Бош саҳифаЯнгиликларҚозоғистон 2021 йилда сўнгги йиллардаги рекорд кўрсаткич даражасида картошка импорт қилмоқда – EastFruit
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Қозоғистон 2021 йилда сўнгги йиллардаги рекорд кўрсаткич даражасида картошка импорт қилмоқда – EastFruit

EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, 2021 йилнинг саккиз ойида Қозоғистон картошка экспорти ҳажмини икки баробар камайтирди ва бир вақтнинг ўзида импортни 2,6 баробарга оширди. Шу билан бирга, картошка экспорти ва импорти географияси ҳам анча ўзгарди.

“2021 йил – Шарқий Европа ва Марказий Осиё картошка бозори учун жуда ноодатий кечмоқда. Йил минтақанинг кўплаб мамлакатларида (Россия Федерациясидан ташқари) нархларнинг нисбатан паст даражасидан бошланди. Чунки, Европадаги локдаунлар туфайли картошка миқдори ошиб кетди ва унга картошка-фри ишлаб чиқарувчилар талабгор бўлмади. Бу картошкани Европа Иттифоқи мамлакатлари, айниқса, Голландия, Бельгия ва Германия жуда арзон нархларда экспорт қилган. Картошканинг вегетация давридаги об-ҳаво шароити Россия ва Беларусь каби йирик ишлаб чиқарувчи мамлакатларда ҳам ноқулай кечди. Шундай қилиб, бу ерда картошка нархи йиғим-терим пайтидаёқ рекорд даражага кўтарилди ва сабзавотнинг оммавий импорти бошланди”, дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

“2020 йилда Қозоғистон Россиядан кечки картошкани, Ўзбекистондан эса эртагисини импорт қилди. Қозоғистон картошкаси асосан, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистонга экспорт қилинади. Бироқ, жорий йилда Россияда картошка жуда қиммат бўлди – нархлар деярли мунтазам равишда 2019-2020 йиллар даражасидан икки баравар ошди. Шу сабабли, қозоғистонлик импортёрлар Россия картошкасига муқобил вариантларни излашга мажбур бўлишди. Мамлакат ички бозоридаги нархлар эса нисбатан юқорилигича қолиб, экспортга салбий таъсир кўрсатди”, дейди эксперт.

Натижада, 2021 йилда Қозоғистонга картошканинг асосий ҳажми Покистон ва Эрондан келтирилди. Ҳатто Афғонистон ва Қирғизистон ҳам Қозоғистонга нисбатан катта миқдорда картошка экспорт қилди – мос равишда 1,3 ва 0,8 минг тонна. Илк бор ҳатто Грузия Қозоғистонга картошка юборувчи йирик экспортёрлар орасида пайдо бўлиб, 200 тонна картошка етказиб берди.

Юқоридаги графикдан кўриниб турибдики, Россия Федерациясида картошка нархининг ҳолати йиғим-теримдан кейин ҳам яхшиланмади. Бундан ташқари, 2019-2020 йиллардаги нархлар фарқи ўсишда давом этмоқда. Шунга кўра, Қозоғистон 2021/22 йилги мавсумда ҳам Россиядан картошка етказиб берилишига умид қила олмайди.

Бундан ташқари, мамлакатнинг шимолий вилоятларидан олинадиган картошка ҳосилининг бир қисми Россия бозорига экспорт қилинади. Бу эса қишда картошка нархи яна ўсишига олиб келиши мумкин. Қозоғистондан Россия Федерациясига фаол равишда картошка юборилаётгани ҳақида ҳозирданоқ хабарлар бор.

Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари ва Марказий Осиё мамлакатлари эртаги картошка экиладиган майдонни кўпайтиришига умид қилишдан ўзга чора йўқ, ҳозирча. Зеро, бу баҳорда нархни ушлаб туришга ёрдам беради. Айни пайтда минтақада картошка нархи ўтган йилгидан юқорилигича қолмоқда ва тез ўсишда давом этяпти.

2021 йил охирига қадар Ўзбекистоннинг картошка импорти бўйича рекордни янгилаши кутилмоқда. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, Қозоғистон ҳам сўнгги олти йил ичида рекорд миқдорда картошка импорт қилмоқда. Шу маънода картошка экспорти антирекорд даражага яқин бўлади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Қозоғистонда чигирткаларга қарши кураш кучайтирилди

EastFruit

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин