Бош саҳифаЯнгиликларПокистон 2022 йилнинг январь ойида Ўзбекистонга картошка етказиб берувчи энг йирик экспортёр-мамлакатга айланди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Покистон 2022 йилнинг январь ойида Ўзбекистонга картошка етказиб берувчи энг йирик экспортёр-мамлакатга айланди

2022 йилнинг январь ойида Ўзбекистон 41 минг тонна картошка импорт қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 953 тонна ёки 2,3 фоизга кам кўрсаткичдир. Бироқ, ушбу маҳсулот импорти ҳажми 2019-2020 йилларнинг январь ойига нисбатан юқорилигича қолмоқда – 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 68 фоиз ва 2019 йилнинг январь ойига нисбатан 85 фоиз кўпдир, дея хабар бермоқда EastFruit таҳлилчилари.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь ойида Покистон энг йирик картошка етказиб берувчига айланди, унинг умумий импортдаги улуши 51 фоиз (21,1 минг тонна)ни ташкил этди. Покистондан кейин асосий етказиб берувчи давлатлар рўйхатидан Қозоғистон – 21% (8,5 минг тонна), Эрон – 10% (4,1 минг тонна), Қирғизистон – 7% (3 минг тонна) ва Афғонистон – 7%, (3 минг тонна) жой олган.

EastFruit таҳлилчилари  2022 йилнинг январь ойидаги Ўзбекистон картошка импорти структурасида ўтган йилнинг шу ойига нисбатан туб ўзгаришлар рўй берганига эътибор қаратишмоқда.

2022 йилнинг январь ойида Қозоғистондан картошка импорти жисмоний жиҳатдан 2021 йилнинг январь ойидаги 31,4 минг тоннага нисбатан 3,7 баробар камайди.  Қозоғистондан ушбу маҳсулот экспортининг бундай кескин камайиб кетишига асосий сабаблардан бири ушбу мамлакат ҳукуматининг картошка экспортини вақтинча таъқиқлаш тўғрисидаги қарори бўлди.  Мазкур таъқиқ 2022 йилнинг 22 январидан амал қилиши керак бўлганига қарамай, январь ойининг ўрталариданоқ, божхона тартиб-таомиллари мураккаблиги ва Қозоғистондан картошка экспорти амалда тўхтаб қолгани сабабли Ўзбекистон билан чегарада картошка ортилган темир йўл вагонлари туриб қола бошлади. Картошка экспортига қўйилган таъқиқ  2022 йилнинг январь ойи охирига борибгина бекор қилинди ва у белгиланган квотага алмаштирилди.

Шу билан бирга, 2022 йилнинг январь ойида Қирғизистондан истеъмол картошкасини етказиб бериш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан учдан бир қисмга – 4,5 минг тоннадан 3 минг тоннагача камайди.

Табиийки, бу омилларнинг бари (Россиядан картошка етказиб бериш деярли амалга оширилмаётгани билан бирга) бошқа етказиб берувчи мамлакатларга 2022 йилнинг январь ойида Ўзбекистонга истеъмол картошкаси экспорти ҳажмини кескин ошириш имконини берди:

– Покистон етказиб бериш ҳажмини 2021 йилнинг январь ойидаги 1,5 минг тоннага нисбатан 14 баробар оширди;

– Эрон 2021 йилнинг январь ойидаги 2,2 минг тоннага нисбатан экспортни деярли икки баробар оширди;

– Афғонистон 3 минг тонна товар картошкасини етказиб берган, ваҳоланки 2021 йилнинг январь ойида мазкур мамлакат бу маҳсулотни Ўзбекистонга экспорт қилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг октябрь ойида ички бозорда картошка нархи ўсишини чеклаш омили сифатида Ўзбекистонга картошка импортида ва уни реализация қилишда жорий этилган солиқ имтиёзлари 2022 йилнинг 30 апрелига қадар узайтирилган эди.

Ўтган ҳафта, яъни 2022 йилнинг 18 февралида EastFruit Ўзбекистоннинг энг жанубий ҳудудида картошка экиладиган майдонлар кўпайгани ҳақида ёзган эди ва бу мамлакатнинг қолган ҳудудларида ҳам картошка экиладиган майдонлар кенгайишини, пировардида, бутун мамлакат бўйлаб картошка экиладиган майдонлар ортишини англатади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин