок (бутун мавсум давомидаги) билан солиштирилса, 2021 йилда банан нисбатан арзон мева бўлди. Учинчи сабаб – мамлакатдаги банан савдосига жуда муҳим таъсир кўрсатувчи супермаркетлар тармоғининг кенгайишидир. Супермаркетлар учун банан жуда қулай маҳсулотдир, чунки, уни бутун йил давомида тўғридан-тўғри импорт қилиш ва ҳажми юқори бўлганлиги сабабли бозорлардаги сотувчилардан кўра арзонроқ сотувга қўйиш мумкин. Шундай экан, банан Ўзбекистон супермаркетларида энг кўп сотиладиган мева ҳисобланади. Шунга кўра, мамлакатда супермаркетлар тармоғи дўконлари сони ортган сари банан истеъмоли ҳам ортади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукуматининг 2021 йил 7 октябрдан бошлаб, бир қатор меваларга нисбатан, жумладан, банан импортида ҳам божхона божидан озод этилиши тўғрисидаги қарорини инобатга олсак, 2021 йилнинг умумий йиллик импорт ҳажми (ноябрь ва декабрь ойи маълумотлари қўшилган ҳолда) янада йирик бўлиши мумкин. EastFruit ёзганидек, божхона божларининг нолга туширилиши банан ва цитрус меваларнинг улгуржи нархлари сезиларли даражада пасайишига олиб келди. Хусусан, 2021 йилнинг 5-19 ноябрь кунлари бананнинг ўртача улгуржи нархлари 16 фоизга пасайди ва ҳозирги улгуржи нархлар 2021 йил январь ойида қайд этилган энг паст даражага етди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда бир ҳафта ичида қовун нархи бир ярим баробар ошди

EastFruit

Сирдарё вилоятида анорнинг энг яхши Озарбайжон навлари етиштирилади

EastFruit

Украинада бодринг нархи рекордларни янгиламоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин